platina.uz
ЖЧ-2026

“Квота ошгани учун чиқдик” деб вайсаётганлар диққатига: эплаган пиширади, эплай олмаган – куйдиради!

Гўёки бу муваффақият жамоамизнинг майдондаги меҳнати эвазига эмас, шунчаки қоғоздаги ўзгаришлар сабабли ўз-ўзидан келиб қолгандек талқин этиляпти. Келинг, бундай юзаки қарашларни четга суриб, аниқ фактлар ва рақамларга юзланамиз

“Квота ошгани учун чиқдик” деб вайсаётганлар диққатига: эплаган пиширади, эплай олмаган – куйдиради!

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон миллий терма жамоасининг жаҳон чемпионатига йўлланма олганини шунчаки “квоталар сони ошгани” билан боғлаб, футболчиларимиз ва мураббийлар штабининг меҳнатини қадрсизлантиришга уринишлар кўзга ташланмоқда. Гўёки бу муваффақият жамоамизнинг майдондаги меҳнати эвазига эмас, шунчаки қоғоздаги ўзгаришлар сабабли ўз-ўзидан келиб қолгандек талқин этиляпти. Келинг, бундай юзаки қарашларни четга суриб, аниқ фактлар ва рақамларга юзланамиз.

Осиё қитъаси учун квоталар сони 8,5 тага етказилгани айни ҳақиқат. Бироқ ҳал қилувчи учинчи саралаш босқичи регламентига кўра, фақат ўз гуруҳида дастлабки икки ўринни эгаллаган жамоаларгагина тўғридан-тўғри йўлланма тақдим этиларди. Қолган барча ўринлар (3 ва 4-поғоналар) эса тўртинчи босқичнинг мураккаб плей-офф “элагидан” ўтишга маҳкум эди.

Ўзбекистон терма жамоаси қўшимча ажратилган 5, 6 ёки 8-ўринлар учун курашган ёрдамчи плей-офф босқичлари орқали эмас, балки ўз гуруҳида дастлабки сонияданоқ пешқадамликни қўлга киритиб, маррага 2-ўрин билан етиб келди. Бу — қитъанинг энг кучли элита жамоалари сафида тўғридан-тўғри чиптага эга бўлиш деганидир. Жамоамиз масалани ҳеч қандай плей-оффларсиз, муддатидан олдин ҳал қилди.

Агар ушбу муваффақият фақатгина квота кенгайиши натижаси бўлганида, гуруҳимиздаги улкан молиявий ресурсларга ва қитъада ўз мавқеига эга бўлган БАА каби жамоалар нега тўғридан-тўғри йўлланмадан қолиб кетди? Улар учун ҳам имкониятлар ва квоталар тенг эди.

Ўзбекистон ўз тарихида илк бор ушбу довонни барқарор ўйин, майдондаги юксак характер ва энг муҳими — очко йўқотишлари минималлаштирилган тизимли футбол эвазига забт этди. Биз бировнинг инъомини эмас, йиллар давомида ҳақли бўлганимиз, аммо омадсизлик ортидан бой берилган тарихий ҳақиқатимизни қайтариб олдик.

Квота кенгайиши — бу шунчаки Осиё футболининг глобал интеграцияси учун ФИФА томонидан яратилган умумий имконият холос. Ундан муносиблар фойдаланди, тайёр бўлмаганлар эса ортда қолди. Ўзбекистон бу зафарли йўлни кабинетлардаги ҳисоб-китоблар эвазига эмас, яшил майдондаги ҳалол кураш, пешона тери ва мантиқий ғалабалар билан босиб ўтди.

Муваффақиятни кўра билиш, ўзгалар меҳнатини ва миллий ғурурни қадрлаш — юксак маданият белгисидир. Йигитларимиз Жаҳон чемпионатига ўз кучи билан чиқди ва энг нуфузли майдонда ҳам юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир.

Майли, масалага ўша танқидчилар айтганидек ўта жўн ва саёз қараб, “квота кўпайгани ҳисобига чиқдик” деб ҳисоблайлик. Аммо бу вазиятда ҳам битта оддий ҳақиқат юзага чиқади: шундай кенг имкониятни ҳам эплаган пиширади, эплай олмаган эса куйдиради.ФИФА эшикларни барча учун баравар очиб қўйди, аммо қитъанинг қанчадан-қанча етакчи, ўйин амалиёти ва молиявий қудрати юқори бўлган терма жамоалари ушбу тайёр имкониятдан ҳам фойдалана олмай, ЖЧ поездиданоқ қолиб кетишди. Демак, ҳатто энг содда мантиқ билан қараганда ҳам, бу ерда омад эмас, ўша берилган имкониятни қабул қила олиш ва уни ғалабага айлантира олиш салоҳияти — яъни соф маҳорат биринчи ўринга чиққанини тан олиш шарт.

Ватанимиз шаънини кўтарган ўғлонларимизга бўлажак Жаҳон чемпионатида улкан зафарлар ёр бўлсин!

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid