Сув ҳавзалари очиқ аукционга чиқарилади, балиқчилик хўжаликлари давлат томонидан тизимли рағбатлантирилади — Президент Фармони
Балиқчилик соҳасида бошқарув, сув ресурсларидан фойдаланиш ва давлат қўллаб-қувватлаш тизими тубдан янгиланмоқда. Янги механизмлар тармоққа инвестицияларни жалб қилиш, ишлаб чиқаришни ошириш ва ички бозорни сифатли маҳсулотлар билан таъминлашга қаратилган.

Ўзбекистонда аҳолининг сифатли озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаби ортиб бораётган бир шароитда, балиқчилик тармоғининг самарадорлигини ошириш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланган ҳолда ички бозорни тўлдириш энг муҳим вазифалардан бирига айланди.
Ана шу стратегик мақсад йўлида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Балиқчилик тармоғини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ—122-сон Фармони қабул қилинди. Фармон тармоқда ягона давлат бошқаруви тизимини яратиш, сув объектларидан самарали фойдаланиш ва тадбиркорларни давлат томонидан тизимли қўллаб-қувватлашни кўзда тутади.
Фармон билан тасдиқланган энг муҳим чора-тадбирлар ва янгиликлар:
- 2026–2027 йиллар соҳада устувор давр деб белгиланиб, балиқ етиштириш ҳажмини 500 минг тоннага, совуқ сув балиқчилигини эса 20 минг тоннага етказиш мақсад қилинган;
- 2027 йил 1 январдан бошлаб сув омборлари, коллектор-дренаж тармоқлари ва табиий сув ҳавзалари балиқчилик хўжаликларини ташкил этиш учун фақат очиқ электрон онлайн аукционлар орқали шаффоф ижарага берилади;
- Сув хўжалиги вазирлиги ҳузурида давлат муассасаси шаклида Балиқчиликни ривожлантириш маркази ҳамда унинг Жамғармаси ташкил этилмоқда;
- гектаридан 10 тоннадан юқори ҳосил олган тадбиркорларга қуёш панеллари харажатининг 25 фоизи, муқобил энергияли аэраторлар харидининг эса 50 фоизи субсидия сифатида қоплаб берилади;
- 1 дона наслли она балиқни импорт қилиш харажатининг 50 фоизигача (5 млн сўмгача) ҳамда ёпиқ сув айланма тизими (УЗВ) технологияси умумий харажатининг 10 фоизи (5 млрд сўмгача) миқдорида компенсация ажратилади;
- йиллик қуввати 20 минг тоннадан кам бўлмаган янги омухта ем лойиҳалари доирасида ускуналарни сотиб олиш харажатларининг 20 фоизи (2 млрд сўмгача) давлат томонидан қопланади;
- хориждан жалб қилинган малакали ихтиолог ва балиқ касалликлари мутахассислари иш ҳақи харажатларининг 50 фоизи (ойига 1 000 АҚШ доллари эквивалентигача) давлат бюджетидан тўлаб берилади;
- Тошкент давлат аграр университети ва Хитойнинг Далиян университети ҳамкорлигида қўшма факультет ташкил этилади ҳамда Оҳангарон дарёси бўйида илмий-тадқиқотлар учун 10 гектар ер майдони ажратилади;
- ҳудудларда балиқ касалликларини тезкор аниқловчи замонавий мобиль лабораториялар ташкил этилиб, ҳар йили ноябрь ойида “Миллий балиқчилик кўргазма-ярмаркаси” ўтказилади.
