Исроил ва АҚШ дўстлигига дарз кетадими?
Бугун Исроил ўзини "кичик шерик" эмас, балки мустақил куч маркази сифатида кўрсатишга ҳаракат қилмоқда. АҚШ эса илк бор Исроил билан муносабатларни шартсиз аксиома эмас, балки миллий манфаатлар асосида қайта кўриб чиқиладиган иттифоқ сифатида баҳолашга киришди.

Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяҳу мамлакат АҚШнинг молиявий ёрдамидан воз кечиш ниятида эканини маълум қилди. Яқингача бундай баёнот сиёсий фантастикадек туюлар эди. Шу билан бирга, АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнснинг Вашингтон Исроилнинг «энг асосий иттифоқчиси» эканини эслатган баёнотига жавобан, Исроил эндиликда бошқа дўстларга ҳам эга эканини таъкидлади.
Бир қарашда бу молиявий масала каби кўринади. Аммо бунинг ортида анча кенгроқ жараён ётибди. Замонавий халқаро муносабатларда энг мустаҳкам ҳисобланган ҳарбий-сиёсий иттифоқлардан бирининг босқичма-босқич трансформациясига гувоҳ бўлишимиз мумкин. Гап энди Исроил ҳар йили АҚШдан қанча миллиард доллар олишида эмас. Асосий масала — ўнлаб йиллар давомида деярли узилмас деб ҳисобланган икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг мантиғи ўзгармоқда.
Бугун Исроил ўзини «кичик шерик» эмас, балки мустақил куч маркази сифатида кўрсатишга ҳаракат қилмоқда. АҚШ эса илк бор Исроил билан муносабатларни шартсиз аксиома эмас, балки миллий манфаатлар асосида қайта кўриб чиқиладиган иттифоқ сифатида баҳолашга киришмоқда. Шу сабабли ҳозирги жараённи Яқин Шарқ сиёсатида янги давр бошланиши сифатида баҳолаш мумкин.
“Совуқ уруш”дан кейин шаклланган иттифоқ
АҚШ ва Исроил ўртасидаги махсус муносабатлар босқичма-босқич шаклланган. 1948 йилда Исроил ташкил этилгандан сўнг АҚШ ёрдами муҳим бўлган, аммо ҳали устувор эмас эди. Туб бурилиш 1967 йилги Олти кунлик уруш ва айниқса 1973 йилги Октябрь урушидан кейин юз берди. Ўша пайтдан бошлаб Вашингтон Исроилни Яқин Шарқдаги асосий стратегик ҳамкори сифатида танлади.
Шундан кейинги ўн йилликларда АҚШ Исроилга юз миллиардлаб доллар ёрдам кўрсатди. Турли ҳарбий дастурлар, қурол-яроғ етказиб бериш, қўшма ишланмалар ва дипломатик қўллаб-қувватлаш авжига чиқди. Бироқ бу иттифоқ фақат хайрихоҳликка асосланмаган. Исроил АҚШга разведка маълумотлари берди, янги ҳарбий технологияларни синовдан ўтказиш майдони бўлди ва минтақадаги рақибларга қарши стратегик таянч вазифасини бажарди. Ана шу нуқта муҳим – Исроил АҚШнинг Яқин Шарқ минтақасидаги ишончли “қўли” бўлиб келди.
Қолаверса, АҚШдаги кучли яҳудий лоббиси – AIPAC тузилмаси Вашингтонни Исроилга ёрдам бериши ва қўллаб қувватлашга мунтазам “мажбурлаб” келди.
Маълумот учун, AIPAC – 1953 йил 3 январда ташкил этилган бўлиб, 396 нафар ходим (2013 йилда) ва 156 млн доллар (2024) йиллик айланмага эга. (Бу ҳақда батафсил маълумот учун Platina.uz’да эълон қилинган “AIPAC ўргимчаги: лобби халқдан кучли бўлган воқелик” мақоласида ўқинг).
Лекин энди дунё ўзгарди.
