Андижонда “Ҳудудий электр тармоқлари” ходимлари қамоққа олинди
Ўрганишлар давомида филиалда истеъмолчиларга электр ҳисоблагичларини ўрнатиш жараёнида қонунбузилиш ҳолатлари, шунингдек, ҳисоблагичлар камомади аниқланган.

Андижонда “Ҳудудий электр тармоқлари” ходимлари ушланди.
Акциядорлик жамияти бошқарувининг топшириғига мувофиқ, Жамиятнинг Ички аудит хизмати ҳамда Комплаенс назорати хизмати томонидан Андижон ва Самарқанд филиалларида электр энергияси ҳисоблагичларининг истеъмолчиларга қонунчилик талабларига мувофиқ ўрнатилиши юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
Ўрганишлар давомида Жамиятнинг Андижон филиалида истеъмолчиларга электр ҳисоблагичларини ўрнатиш жараёнида қонунбузилиш ҳолатлари, шунингдек, ҳисоблагичлар камомади аниқланди.
Мазкур ҳолатлар бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тегишли тартибда хабар берилди.
Натижада қонунбузарлик содир этганликда гумон қилинаётган корхонанинг 12 нафар ходимига нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилди.
Ҳозирда Жамиятга етказилган зарарни қоплаш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда.
Шунингдек, Самарқанд вилоятининг Самарқанд шаҳар бўлинмасида электр ҳисоблагичларининг истеъмолчиларга жамият маблағлари ҳисобидан ноқонуний равишда ўрнатилгани аниқланиб, ушбу ҳолат юзасидан ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар берилди.
Айни пайтда жамиятга етказилган зарарни қоплаш чоралари амалга оширилмоқда.
Ҳозирда Самарқанд вилоятининг бошқа шаҳар ва туманларида ҳам электр ҳисоблагичларининг истеʻмолчиларга қонунчилик талаблари асосида ўрнатилиши ҳамда уларнинг мақсадли ва самарали сарфланиши юзасидан ўрганиш ишлари давом этмоқда.
