Кадастр агентлиги Яшнобод туман бўлими мансабдори қўлга олинди
Андижонда 40 сотих ерни расмийлаштириш эвазига 160 минг АҚШ доллари талаб қилган фуқаро ҳам ушланди.

Тошкентда пора олган кадастр бош инспектори, Андижонда ер майдонини ноқонуний сотган фуқаро ушланди.
ДХХ “Колл-маркази”га келиб тушган мурожаат асосида Хизматнинг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилди.
Унда Кадастр агентлигининг Яшнобод туман бўлими бош инспектори учинчи шахс орқали 2 минг АҚШ доллари олган вақтида унинг ноқонуний ҳаракатига чек қўйилди.
Бош инспектор ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда, маҳаллий фуқаро томонидан ноқонуний ўрнатилган енгил конструкцияли қурилмаларни бузиб ташламаслик ва унга нисбатан жарима қўлламаслик эвазига ушбу пул маблағини талаб қилган.
Андижон шаҳрида яшовчи, 1984 й.т. фуқаро харидорга Андижон тумани Хакан саноат ҳудудида жойлашган ва давлат захирасида бўлган 40 сотих ер майдонини гўёки "Э-аукцион" орқали ютиб олганлигини айтиб, келгусида кадастр тизимидаги танишлари орқали унинг номига расмийлаштириб бериш эвазига 160 минг АҚШ доллари талаб қилган.
ДХХ, ИИБ ва ИЖҚКД ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда у олдиндан 80 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
Ҳозирда ҳар икки ҳолат бўйича жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