Исроил энди «ёрдам олувчи давлат» эмас
Нетаньяҳу АҚШ ёрдамини «ишсизлик нафақаси»га қиёслаганда, бу фақат сиёсий гап эмас, балки реал иқтисодий ҳолатга ишора эди. АҚШнинг мислсиз ва барча соҳғалардаги ёрдами шарофати билан, ҳозирги кунда Исроил жаҳоннинг энг инновацион иқтисодиётларидан бири ҳисобланади. У киберхавфсизлик, сунъий интеллект, биотехнология ва ҳарбий саноат соҳаларида етакчи ўринда. Шунинг учун АҚШдан келадиган йиллик ёрдам мамлакат ЯИМининг жуда кичик қисмини ташкил этади. Аммо бу ерда асосий фарқ бор: пул билан стратегик боғлиқликни алмаштириб бўлмайди.
Экспертларнинг айтишича, инқирознинг асосий сабаби — пул эмас. Ҳақиқий зиддиятлар анча чуқур. АҚШ ва Исроил Яқин Шарқ келажагини турлича кўради.
Исроил учун асосий таҳдид — Эрон. АҚШ эса узоқ урушлардан сўнг янги ҳарбий можаролардан қочишга интилмоқда ва дипломатик келишувларга кўпроқ устуворлик бермоқда.
Айнан шу нуқтада икки иттифоқчининг йўллари айро тушади.
АҚШ ҳам ўзгармоқда
АҚШ ташқи сиёсатида Яқин Шарқдан Индо-Тинч океани минтақасига силжиш кузатилмоқда. Асосий рақиб — Эрон эмас, балки Хитой бўляпти. Шу билан бирга АҚШ жамоатчилигида ташқи ёрдамларни қисқартириш ва ички муаммоларга кўпроқ эътибор қаратиш тенденцияси кучаймоқда. Бу эса Исроил билан муносабатларни «шартсиз қўллаб-қувватлаш» моделидан «манфаатга асосланган ҳамкорлик» моделига ўтказмоқда.
Эрон омили ва стратегиялар тўқнашуви
Агар АҚШ ва Исроил муносабатларидаги совутишнинг асосий сабабини излаш керак бўлса, у шубҳасиз Эрон масаласи бўлади. Айнан Теҳроннинг ядровий дастури, минтақавий таъсири ва у билан қандай муносабатда бўлиш кераклиги ҳақидаги қарама-қаршиликлар бугунги зиддиятларнинг марказида турибди.
Муҳим жиҳат шуки, АҚШ ва Исроил Эронни таҳдид сифатида баҳолашда келишади, аммо унга қарши кураш усулларида кескин фарқ қилади. Исроил учун Эрон — мавжудликка таҳдид. Шунинг учун Тель-Авив сиёсати қуйидаги тамойилга асосланади: Эрон ядровий қуролга эга бўлмаслиги керак, бу ҳар қандай нарх эвазига ҳам.
АҚШ эса сўнгги урушлар тажрибасидан келиб чиқиб, янги катта ҳарбий можаролардан қочишга интилмоқда. Шу сабабли Вашингтон музокаралар, санкциялар ва чекловлар орқали мувозанат сақлашга ҳаракат қилмоқда. Айнан шу қарама-қаршилик икки давлат ўртасидаги ишончни сусайтирмоқда.
Айниқса шу кунлардаги АҚШ-Эрон музокараларида Исроил жараён ғилдирагига пона қоқиб, бир неча марта Трампнинг ғазабига дучор бўлганини ҳам эслатиб ўтиш жоиз.
Нетаньяху ва Трамп: иттифоқдан мураккаб муносабатларга
Биринчидан, Дональд Трамп ва Биньямин Нетаньяху ўртасидаги муносабатлар узоқ вақт давомида жуда яқин бўлган. Трампнинг аввалги президентлик даврида Исроил учун бир қатор муҳим қарорлар қабул қилинган.
Қуддуснинг Исроил пойтахти сифатида тан олиниши, АҚШ элчихонасининг кўчирилиши, Жўлон тепаликлари бўйича Исроил позициясини тан олиш, бир қатор минтақавий келишувлар, жумладан Авраам келишувлари шулар жумласидандир. Таъкидлаш керак, АҚШ Исроилни рози қилиш учун халқаро келишувлар ва халқаро ташкилотларнинг қарорларини ҳам оёқ ости қилди.
Бироқ ҳозирги вазиятда манфаатлар тўлиқ мос келмайди. Трамп учун асосий мақсад — АҚШни янги урушларга киритмаслик ва ресурсларни тежаш. Исроил учун эса асосий вазифа — узоқ муддатли хавфларни йўқ қилиш. Шу сабабли шахсий муносабатлар яхши бўлса ҳам, давлат манфаатлари турлича йўналишда ҳаракат қилмоқда.
Исроилнинг мустақил (қайсарона) ҳаракатлари
Сўнгги йилларда Исроил бир қатор ҳолатларда АҚШ позицияси билан тўлиқ келишмасдан ҳаракат қилгани кузатилмоқда. Жумладан Ливан жанубидаги ҳарбий мавжудлигини сақлаб қолмоқчи, Эронга нисбатан қатъий сиёсат юритмоқда ва Фаластин давлатчилиги масаласида кескин позицияда турибди. Яъни Фаластин давлати тузилишига мутлақо қарши.
Вашингтон эса кўпроқ деэскалация ва дипломатик барқарорликка интилади. Бу эса иттифоқ ичида янги тенгсизлик эмас, балки сиёсий мустақиллик кучайганини кўрсатади.
АҚШ-Исроил иттифоқи бузиладими?
Хўш, АҚШ-Исроил иттифоқи бузиладими? Бу саволга, “йўқ, лекин у ўзгармоқда” дея жавоб бериш тўғри бўлади.
Икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик ҳарбий технологиялар, разведка маълумотлари алмашинуви, киберхавфсизлик, қўшма мудофаа дастурлари каби соҳаларда сақланиб қолади. Бироқ молиявий ёрдамнинг қисқариши ва сиёсий босимнинг ошиши эҳтимолдан холи эмас.
“Исроилнинг бошқа дўстлари”: реал муқобил мавжудми ёки шунчаки дипломатик сигналми?
Нетаньяхунинг “Исроилда АҚШдан ташқари ҳам дўстлар бор” деган баёноти ташқи кўринишда янги геосиёсий йўналишни англатгандек туюлади. Бироқ реал таҳлил шуни кўрсатадики, бу сўзлар кўпроқ стратегик сигнал, яъни Вашингтонга қаратилган дипломатик позициядир. Чунки ҳеч бир давлат ёки давлатлар гуруҳи АҚШнинг Исроил учун бажарадиган барча функцияларини тўлиқ алмаштира олмайди. Ҳарбий кафолат, разведка ҳамкорлиги, технологиялар, дипломатик қўллаб-қувватлаш ва халқаро майдонда сиёсий ҳимоя – шундай муҳим функциялар ҳисобланади.
Лекин тан олиш керак, Исроил сўнгги ўн йилликларда ҳақиқатан ҳам ташқи алоқаларини сезиларли даражада кенгайтирди ва диверсификация қилди.
Ҳиндистон ва янги глобал ҳамкорлик модели
Ҳиндистон бу контекстда энг муҳим ҳамкорлардан биридир. Ҳиндистон билан муносабатлар фақат қурол савдоси билан чекланмайди.
Ҳиндистон Исроил учун - йирик бозор, мудофаа технологиялари харидори, киберхавфсизлик соҳасидаги ҳамкор, ва геосиёсий жиҳатдан Эрон ва Хитой билан мувозанат омилидир. Айниқса Ҳиндистонда ҳозирги бош вазир Нариндра Моди даврида кескин исломофоб сиёсат юритилаётгани Исроилга маъқул келган бўлса ажаб эмас.
Бироқ Ҳиндистон ҳам мувозанат сиёсати олиб боради ва барча томонлар билан алоқаларни сақлашга ҳаракат қилади.
Араб давлатлари билан яқинлашув
“Иброҳим келишувлари” орқали Исроилнинг бир қатор араб давлатлари билан муносабатлари кескин ўзгарди. Бирлашган Араб Амирликлари, Баҳрайн ва Марокаш билан нормаллашув Исроилни минтақавий изоляциядан чиқаришда муҳим қадам бўлди.
Бу ҳамкорликлар асосан технологиялар, инвестициялар, энергетика, савдо соҳаларида ривожланмоқда. Масалан, Исроил яқинда БААда Эрон ҳужумларига қарши “Темир гумбаз” ҳаводан мудофаа тизимлари ўрнатганини тан олди. Бироқ бу давлатлар ҳам Исроилнинг ҳарбий иттифоқчиси эмас, балки прагматик ҳамкорлардир.
