Венесуэлада кетма-кет икки бор жуда кучли зилзила юз берди
АҚШ Геологик хизмати минглаб одамлар ҳалок бўлганини тахмин қилди. Президент вазифасини бажарувчи Делси Родригес эса 32 киши ҳалок бўлгани айтган.

Венесуэланинг шимолий қирғоғида бир неча дақиқалик фарқ билан иккита кучли зилзила содир бўлди. Мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилинди, фавқулодда хизматлар ва хавфсизлик кучлари сафарбар қилинди.
АҚШ Геологик хизмати минглаб одамлар ҳалок бўлганини тахмин қилмоқда. Маҳаллий ҳокимият ва гувоҳлар бинолар қулаб тушгани, қутқарув ишлари олиб борилаётгани ва жароҳатланганлар сони ортиб бораётгани ҳақида хабар беришмоқда.
24 июн куни тахминан соат 18:04 да Яракуй штати пойтахти Сан-Фелипе яқинида 7,2 магнитудали зилзила содир бўлди. CNN хабар беришича, атиги 40 сониядан сўнг, мамлакатнинг энг йирик нефтни қайта ишлаш заводлари жойлашган Яракуй штати Юмаре шаҳридан тахминан 23 километр жануби-шарқда 7,5 магнитудали зилзила содир бўлди. Зилзила бутун мамлакат бўйлаб, шунингдек, эпицентрдан юзлаб километр узоқликда жойлашган қўшни Колумбияда ҳам сезилди. Эпицентрдан тахминан 300 километр узоқликда жойлашган Каракасда Алтамира майдони яқинидаги камида учта бино қисман қулаб тушди. Reuters хабарига кўра, одамлар вайроналар остида қолиб кетган. Каракасдаги Чаcао муниципалитети мери Густаво Дуке битта бинодан 18 киши қутқарилганини маълум қилди. У гувоҳларни бошпана излашга чақирди, чунки афтершоклар бўлиши мумкин.
BBC хабарига кўра, президент вазифасини бажарувчи Делси Родригес 32 киши ҳалок бўлгани ва тахминан 700 киши жароҳатлангани ҳақида хабар берди. АҚШ Геологик хизмати "кўп сонли қурбонлар ва жиддий зарарлар бўлиши мумкин" деб маълум қилди, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, қурбонлар сони 44% ни ташкил қилади, бу 10 000 дан 100 000 гача.
Родригеснинг сўзларига кўра, қидирув-қутқарув ишларини мувофиқлаштириш учун юқори даражадаги махсус гуруҳ тузилган. Давлат раҳбари шунингдек, бир нечта штатлар зарар кўрганини, баъзи ҳудудларда электр узилишлари кузатилганини таъкидлади. Мониторинг ташкилоти NetBlocks маълумотларига кўра, Венесуэлада интернет хизмати кескин ёмонлашган. Родригес шунингдек, мамлакатни тиклаш учун халқаро ташкилотлардан молиявий ёрдам сўрашини айтди.
АҚШ Цунами ҳақида огоҳлантириш марказининг маълумотларига кўра, ҳозирда цунами хавфи йўқ. Марказ Пуэрто-Рико, Виржиния ороллари ва зилзила эпицентридан 300 километр радиусдаги қирғоқ чизиғи учун аввалги сунами огоҳлантиришини бекор қилди.
