Ироқ бюджети 2003 йилдан буён коррупция сабаб 2 трлн доллар йўқотган
Коррупцияда айбланиб ҳибсга олинганлардан бирининг рафиқаси 50 миллион долларга квартира сотиб олгани маълум бўлди.

Ироқ Бош вазирининг маслаҳатчиси Мунир Ҳаддаднинг сўзларига кўра, мамлакат бюджети 2003 йилдан бери коррупция туфайли 2 триллион доллардан ортиқ маблағни йўқотган.
Агентлик маълумотларига кўра, Ироқда 47 нафар коррупция гумондори, жумладан, амалдорлар ва парламент аъзолари ҳибсга олинган.
"Масалан, ҳибсга олинганлардан бирининг рафиқаси 50 миллион долларга квартира сотиб олган. Ҳар бири ўзларига ёки қариндошларига рўйхатдан ўтган 50 дан ортиқ квартирага эга бўлган бир нечта амалдорлар ҳам ҳибсга олинган", деди жаноб Ҳаддад INA ахборот агентлигига.
Унинг таъкидлашича, ҳибсга олишлар ҳар куни тўлиқ махфийликда амалга оширилаётгани сабабли, ҳибсга олинганларнинг аниқ сони ортиб бормоқда.
Маслаҳатчининг сўзларига кўра, гумондорларнинг баъзилари мамлакатдан қочишга ёки Ироқ Курдистонининг автоном минтақасида бошпана излашга уринган, аммо у ердаги расмийлар аллақачон саккиз кишини Бағдодга экстрадиция қилишган.
Ҳаддад келажакдаги суд жараёнлари очиқ бўлишини таъкидлади.