Россия, Хитой ва Туркиянинг роли
Янги геосиёсий муҳитда АҚШ таъсирининг нисбатан пасайиши бошқа йирик кучлар учун имконият яратади. Хитой иқтисодий таъсир орқали минтақадаги ўрнини кенгайтирмоқда. Россия эса дипломатик мувозанат сиёсатини олиб бориб, ҳам Исроил, ҳам Эрон, ҳам араб давлатлари билан муносабатларни сақлаб келмоқда. Туркия минтақада мустақил марказ сифатида ўз таъсирини кучайтиришга ҳаракат қилмоқда ва кўп ҳолатларда воситачи ролини ўйнамоқда.
Бироқ бу кучлардан ҳеч бири АҚШнинг ҳарбий ва технологик таъсирининг ўрнини тўла боса олмайди.
Исроил ички сиёсати ва Нетаньяху стратегияси
Нетаньяхунинг баёнотлари фақат ташқи сиёсат эмас, балки ички сиёсий ҳисоб-китоб билан ҳам боғлиқ.
Яқинлашиб келаётган сиёсий цикллар шароитида у ўзини қатъий етакчи, миллий хавфсизлик кафолатчиси ва мустақил қарор қабул қила оладиган лидер сифатида кўрсатишга ҳаракат қилмоқда. Яъни АҚШсиз ҳеч нарса қила олмайдиган давлат ва етакчи мавқесидан воз кечмоқчи, Вашингтон соясида қолиб кетишни истамаяпти.
Шунингдек, АҚШга нисбатан мустақиллик ҳақидаги баёнотлар ички аудиторияда сиёсий қўллаб-қувватловни кучайтиришга хизмат қилади.
Янги Яқин Шарқ: кўп қутбли тизим
Бугунги кунда Яқин Шарқда ягона устувор марказ йўқ. Минтақада бир вақтнинг ўзида бир нечта куч марказлари мавжуд. Исроил, Эрон, Туркия, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари ягона куч марказида атрофида жипслаша олмайди. Бу эса минтақа сиёсатини анча мураккаб ва беқарор қилади. Минтақада АҚШ таъсири сақланиб қолса-да, у аввалгидек мутлақ ва кучли эмас.
Асосий сценарийлар
Хўш, Нетаняҳу ўз режаларини амалга ошириб, АҚШ ёрдамидан воз кечса, нималар ўзгаради?
Эволюцион (энг эҳтимолий) сценарийга кўра, табиийки, АҚШ ёрдами қисман камаяди. Лекин ҳарбий ҳамкорлик сақланади. Шу билан бирга Исроил мустақиллиги ошади, аммо стратегик иттифоққа путур етмайди.
Янгиланган прагматик иттифоқ сценарийсида эса молиявий ёрдам ўрнига технологиялар, сунъий интеллект ва киберхавфсизлик ҳамкорлиги, тенгроқ муносабат модели пайдо бўлиши мумкин.
Инқирозил сценарийда эса АҚШ ва Эрон келишуви, Исроилнинг мустақил ҳарбий ҳаракатлари ва сиёсий кескинлик кузатилиши мумкин. Бироқ шунда ҳам тўлиқ ажралиш эҳтимоли жуда паст.
Хулоса
Бугун АҚШ ва Исроил муносабатлари бузилмаяпти — улар ўзгармоқда. Бу ўзгаришнинг асосий сабаби пул эмас, балки глобал тизимнинг трансформациясидир.
Исроил кучаяётган, АҚШ эса глобал устуворликларини қайта тақсимлаётган шароитда икки давлат ҳам янги реалликка мослашмоқда. Бу жараённи “ажралиш” деб эмас, балки “етуклашув” деб аташ тўғрироқ бўлар эди.
Зеро, халқаро муносабатларда энг барқарор иттифоқлар ҳам вақт ўтиши билан ўз табиатини ўзгартиради. Бугунги кунда АҚШ ва Исроил муносабатлари ҳам шу босқичга - эмоциядан прагматизмга, иерархиядан нисбий тенгликка ўтиш босқичига кирди. Бу жараённинг натижаси эса нафақат икки давлат, балки бутун Яқин Шарқ сиёсий харитасини қайта шакллантириши мумкин.
Энг ёмон жиҳати – Исроилнинг АҚШдан мустақил бўлиши унинг “қўлини ечиб” юборади. Минтақада истаган ноқонуний ҳаракатларини амалга ошира бошлайди. Чунки Исроил аниқ билади: уни ҳеч ким тергай ёки жазолай олмайди - АҚШ ҳар қандай вазиятда унга ёрдамга келади!
Абулфайз Сайидасқаров
