platina.uz
Мақола

Исроил “арманлар геноциди”ни тан олди: асосий мақсад нима?

Туркия арман халқининг қирғин қилиниши, қамоққа олиниши ва мажбурий депортацияси геноцид сифатида баҳоланишини рад этади ва Исроил узоқ вақт давомида дипломатик сезгирликлар сабабли уни тан олишдан қочиб келган. 

Исроил “арманлар геноциди”ни тан олди: асосий мақсад нима?

Исроил ҳукумати ташқи ишлар вазири Саарнинг Усмонийлар империяси томонидан амалга оширилган “арман геноциди”ни тан олиш ҳақидаги таклифини қўллаб-қувватлади. Қарор Вазирлар Маҳкамаси йиғилишида қабул қилинди.

Исроилнинг The Jerusalem Post газетасининг ёзишича, Туркия арман халқининг қирғин қилиниши, қамоққа олиниши ва мажбурий депортацияси геноцид сифатида баҳоланишини рад этади. Исроил эса дипломатик эҳтиёткорлик ва ҳушёрлик боис узоқ вақтдан бери уни тан олишдан бош тортиб келаётган эди.

Кутилмаган қадам

Исроил ҳукумати 28 июн куни ташқи ишлар вазири Гидеон Саар томонидан ўтган ҳафта охирида тақдим этилган резолюция таклифи ортидан арман геноцидини расман тан олишга овоз берди.

“Исроил ҳукумати бироз олдин мен тақдим этган арман геноцидини тан олиш ҳақидаги резолюцияни маъқуллади,” деди Саар овоз беришдан сўнг.

“Бу даҳшатли геноцид 100 йилдан кўпроқ вақт олдин содир бўлган бўлиб, унинг тарихий фактлари бўйича гумон йўқ. У 1,5 миллион одамнинг ўлдирилиши ва қадимий маданий ҳамда тарихий мероснинг йўқ қилинишига олиб келган. Менинг фикримча, бу қарорни бугун қабул қилганимиз биз яҳудийлар сифатида ва, албатта, яҳудий халқи давлати сифатидаги ахлоқий бурчимиздир,” деб қўшимча қилди у.

Таклиф эндиликда овоз бериш учун Кнессет пленумига олиб чиқилиши режалаштирилган. “Усмонийлар империяси ҳукмронлигининг сўнгги йилларида арман халқига қарши содир этган геноцидни тан олиш — бу ҳам ахлоқий, ҳам тарихий бурчдир,” деди Саар 25 июн куни X/Twitter’даги постида резолюцияни эълон қилиб. “Биз шунингдек, ҳар қандай инкор қилиш, камситиш ёки тарихий ҳақиқатни бузиб кўрсатишни қатъий қоралашимиз керак.”

Ташқи ишлар вазирлиги ўз баёнотида таъкидлашича, кенг ҳужжатлаштирилган бўлишига қарамай, бу геноцид асосан Туркия томонидан бошқарилаётган “институционал инкор ва камситиш кампанияси”га дуч келган.

Маълумот учун, БМТга аъзо 32 давлат Арман геноцидини расман тан олган.

Туркия арман халқининг қирғин қилиниши, қамоққа олиниши ва мажбурий депортацияси геноцид сифатида баҳоланишини рад этади ва Исроил узоқ вақт давомида дипломатик сезгирликлар сабабли уни тан олишдан қочиб келган. 2026 йил ҳолатига кўра, БМТга аъзо 32 давлат, жумладан АҚШ, Канада, Россия ва Германия, ушбу геноцидни расман тан олган.

Католик черковининг бошқарув органи — Ватикан - Муқаддас Тахт ва Европа парламенти ҳам бу геноцидни расман тан олган, дейилади мақолада.

Туркиянинг жавоби

Туркия ТИВи Исроилнинг «арман геноцидини» тан олиш қарорига муносабат билдирди.

“Исроил ҳукумати, дунё кўз ўнгида тизимли равишда фаластин халқини эзиб келаётган ва БМТ Халқаро судида Ғазо сектори аҳолисига нисбатан геноцид амалга оширганликда айбланиб суд жараёни олиб борилаётган давлат, 1915 йил воқеаларига доир қабул қилинган сиёсий қарор орқали ўз жиноятларини яширишга уринаётир,” — дейилади Туркия Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.

Вазирликнинг таъкидлашича, Туркия минтақа бўйича Исроилнинг «экспансионист ва беқарорлик келтириб чиқарувчи сиёсати»га чек қўйиш, шунингдек, Нетаняҳу ҳукуматининг «фуқаролик аҳолига, айниқса фаластин халқига қарши содир этган жиноятлари учун қонуний жавобгарликка тортилиши» йўлида қатъий ҳаракат қилишни давом эттиради.

Озарбайжоннинг жавоби

Исроилнинг қарорини Боку ҳам танқид қилди Қизиқ жиҳат шундаки, Озарбайжон — Исроилнинг яқин ҳамкори бўлишига қарамай, у айни вақтда Туркиянинг ҳам стратегик шериги ҳисобланади. Шунингдек, арман геноцидини тан олиш ҳақидаги қарор Озарбайжоннинг миллий манфаатларига ҳам тўғри келмайди.

Умуман олганда, Озарбайжон Исроилни «арман геноциди» деб аталувчи масала бўйича ўз қарорини қайта кўриб чиқишга чақирди. Бу ҳақда Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида айтилади. Унда қайд этилишича, 1915 йил воқеалари билан боғлиқ тарихий фактларни бузиб кўрсатиш, мураккаб тарихий жараёнларни ҳуқуқий ва илмий асослардан узоқ сиёсий қарорлар предметига айлантириш қабул қилиб бўлмайдиган ҳолатдир.

“Бундай қадамлар ярашиш ва ўзаро тушунишга хизмат қилмайди, аксинча мавжуд зиддиятларни чуқурлаштиради ҳамда минтақада барқарор тинчлик ва ярашувга эришиш бўйича саъй-ҳаракатларга тўсқинлик қилади. Биз Исроил ҳукуматини қабул қилинган қарорни қайта кўриб чиқишга чақирамиз. Озарбайжон бундан кейин ҳам тарихий ҳақиқатни ҳимоя қилиш, халқаро ҳуқуқ тамойилларига ҳурмат ва минтақада барқарор тинчликни таъминлаш мақсадида ўз позициясига содиқ қолади,” — дейилади баёнотда.

Исроил «арман геноциди»ни тан олинишининг сабаблари ва эҳтимолий сиёсий мақсадлари

Гўёки Усмонийлар империяси даврида содир этилган арман геноцидини Исроил ҳукумати томонидан тан олиш қарори нафақат тарихий-ахлоқий баёнот, балки яққол геосиёсий ўлчамга эга қадам ҳисобланади. Бу қарор Туркиянинг кескин реакциясини, шунингдек, Исроилнинг минтақадаги асосий ҳамкорларидан бири бўлган Озарбайжоннинг эҳтиёткор танқидини келтириб чиқарди. Озарбайжон айни вақтда Анқаранинг ҳам иттифоқчиси ҳисобланади.

Бир қарашда вазият зиддиятли кўринади: арман диаспораси ва айрим арман тузилмалари турли даврларда Фаластинни тан олишни қўллаб-қувватлаган, шу билан бирга Қуддусда турли жамоалар ўртасида баъзан кескин тўқнашувлар қайд этилади. Бироқ Исроилнинг бу қарори маҳаллий зиддиятлар нуқтаи назаридан эмас, балки кенгроқ стратегик тизим контекстида кўриб чиқилиши керак.

1. Туркия билан узилиш – асосий омил

Қарорнинг асосий сиёсий фонни Исроил ва Туркия ўртасидаги узоқ муддатли муносабатлар ёмонлашуви ташкил этади.

Туркия ТИВи Исроилнинг бу қарори Ғазо секторидаги вазиятдан ва Исроил раҳбариятига нисбатан БМТ Халқаро судидаги айбловлардан эътиборни чалғитишга уриниш сифатида баҳоланганини очиқ билдирди.

Исроил нуқтаи назаридан арман геноцидини тан олиш - Анқарага дипломатик босимни кучайтиради, Туркиянинг халқаро майдондаги тарихий-сиёсий позициясини заифлаштиради, Шарқий Ўртаер денгизи ва Яқин Шарқда манфаатлар тўқнашувида қўшимча босим воситасини яратади. Шу тарзда бу қадам Туркияни узоқ муддатли стратегик тийиб туриш сиёсати элементи сифатида баҳоланиши мумкин.

