platina.uz
Иқтисод

Солиқ қўмитаси P2P ўтказмалар ва омонатларга оид маълумотларни банклардан олиши мумкин

Лойиҳага кўра, жисмоний шахснинг банк картасига бир календар ой давомида бошқа фуқароларнинг бир ёки бир нечта банк картаси ёхуд электрон ҳамёнидан жами 500 БҲМ ва ундан кўп маблағ келиб тушса, банк бу ҳақдаги маълумотларни солиқ органига тақдим этади.

Солиқ қўмитаси P2P ўтказмалар ва омонатларга оид маълумотларни банклардан олиши мумкин

Солиқ қўмитаси P2P ўтказмалар ва омонатларга оид маълумотларни банклардан олишни назарда тутувчи қарор лойиҳасини ишлаб чиқди.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари порталида банклар томонидан юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳисобварақлари ҳамда омонатларига оид маълумотларни солиқ органларига тақдим этиш тартибини белгиловчи Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Лойиҳага кўра, жисмоний шахснинг банк картасига бир календар ой давомида бошқа фуқароларнинг бир ёки бир нечта банк картаси ёхуд электрон ҳамёнидан жами 500 БҲМ ва ундан кўп маблағ келиб тушса, банк бу ҳақдаги маълумотларни солиқ органига тақдим этади.

Бунда яқин қариндошлар томонидан ўтказилган маблағлар, шунингдек, фуқаронинг ўзига тегишли карталар ўртасидаги пул ўтказмалари ҳисобга олинмайди.

Амалдаги 412 минг сўмлик БҲМ бўйича 500 БҲМ 206 млн сўмга тенг. БҲМ 2026 йил 1 сентябрдан 440 минг сўмга оширилгач, мазкур чегара 220 млн сўмни ташкил этади.

Банклар солиқ органига пулни қабул қилган шахснинг Ф.И.Ш. ва ЖШШИРи, картаси очилган банк ва филиал коди, ой давомида келиб тушган жами сумма, пул юборилган карталар ёки электрон ҳамёнлар реквизитлари ҳамда уларнинг эгаларига оид маълумотларни тақдим этиши кўзда тутилган.

Мазкур маълумотлар операция аниқланган кундан бошлаб бир иш куни ичида юборилади.

Омонат ва ҳисобварақлар бўйича ҳам маълумот сўралиши мумкин

Лойиҳа фақат P2P ўтказмаларни эмас, балки жисмоний ва юридик шахсларнинг банк ҳисобварақлари ҳамда омонатларини ҳам қамраб олади.

Солиқ органи расмий сўров юборган тақдирда, банк уч кун ичида мижознинг ҳисобварақларидаги операциялар ва омонатларига доир кўчирмаларни тақдим этиши керак бўлади.

Солиқ органининг сўровида банк мижозининг Ф.И.Ш., СТИР ёки ЖШШИРи ҳамда маълумот сўралаётган давр кўрсатилади. Сўров бир ёки бир нечта мижоз бўйича юборилиши мумкин.

Бироқ 500 БҲМлик мезон омонатлардаги маблағ миқдорига эмас, айнан бошқа жисмоний шахсларнинг карталари ёки электрон ҳамёнларидан картага келиб тушадиган ўтказмаларга нисбатан қўлланади.

Йирик операциялар ҳақида ҳам маълумот берилади

Лойиҳада юридик шахсларнинг бир операцион кун давомида 1 000 БҲМдан ошган операциялари ҳақида Солиқ қўмитасига маълумот бериш таклиф этилган. Амалдаги БҲМ бўйича бу 412 млн сўмдан ортиқ маблағни англатади.

Якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг 500 БҲМдан ошган операциялари, шунингдек, мижозларнинг 500 БҲМдан кўп нақд пул олиши ҳам йирик операция сифатида қайд этилади.

Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларига тўловлар, валюта конвертацияси билан боғлиқ айрим операциялар ҳамда бюджет ташкилотларининг иш ҳақи тўловлари бундан мустасно қилинади.

Юридик шахсларнинг йирик операцияларига оид маълумотлар ҳар ойнинг 10, 20 ва охирги кунида, жисмоний шахсларга оид маълумотлар эса бир иш куни ичида Солиқ қўмитасига юборилади.

Жамоатчилик муҳокамаси порталидаги изоҳларда деярли барча фойдаланувчилар мазкур тартиб Конституцияга зид бўлиши мумкинлигини билдирган.

Уларнинг фикрича, фуқароларнинг банк карталаридаги операциялар ҳақида маълумотларнинг солиқ органларига автоматик узатилиши банк операциялари, омонатлар ва ҳисобварақлар сир тутилиши кафолатларига дахл қилиши мумкин.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid