Рақобат қўмитаси "Anorbank"ни жаримага тортди
Банк томонидан акция доирасида эълон қилинган ахборотларда акция шартлари тўғрисида тўлиқ маълумотлар берилмаган.

Рақобат қўмитаси "Anorbank"ни жаримага тортди.
Қўмита томонидан Тошкент вилоятида истиқомат қилувчи фуқаронинг мурожаати асосида “ANOR BANK” АЖ томонидан Instagram ижтимоий тармоғида жойлаштирилган реклама ахбороти ўрганилди.
Хусусан, мазкур мурожаатда банк томонидан акция доирасида эълон қилинган ахборотларда акция шартлари тўғрисида тўлиқ маълумотлар берилмаганлигига эътироз билдирилган.
Ўрганишларда рекламада молиявий хизматларни кўрсатишда шартноманинг муҳим шартларидан бири — акциянинг амал қилиш шартлари, унга қўлланилган лимит ҳамда лимитдан ошган ҳолларда комиссия тўғрисидаги маълумотлар мавжуд эмаслиги аниқланди.
Юқоридаги ҳолатлар юзасидан Қўмита Махсус комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Реклама тўғрисида”ги Қонунининг 16, 21 ва 43-моддалари талаблари бузилиши аломатлари юзасидан “ANOR BANK” АЖга нисбатан иш қўзғатилиб, ишни кўриб чиқиш якунлари бўйича молиявий жарима қўлланилди.
Шунингдек, қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш ҳамда келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.
