Тошкентда Таиланддан олиб келинган наркотик транзитига чек қўйилди
Қозоғистон фуқароси сумкаси текширилганда унинг ичида ширинликлар ва бошқа маҳсулотлар ниқоби остида қадоқланган, тахминий оғирлиги 11 кг бўлган гашиш мойи борлиги аниқланган.

Таиланддан олиб келинган наркотик транзитига чек қўйилди.
Республика миқёсида ўтказилаётган “Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирларнинг II босқичи доирасида Давлат хавфсизлик хизмати ва Божхона органлари ҳамкорлигида пойтахтнинг Чилонзор туманида тезкор тадбир амалга оширилди.
Унда катта миқдордаги гиёҳвандлик воситасининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди.
Хусусан, 2004 й.т. Қозоғистон Республикаси фуқаросининг спорт сумкаси белгиланган тартибда текширилганда, унинг ичида ширинликлар ва бошқа маҳсулотлар ниқоби остида қадоқланган, тахминий оғирлиги 11 кг бўлган гашиш мойи борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.
У Таиланд давлатидан олиб келган ушбу наркотикларни Қозоғистон Республикасига етказиб бериши керак бўлган. Ҳозирда унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
