АҚШнинг "қора бюджети": суперқудратнинг молиявий сояси
Ушбу тизим расмий давлат харажатлари ичига яширинган махфий молиялаштириш механизми ҳисобланади. Бу маблағлар очиқ ҳисоботларда кўринмайди, уларнинг тафсилотлари эса фақат Конгресс ва махсус тузилмалардаги чекланган доирадагина маълум.

Дунёда давлат бюджетлари одатда очиқ муҳокама қилинади, аммо шундай бир соҳалар борки, улар ҳақида фақат шивирлаб гапирилади. АҚШнинг «қора бюджети» (Black Budget) айнан шундай тизимдир — расмий давлат харажатлари ичига яширинган махфий молиялаштириш механизми ҳисобланади.
Бу маблағлар очиқ ҳисоботларда кўринмайди, уларнинг тафсилотлари эса фақат Конгресс ва махсус тузилмалардаги чекланган доирадагина маълум. Шу орқали ҳар йили ўнлаб миллиард долларлар разведка, махсус операциялар ва илғор қурол-яроғлар ишлаб чиқишга йўналтирилади.
Экспертлар баҳосига кўра ва 2010 йилларда Эдвард Сноуден сиздирган маълумотларга асосан, АҚШнинг «қора бюджети» йилига 50–60 миллиард доллардан ошади, бу эса умумий ҳарбий бюджетнинг тахминан 5–7 фоизини ташкил қилади.
Яширин миллиардларни бошқаради?
Бу маблағлар асосан АҚШ разведка тизимининг етакчи тузилмалари Марказий Разведка бошқармаси, Миллий хавфсизлик агентлигиҳамда АҚШ Мудофаа вазирлигининг Разведка бошқармасига ўтказилади. Маблағлар икки асосий дастур - Миллий разведка дастури (NIP) ва Ҳарбий разведка дастури (MIP) орқали тақсимланади. Ушбу тизим АҚШнинг глобал разведка инфратузилмасини шакллантиради.
«Қора бюджет» мақсадаларини асосан уч йўналишга бўлиш мумкин:
1. Разведка ва глобал кузатув
Спутниклар, кибер-шпигунлик, алоқа сигналларини тинглаш ва катта маълумотларни таҳлил қилиш тизимлари.
2. Махфий ҳарбий технологиялар
Келажак қуроллари: стелс технологиялар, гипертовушли ракеталар, янги авлод дронлар ва космик ҳарбий дастурлар элементлари.
3. Махсус операциялар
Махфий киберҳужумлар, радиоэлектрон кураш ва хориждаги яширин операциялар.
Маблағлар қандай яширилади?
Расман бу харажатлар Конгресс томонидан тасдиқланади, аммо батафсил шаклда эмас, балки умумий блок сифатида кўрсатилади. Кейин эса улар Мудофаа вазирлигининг оддий бюджет моддаларига яширин тарзда қўшиб юборилади. «Ҳаво кучларининг махсус дастурлари», «Илғор технологияларни баҳолаш» ва «Махфий тадқиқот лойиҳалари» шулар жумласидандир. Шу тариқа ҳақиқий мақсадларни жамоатчиликдан сир тутишга муваффақ бўлишади.
Сирлар ошкор бўлганида
2013 йилда Эдвард Сноуден томонидан амалга оширилган “сиздириш”лар ушбу тизим ҳақидаги маълумотларни кенг оммага ошкор қилди. Собиқ агентнинг маълумотларига ишонадиган бўлсак, «қора бюджет» ҳажми тахминан 52,8 миллиард доллар эканлиги маълум бўлади.
Бироқ кейинчалик яна ошкор бўлган маълумотлар мазкур бюджет кўлами янада каттароқ эканини кўрсатади. Агар аввал экспертлар 50–60 миллиард доллар ҳақида гапирган бўлса, замонавий расмий маълумотлар анча юқори даражани кўрсатмоқда. Хусусан, АҚШ разведка ҳамжамиятининг ошкор қилинган маълумотларига кўра:
2024-молиявий йилда “Миллий разведка дастури” (NIP): 76,5 млрд доллар, “Ҳарбий разведка дастури” (MIP) - 29,8 млрд доллар олган бўлиб, умумий ҳажм 106,3 млрд долларни ташкил этган.
2025-молиявий йилда: разведка ҳамжамиятининг умумий бюджети тахминан 101,1 млрд долларга тенг бўлган.
2026 йилда эса сўровлар янада ошган ва умумий ҳисобда тахминан 110 млрд доллардан кўпроқ миқдорга айланган. Аниғроғи шу миқдордаги бюджет сатрлари ошкор қилинган.
Шу тариқа, «қора бюджет»нинг ҳақиқий миқёси бугунги кунда йиллик 100+ миллиард доллар атрофида, илгариги 50–60 миллиард деган баҳолардан анча юқори экани кўриниб турибди.
Бундай шароитда бюджетни сир сақлашни ҳам тушунсак бўлади. Чунки бирор лойиҳа учун ажратилаётган маблағ ҳамда тафсилотларни ошкор қилиш, ушбу лойиҳа ва унинг кўлами ҳақида хулоса чиқариш имконини бериши мумкин.
Яширин куч архитектураси
«Қора бюджет» — бу оддий молиявий категория эмас. Бу АҚШнинг стратегик устунлигини таъминловчи тизим бўлиб, глобал разведка имкониятлари ва махфий операцияларнинг асосини ташкил қилади. У формал жиҳатдан Конгресс назорати остида бўлса-да, махфийлик туфайли бу назорат чекланган.
Лекин таъкидлаш лозим, бу тизим анча олдин шаклланган. Бундай яширин молиялаштириш орқали «Манхэттен лойиҳаси» (атом бомбаси яратилиши), U-2 разведка самолётлари, SR-71 Blackbird стратегик самолёти каби аввал-бошда махфий сақланган лойиҳалар амалга оширилган. Бу дастурлар мутлақ махфийлик шароитида технологик устунлик яратган.
Хулоса
АҚШнинг «қора бюджети» — бу дунёдаги энг йирик иқтисодиёт ичидаги параллел молиявий тизимдир. У сиёсат, технология ва хавфсизлик чегарасида ишлаб, жамоатчиликка кўринмайди, аммо глобал сиёсий жараёнларнинг катта қисмини белгилаб беради.
Абулфайз Сайидасқаров
