Жанубий Корея ва АҚШга юборишни ваъда қилганлар қўлга олинди
Наманганлик шахс танишлари орқали “Ўзбекистон – Туркия – Испания – Мексика – АҚШ” йўналишида жўнатиш эвазига 50 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Жанубий Корея ва АҚШга ноқонуний юборишни ваъда қилган “уддабуронлар” ушланди.
Тошкент шаҳрида яшовчи, 1994 ва 1999 йилларда туғилган 2 нафар шахс ўзаро тил бириктириб, фуқароларнинг ишончига киришган.
Улар танишлари кўмагида “G-1” визасини олиб бериш орқали уларни Жанубий Кореяга ишга юборишни, кейинчалик эса ушбу давлат ҳудудида доимий яшаш учун гувоҳнома тайёрлатиб беришни ваъда қилишган.
“Уддабуронлар” ўз хизмат ҳақлари эвазига 55 минг АҚШ доллари талаб қилишиб, олдиндан 25 минг доллар олган вақтларида ДХХнинг Тошкент шаҳар бошқармаси ва ИЖҚКД ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.
Наманган вилояти Косонсой туманида яшовчи, 2001 й.т., муқаддам Жиноят Кодексининг 168-модаси (фирибгарлик) билан судланган фуқаро ўзганинг ишончига кириб, уни ноқонуний йўллар билан Қўшма Штатларга юборишни таклиф қилган.
Хусусан, танишлари орқали “Ўзбекистон – Туркия – Испания – Мексика – АҚШ” йўналишида жўнатиш эвазига 50 минг АҚШ доллари талаб қилган.
ДХХ ва ИЖҚКД ходимлари ҳамкорлигида Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда қонунбузар сўралган пул маблағи ҳисобидан 20 минг АҚШ долларини олган вақтида унинг ноқонуний ҳаракатига чек қўйилди.
Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