2. Ахлоқий муаммони ташқи сиёсат воситасига айлантириш

Исроил ташқи ишлар вазири Гидеон Саар томонидан илгари сурилган расмий асос икки тезисга таянади: «Яҳудий давлатининг ахлоқий бурчи»га ва «геноцид фактларини тан олишнинг тарихий мажбурияти»га.

Бироқ халқаро амалиётда бундай қарорлар одатда ахлоқий ва сиёсий табиатга эга бўлади. Ушбу ҳолатда ахлоқий дискурс ташқи сиёсий қадамни легитимлаштириш вазифасини бажаради. Шунингдек, Исроилнинг «тарихий адолат» тамойили асосида ҳаракат қилувчи давлат сифатидаги имижини мустаҳкамлаш, Туркия ва унинг иттифоқчиларига дипломатик босимни шакллантириш, Туркиянинг тарихий сиёсатини танқид қилувчи давлатлар коалициясини кенгайтириш каби жараёнларга хизмат қилади.

3. Минтақавий иттифоқлар тизими: Исроил – Озарбайжон – Туркия

Бу вазиятда Озарбайжоннинг ўрни алоҳида мураккаблик туғдиради. Чунки у бир вақтнинг ўзида Исроилнинг стратегик ҳамкори (энергетика, мудофаа соҳаси) ҳамда Туркиянинг яқин иттифоқчиси ҳисобланади. Бокудан билдирилган «қарорни қайта кўриб чиқиш» чақириғи Исроил қадами уч томонлама тизимда (Исроил–Туркия–Озарбайжон) потенциал беқарорлик омил сифатида қабул қилинаётганини кўрсатади.

Натижада Исроил қарори Туркия билан кескинликни кучайтиради, Озарбайжон учун дипломатик дилемма яратади, Бокуни икки стратегик ҳамкор ўртасида мувозанат сақлашга мажбур қилади.

4. Фаластин омили ва ахборот-ҳуқуқий контекст

Туркия ўз реакциясида ушбу қарорни Ғазодаги вазият ва Исроилга нисбатан Халқаро суддаги жараён билан бевосита боғлади.

Исроил нуқтаи назаридан бу икки параллел жараённи - халқаро ҳуқуқ майдонида босим (Фаластин, Ғазо) ҳамда Туркияни инсон ҳуқуқлари бўйича тарихий баҳсли позицияга эга давлат сифатида кўрсатувчи муқобил нарратив шакллантириш жараёнларини келтириб чиқаради. Шу маънода арман геноцидини тан олиш ахборот-дипломатик мувозанат воситасига айланади.

5. Исроилнинг эҳтимолий мақсадлари

Умумлаштириб айтганда, қуйидаги ўзаро боғлиқ мақсадлар ажратиб кўрсатилиши мумкин:

1. Туркияга геосиёсий босим. Анқаранинг халқаро мавқеини заифлаштириш ва дипломатик харажатларни ошириш.

2. Янги таъсир коалицияларини шакллантириш. Арман геноцидини аллақачон тан олган давлатлар ва институтлар (ЕИ, Ватикан, БМТнинг айрим давлатлари) билан алоқаларни мустаҳкамлаш.

3. Минтақавий мувозанатни назорат қилиш. Тарихий масалалардан Шарқий Ўртаер денгизи ва Яқин Шарқда таъсир учун восита сифатида фойдаланиш.

4. Ички сиёсий легитимлаш. Фаластин йўналишидаги ташқи босим ва танқид шароитида ҳукуматнинг ахлоқий позициясини кўрсатиш.

Хулоса

Исроил томонидан арман геноцидининг тан олиниши алоҳида тарихий акт эмас. Бу тарихий хотира геосиёсий таъсир воситаси сифатида қўлланиладиган комплекс ташқи сиёсат стратегиясининг бир қисми ҳисобланади.

Ушбу қарор бир вақтнинг ўзида Туркияга босимни кучайтиради, Озарбайжон мувозанатини мураккаблаштиради ҳамда Яқин Шарқда халқаро ҳуқуқ ва тарихий жавобгарлик талқинлари бўйича кенгроқ қарама-қаршиликка кириб боради.

Абулфайз Сайидасқаров

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid