Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси инспектори ушланди
У фуқарони Республика ихтисослаштирилган Она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг ҳудудий филиалига ишга киритиш эвазига 800 доллар олган.

Қашқадарё вилоятида фуқарони ишга киритиб қўймоқчи бўлган давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори фош этилди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Қарши тумани бўлими томонидан терговга қадар текшириш ўтказилди.
Унда Қашқадарё вилояти Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори А.Ҳ. (муқаддам судланган) ўзининг юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали фуқаро Н.Ҳ.ни Қарши шаҳридаги Республика ихтисослаштирилган Она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг ҳудудий филиалига орастабон вазифасига ишга киритиб қўйиши эвазига 800 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олганлиги аниқланган. Сўнгра ушбу пуллар ҳисобидан 200 АҚШ доллари ва 3,3 млн сўмнинг қайтарилиши процессуал тартибда расмийлаштирилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
