platina.uz
Маданият

Президент Ислом цивилизацияси форуми иштирокчиларига мурожаат йўллади

Марказ қисқа вақт ичида ўтмиш билан келажакни, Шарқ билан Ғарбни, қадим анъаналар билан замонавий илмий ютуқларни ўзаро боғлайдиган интеллектуал кўприкка айлангани таъкидланди. 

Президент Ислом цивилизацияси форуми иштирокчиларига мурожаат йўллади

Президент Ислом цивилизацияси I Халқаро форуми иштирокчиларига мурожаат йўллади.

Дунёнинг қирқдан ортиқ мамлакатларидан ташриф буюрган таниқли олимлар, нуфузли халқаро ташкилотларнинг вакиллари, давлат ва жамоат арбоблари, маданият ва диний конфессиялар намояндалари иштирок этаётган ушбу анжуманнинг Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ўтказилаётгани чуқур тарихий ва рамзий маънога эга. Бу йирик халқаро тадбир жаҳон ҳамжамиятининг ислом цивилизациясига, унинг бой маънавий, илмий ва маданий меросига қизиқиш ва эътибори ортиб бораётганидан далолат беради.

Бугунги кунда дунё чуқур ва шиддатли ўзгаришлар даврини бошидан кечирмоқда. Инсоният фан ва технологиялар соҳасида мислсиз ютуқларни қўлга киритмоқда, айни вақтда жиддий синов ва муаммоларга ҳам дуч келмоқда: можаролар ва ўзаро ишончсизлик кучаймоқда, бузғунчи мафкуралар, тоқатсизлик, экстремизм, исломофобия кўринишлари кенг тарқалмоқда. Маданиятлар, динлар ва цивилизацияларни бир-бирига қарши қўйиш, турли халқларнинг урф-одат ва анъаналари ўртасида зиддият келтириб чиқаришга уринишлар авж олмоқда.

Бундай мураккаб вазиятда азалдан башариятнинг тинч-тотув ҳаёти, ҳамжиҳатлик ва маърифатга интилиши, тадрижий ривожланиши учун мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилиб келган эзгу тушунчалар, жумладан, исломий қадриятлар алоҳида аҳамият касб этади. Барчамизга аёнки, бу қадриятлар асрлар давомида илмий тараққиёт, маданий юксалиш ва маънавий камолотнинг қудратли манбаи сифатида жаҳон тафаккури ривожига беқиёс ҳисса қўшган ва умуминсоний мероснинг ажралмас қисмига айланган.

Шу маънода, 2017 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг юксак минбаридан Ўзбекистон илгари сурган “Жаҳолатга қарши маърифат” деган концептуал ғоя оддий, аммо ўзгармас бир ҳақиқатни тасдиқлайди: бугунги нотинч ва таҳликали дунёда фақат илм-фан, таълим ва тарбия, маданият ва юксак ахлоқий қадриятларгина ер юзида тинчлик, ўзаро тушуниш, ижтимоий ҳамжиҳатлик ва барқарор ривожланиш учун ишончли пойдевор бўла олади.

"Муқаддас Қуръони каримнинг “Иқро!” яъни “Ўқи!” деган абадий даъвати дунёдаги барча эзгу ниятли кишиларнинг бугунги ва келажак авлодлар бахт-саодатини кўзлаб амалга ошираётган олижаноб ҳаракатлари учун йўлчи юлдуз вазифасини бажаради. Орадан неча асрлар ўтганига қарамасдан, ушбу илоҳий чорловнинг теран маъно-мазмуни ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ.

Аксинча, жадал ўзгаришлар ва технологиялар мислсиз суръатларда ривожланаётган ҳозирги даврда бу чақириқ янада баралла янграб, айнан илм-маърифат, маънавий ва интеллектуал тараққиёт жамият равнақининг ҳал қилувчи кучи эканини бутун башариятга эслатиб турибди.

Бу муборак калом Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг асосий дарвозаси пештоқига битилган бўлиб, унинг олий мақсадини – ислом цивилизациясининг бебаҳо меросини асраш ва чуқур ўрганиш, шу асосда дунё халқлари ўртасида дўстлик ва ҳамкорликни ҳар томонлама мустаҳкамлашдек улуғ миссиясини аниқ белгилаб беради. Биз учун мазкур Марказ халқимизнинг тарихий хотираси рамзи, буюк аждодларимиз меросига бўлган чуқур эҳтиром ифодаси, айни пайтда Янги Ўзбекистоннинг келажакка қаратилган шиддатли интилишининг ёрқин тимсолидир", дейилади мурожаатда.

Марказ қисқа вақт ичида ўтмиш билан келажакни, Шарқ билан Ғарбни, қадим анъаналар билан замонавий илмий ютуқларни ўзаро боғлайдиган интеллектуал кўприкка айланди.

"Шу боис, биз Ислом цивилизацияси I халқаро форумини турли давлатлар ва халқаро ташкилотлар, илмий марказлар, университетлар ва музейлар, кутубхоналар ва тадқиқот институтларининг интеллектуал салоҳиятини бирлаштирувчи глобал ҳамкорликнинг янги босқичи деб баҳолаймиз ва бу борада қўшма ҳаракатлар дастури қабул қилинишига умид билдирамиз.

Ўзбекистон халқаро ҳамкорлар билан амалга оширилаётган қўшма лойиҳа ва ташаббусларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга доимо тайёр. Бунинг учун Ислом цивилизацияси марказида фундаментал илмий тадқиқотлар ўтказиш, халқаро форум ва конференциялар ташкил этиш, қўшма нашрлар тайёрлаш, таълим дастурларини амалга ошириш ҳамда жаҳоннинг етакчи илмий ва маданий марказлари билан кенг кўламли гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш учун барча шароитлар яратилган", дея таъкидланади мурожаатда.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid