platina.uz
Жаҳон

Нега Эрон Олий раҳбарининг жанозаси тўрт ойга кечикди?

Дафнни кечиктиришга фақат объектив сабаблар мавжуд бўлган тақдирдагина рухсат берилади. Бироқ тўрт ойлик кечиктириш ислом тарихи учун жуда ноодатий ҳолат ҳисобланади ва диний меъёр сифатида қаралмайди.

Нега Эрон Олий раҳбарининг жанозаси тўрт ойга кечикди?

Эрон Ислом Республикасининг Олий раҳбари Али Хоминаийнинг вафоти муносабати билан 4-9 июл кунлари дафн маросими бўлиб ўтади. Эроннинг собиқ диний раҳнамоси жорий йилнинг 28 феврал куни АҚШ ва Исроилнинг Эронга берган илк зарбалари оқибатида вафот этган эди.

Тўрт ойдан сўнг эълон қилинган мотам маросимлари нафақат мусулмонлар, балки сиёсатшунослар ва халқаро таҳлилчилар ўртасида ҳам кўплаб саволларни келтириб чиқариши табиий. Энг асосий савол шундан иборат: агар исломда марҳумни имкон қадар тезроқ ерга қўйиш буюрилган бўлса, нима учун Хоминаийнинг расмий дафн маросими унинг вафотидан тўрт ой ўтгач ўтказилмоқда?

Бу диний истисноми, мажбурий чорами ёки кенг кўламли сиёсий кампаниями?

Ислом нимани буюради?

Исломнинг барча асосий мазҳабларида деярли бир овоздан қабул қилинган қоида мавжуд: мусулмон киши вафот этганидан кейин уни имкон қадар тезроқ дафн этиш лозим.

Мусулмон инсон вафот этгач, қуйидаги амаллар бажарилади:

• марҳумни ғусл қилиш;

• кафанлаш;

• жаноза намозини ўқиш;

• дафн қилиш.

Одатда ушбу амаллар бир неча соат ичида, кўпи билан бир кун давомида бажарилади. Дафнни кечиктиришга фақат объектив сабаблар мавжуд бўлган тақдирдагина рухсат берилади. Масалан, яқин қариндошларни кутиш, суд-тиббий экспертиза ўтказиш, табиий офатлар ёки хавфсиз тарзда дафн қилиш имкони бўлмаган ҳолатлар шулар жумласидандир. Бироқ тўрт ойлик кечиктириш ислом тарихи учун жуда ноодатий ҳолат ҳисобланади ва диний меъёр сифатида қаралмайди.

Лекин Эрондаги тузум шиа таълимотига асосланган бўлиб, уларда суннийликда йўқ кўплаб одатлар мавжуд. Мутъа (вақтинчалик) никоҳ, “шахсий-вахсей” маросимларида ўзини-ўзи азоблаш, оятулло институти ва бошқа жиҳатлар шулар жумласидандир.

Нега дафн маросими кечиктирилди?

Эрон расмийларининг маълум қилишича, кечиктиришнинг асосий сабаби миллионлаб фуқаролар ҳамда кўплаб хорижий делегацияларни қабул қилиш учун зарур шароитларни тайёрлаш билан боғлиқ.

Теҳрон Ислом тарғиботини мувофиқлаштириш кенгаши раҳбари Маҳмудийнинг сўзларига кўра, мамлакатнинг турли ҳудудларидан келган кўп сонли мурожаатлар туфайли маросим бошқа санага кўчирилган. Унинг таъкидлашича, бундай улкан тадбирни ўтказиш учун транспорт, хавфсизлик, тиббий хизмат ва бошқа инфратузилма масалаларини пухта тайёрлаш талаб этилган. Бироқ кўплаб сиёсий кузатувчилар бундай узоқ муддатли кечиктиришни фақат ташкилий омиллар билан изоҳлаш етарли эмаслигини таъкидлайдилар.

Сиёсий рамзийлик

Олий раҳбарнинг вафоти Эроннинг замонавий тарихидаги энг муҳим воқеалардан бирига айланди. Янги сиёсий раҳбарият учун давлатнинг бирдамлиги, халқнинг оммавий қўллаб-қувватлаши, Оятулло режимининг барқарорлиги, мамлакатнинг халқаро майдондаги легитимлиги каби жиҳатларни намоён этиш жуда муҳим бўлиши мумкин. Шу боис мотам тадбирлари бир кунлик дафн маросими эмас, балки бир неча ой давом этган умуммиллий сиёсий кампанияга айлантирилди.

Аслида, Хоминаийнинг вафоти Оятулло ҳукумати томонидан нафақат диний воқеа, балки ҳокимият ворислигини ва давлат тизимининг барқарорлигини намоён қилувчи муҳим сиёсий рамз сифатида ҳам қўлланилмоқда.

Нега маросим бир нечта шаҳарда ўтказилмоқда?

Оддий исломий дафн маросимидан фарқли ўлароқ, Хоминаий билан хайрлашув тадбирлари бир вақтнинг ўзида бир нечта муқаддас шаҳарларда ташкил этилмоқда.

Теҳрон (4–6 июль)

Расмий хайрлашув маросимлари пойтахтдаги «Мусалла» мажмуасида бошланади.

Бу ерда тобут билан хайрлашиш ташкил этилади, давлат раҳбарларининг нутқлари янграйди, расмий маросимлар ўтказилади, жамоавий жаноза намози ўқилади, миллионлаб инсонлар иштирокида мотам юриши ташкил қилинади.

Қум

Теҳрондаги маросимлардан сўнг хайрлашув тадбирлари Қум шаҳрида давом этади. Қум шиаларнинг энг йирик диний ва илмий марказларидан бири ҳисобланади.

Бу ерда энг нуфузли диний таълим муассасалари — ҳавзалар фаолият юритади. Шу боис Хоминаий тобутининг Қумга олиб келиниши сиёсий ҳокимият билан шиалик уламолари ўртасидаги маънавий ва мафкуравий боғлиқликни ифодаловчи муҳим рамз сифатида талқин қилинмоқда.

Машҳад

Якуний дафн маросими 9 июль куни Машҳад шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган. Машҳад шиалар учун энг муқаддас шаҳарлардан бири бўлиб, бу ерда гўёки саккизинчи шиа имоми — Имом Ризо мақбараси жойлашган. Хоминаийнинг айнан шу шаҳарда дафн этилиши унинг Эрон Ислом Республикаси мафкурасидаги алоҳида ўрни ва мақомини янада таъкидлашга қаратилган рамзий аҳамиятга эга.

Ироқ

Хотира ва мотам тадбирларининг бир қисми Ироқнинг Нажаф ва Карбало шаҳарларида ҳам ўтказилади. Чунки бу икки шаҳар бутун шиалар олами учун муқаддас масканлар ҳисобланади. Шу тариқа хайрлашув маросими нафақат Эроннинг миллий тадбири, балки бутун шиалар дунёси учун муҳим сиёсий воқеага айлантирилмоқда.

Маросимда кимлар иштирок этади?

Эрон расмийларининг маълум қилишича, мотам маросимларида иштирок этиш учун 30 дан ортиқ давлатнинг расмий делегациялари, қарийб 100 мамлакат вакиллари, давлат раҳбарлари ва ҳукумат аъзолари, ташқи ишлар вазирлари, парламент спикерлари, 90 дан зиёд мамлакатнинг диний арбоблари, Эроннинг барча қўшни давлатлари расмийлари ташриф буюриши кутилмоқда.

Марказий Осиё давлатлари орасида Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этади. Делегацияга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов бошчилик қилади.

Қизиқ жиҳати, мусулмонларни таъқиб қилиши ва масжидларни бузиб ташлаётгани билан машҳур сиёсатчи - Ҳиндистон Бош вазирига ҳам расмий таклиф юборилган. Чунки айрим экспертларнинг фикрича, Эрон Ҳиндистонни ўзининг иттифоқчиси деб билади.

Бундан ташқари, Ироқ, Ливан, Покистон, Озарбайжон, Афғонистон, Баҳрайн ва бошқа мамлакатлардан кўплаб шиа диний жамоалари вакиллари ҳам иштирок этиши кутилмоқда.

Маросимни оддий исломий жаноза деб ҳисоблаш мумкинми?

Ислом анъаналарига мувофиқ, марҳум имкон қадар тезроқ дафн этилиши лозим. Марҳум учун бу дунёда ўтказилаётган йиғи-сиғи, улкан сиёсий шоулардан зиғирча ҳам манфаат йўқ. Қайтамга унинг руҳи қийналиши мумкин. Марҳумнинг руҳи учун фақат сўроқ-саволдан осон ўтиб олиш муҳим. Шу боис Ҳоманаийнинг жасади 4 ойдан бери дафн этилмаётгани баҳсли саволлар туғдиради. Ҳатто ўзбек халқида “жасадини ер қабул қилмади” деган тушунча ҳам бор.

Марҳумнинг жасадини бир неча кун ёки ой давомида сақлаш, уни турли шаҳарлар ва мамлакатлар бўйлаб олиб юриш ҳамда узоқ давом этадиган давлат маросимларини ташкил қилиш классик исломий жаноза тартибидан фарқ қилади. Шу боис айрим исломшунослар ва уламолар диний жаноза маросими билан давлат томонидан ташкил этилган расмий хотира тадбирларини бир-биридан фарқлаш лозимлигини таъкидлайди.

Нега Хоманаийнинг жасади Ленинники каби бальзамланмайди?

Айримлар шундай саволни ўртага ташламоқда: агар Эрон раҳбарияти Хоминаийнинг тарихий аҳамиятини ва унга таъзим қилишини янада кучлироқ намоён этмоқчи бўлса, нега унинг жасади Совет Иттифоқида “доҳий” Владимир Лениннинг жасади каби мўмиёланиб (бальзамланиб), доимий равишда оммага намойиш қилинмайди?

Бу саволнинг жавоби, аввало, ислом ақидаси ва шариат қоидалари билан боғлиқ. Исломда фавқулодда тиббий ёки ҳуқуқий заруратлардан ташқари ҳолларда марҳумнинг жасадига ортиқча аралашиш маъқулланмайди. Дафн инсоннинг дунёвий ҳаётининг якунланиши ҳисобланади ва унинг жасади ерга топширилиши лозим. Бальзамлаш айрим истисно ҳолатларда амалга оширилиши мумкин, аммо жасадни узоқ йиллар давомида оммага намойиш қилиш мақсадида сақлаб туриш ислом дафн анъаналарига мос келмайди.

Шунингдек, исломда айрим бошқа дин ва маданиятлар ёки сиёсий тузумларда учрайдиган «чиримас таналар» ёки жасадларга сиғиниш анъанаси мавжуд эмас. Шу сабабли Хоминаийнинг жасадини доимий равишда намойиш этиладиган мақбарага жойлаштириш ёки Ленин мақбарасига ўхшаш иншоот барпо этиш ислом ҳуқуқининг асосий тамойилларига зид ҳисобланади.

Мўмиёланмасдан ҳам марҳумни ҳурматлаш мумкинми?

Тарих шуни кўрсатадики, шахсга сиғиниш маданияти вужудга келиши учун жасадни сақлаб қолиш шарт эмас.

Кўплаб давлатларда сиёсий хотирани улуғлаш – муҳим инсон қабри устида улкан мақбаралар қуриш, мемориал мажмуалар барпо этиш, музейлар, ҳайкаллар ясаб қўйиш, ҳар йили ўтказиладиган давлат хотира маросимлари, оммавий диний ва сиёсий тадбирлар каби воситалар орқали шакллантирилади.

Қизиқ жиҳати, суннийликда шахсга ва ўликларга сиғиниш ва куфрга кетишнинг олдини олиш мақсадида одам суратини чизиш ва ҳайкалини ўрнатиш тақиқланган. Бироқ шиаликда амалда бундай тақиқ йўқ. Бундан ташқари, суннийликда марҳум қабри устида сағана, ҳатто каттароқ қабр тоши ҳам қўйилиши номақбул. Қабр ердан сал баландроқ бўлса ва авлодлари таниб олиши учун кичикроқ белги ўрнатилса кифоя.

Қолаверса, Эронда марҳумларни улуғлашда аввалдан тажриба мавжуд. Ислом Республикасининг асосчиси Оятуллоҳ Руҳуллоҳ Хумайнийнинг қабри бугун мамлакатнинг энг йирик зиёратгоҳ ва мемориал мажмуаларидан бирига айланган. Шунинг учун ҳам кузатувчиларнинг фикрича, Хоминаий хотирасини абадийлаштиришда ҳам худди шундай йўл танланиши мумкин.

Хулоса

Ислом нуқтаи назаридан қаралганда, марҳумни вафотидан тўрт ой ўтгач дафн этиш анъанавий исломий жаноза қоидаларига мос келмайди. Чунки шариат мусулмонни имкон қадар тезроқ ерга қўйишни тавсия қилади. Эрон расмийлари эса бу кечиктиришни миллионлаб инсонларнинг хайрлашиш имкониятини таъминлаш, хавфсизлик чораларини кучайтириш ва кўплаб хорижий делегацияларни қабул қилиш учун зарур ташкилий тайёргарлик билан изоҳламоқда.

Шу билан бирга, ушбу маросимнинг сиёсий жиҳатини ҳам инкор этиб бўлмайди. Бир неча шаҳар ва ҳатто икки давлат ҳудудида ўтказилаётган кўп кунлик мотам тадбирлари, ўнлаб давлатлар ва юзга яқин мамлакат вакилларининг иштироки нафақат диний, балки муҳим давлат ва геосиёсий вазифани ҳам бажармоқда.

Бу орқали Эрон раҳбарияти давлат ҳокимиятининг узлуксизлигини, жамият бирлигини, сиёсий тизимнинг барқарорлигини ҳамда мамлакатнинг халқаро майдондаги ўрнини намоён этишга интилаётганини кўриш мумкин.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid