Орден, хотира ва сиёсат: Украина ва Польша ўртасидан ўтган “ола мушук”
Бир қарашда бу воқеа рамзий қадам ёки навбатдаги дипломатик можаро бўлиб кўриниши мумкин. Аммо ушбу зиддият ортида икки давлатнинг тарихий хотираси, миллий ўзлиги ва сиёсий манфаатлари тўқнашуви ётибди. Ҳолбуки, яқин вақтгача айнан шу икки мамлакат Шарқий Европадаги стратегик ҳамкорликнинг намунаси сифатида кўрилар эди.

Июнь ойида Польша ва Украина муносабатлари Россия–Украина уруши бошланганидан буёнги энг жиддий инқирозлардан бирини бошдан кечирмоқда.
Польша президенти Кароль Навроцкий Украина президенти Владимир Зеленскийни мамлакатнинг энг олий давлат мукофоти — “Оқ Бургут” орденидан (пол. Order Orła Białego) маҳрум қилиш ҳақида қарор қабул қилди. Бунга Киевнинг Украина Қуролли кучлари бўлинмаларидан бирига Украина Қўзғолончилар Армияси (УҚА) фахрий номини бериш тўғрисидаги қарори сабаб бўлди.
Бир қарашда бу воқеа рамзий қадам ёки навбатдаги дипломатик можаро бўлиб кўриниши мумкин. Аммо ушбу зиддият ортида икки давлатнинг тарихий хотираси, миллий ўзлиги ва сиёсий манфаатлари тўқнашуви ётибди. Ҳолбуки, яқин вақтгача айнан шу икки мамлакат Шарқий Европадаги стратегик ҳамкорликнинг намунаси сифатида кўрилар эди.
_-_Tallinn_Museum_of_Orders.jpg)
Тарих сиёсатдан устун келганида
Польша ва Украина муносабатлари ҳар доим ташқи кўринишидан кўра мураккаброқ бўлган. 2022 йилда Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини бошланганидан кейин кўплаб эски зиддиятлар вақтинча четга сурилди. Польша Украинанинг энг асосий иттифоқчиларидан бирига айланди.
Ғарб қурол-яроғларининг асосий таъминот йўллари Польша ҳудуди орқали ўтди. Миллионлаб украиналик қочқинлар Польша шаҳарларидан бошпана топди. Польша раҳбарияти Киев манфаатларини Европа Иттифоқи ва НАТО доирасида фаол ҳимоя қилди. Жамоатчилик онгида икки халқни умумий хавф бирлаштириб тургани ҳақидаги тасаввур шаклланди. Бироқ энг яқин ҳамкорлик даврида ҳам ҳал этилмаган бир мавзу сақланиб қолди. Бу Иккинчи жаҳон уруши воқеалари, аввало Волин фожиаси билан боғлиқ масаладир.
Полякларнинг аксарияти учун Волин воқеалари ХХ асрдаги энг оғир миллий фожиалардан бири ҳисобланади. 1943–1944 йилларда Волин ва Шарқий Галиция ҳудудларида поляк аҳолисига қарши амалга оширилган оммавий қирғинлар Польшада украин миллатчилари ташкилотлари томонидан режалаштирилган этник тозалаш сифатида қабул қилинади.
Украина тарихий тафаккурида эса бошқачароқ манзара шаклланган. Жамиятнинг катта қисми учун УҚА Совет Иттифоқи ва нацистлар ҳукмронлигига қарши мустақиллик учун кураш рамзи ҳисобланади. Шу боис Степан Бандера ва миллий ҳаракатнинг бошқа етакчилари нафақат хорижда, балки Украинанинг ўзида ҳам баҳсли шахслар бўлиб қолмоқда. Аслида бу ҳодисани икки миллатнинг тарихий хотираси ва миллий ўзлиги тўқнашуви деб аташ мумкин.

Нега айнан ҳозир?
Кўпчиликни қизиқтираётган савол — нега бу инқироз айнан ҳозир юзага келди? Бунинг бир нечта сабаблари бор.
Аввало, Кароль Навроцкийнинг шахси муҳим аҳамиятга эга. Унинг ўтмишдоши Анджей Дуда Киев билан стратегик ҳамкорликка урғу берган бўлса, Навроцкий сиёсатга тарих соҳасидан кириб келган. Президентликка қадар у Польша Миллий хотира институтига раҳбарлик қилган ва тарихий ҳақиқатни ҳимоя қилиш зарурлигини доимо таъкидлаб келган.Шу боис унинг учун Волин мавзуси иккинчи даражали масала эмас.

Иккинчидан, Польша жамиятидаги кайфият ўзгармоқда. Бир неча йиллик кенг кўламли ёрдамдан кейин айрим поляклар Киев Польша манфаатлари ва тарихий сезгирликларини қай даражада ҳисобга олаётгани ҳақида савол бера бошлади. Украина ғалласи атрофидаги баҳслар, транспорт ташувлари бўйича келишмовчиликлар, бозорлардаги рақобат ва урушдан чарчоқ жамоатчилик муҳитини ўзгартирди. Полякларнинг аксарияти ҳамон Украинани қўллаб-қувватлаётган бўлса-да, аввалги ҳиссий яқинлик анча сусайган.
Учинчидан, Польша ички сиёсати омилини ҳам инкор этиб бўлмайди. Президент Навроцкий ва бош вазир Дональд Туск ҳукумати ўртасида бир қатор масалалар бўйича жиддий қарама-қаршиликлар мавжуд. Бош вазир ва ташқи ишлар вазирининг мазкур қарордан очиқча узоқлашиши ҳам бежиз эмас. Шу тариқа, орден атрофидаги можаро бир вақтнинг ўзида ҳам ташқи сиёсий, ҳам ички сиёсий тус олди.

Орден — сиёсий рамз сифатида
“Оқ Бургут” ордени оддий мукофот эмас. Польша сиёсий маданиятида у давлат ва халқ олдидаги алоҳида хизматларнинг энг юқори эътирофи ҳисобланади. Зеленский 2023 йилда мазкур орденни олганида, бу қарор Россия агрессиясига қарши қўшма кураш учун миннатдорлик рамзи сифатида қабул қилинган эди.

Амалда Варшава шу орқали бутун дунёга Украинани нафақат ҳамкор, балки энг муҳим стратегик иттифоқчилардан бири сифатида кўраётганини намойиш қилган.
Шунинг учун ҳам орденнинг қайтариб олиниши юридик эмас, балки аввало сиёсий ва маънавий аҳамиятга эга. Бу Польша учун тарихий хотира геосиёсий ҳисоб-китоблардан ҳам муҳим эканини кўрсатувчи ишорадир.
Украина томонининг кескин муносабати ҳам шу билан изоҳланади. Украина дипломатлари ва юқори мартабали амалдорларининг Польша мукофотларини қайтариши Киевнинг жавоб сигнали бўлди: Украина ўз тарихий сиёсати масаласида ташқи босимни қабул қилиш ниятида эмас. Зеленский бу орденни почта орқали Польша раҳбариятига қайтариб юборди ва суратларини намойишкорона ижтимоий тармоқларга жойлади.

Бу можаро фронтга таъсир қиладими?
Хўш, мазкур воқеа фронтга таъсир қиладими? Ҳозирча бундай эҳтимол катта эмас.
Украинага ҳарбий ёрдам масаласи биринчи навбатда Польша ҳукумати қарорларига боғлиқ. Дональд Туск ҳукумати эса Европадаги энг қатъий проукраин позицияга эга ҳукуматлардан бири бўлиб қолмоқда. Бундан ташқари, Польша Ғарб қуролларини Украинага етказиб беришдаги асосий логистика маркази вазифасини сақлаб турибди.
НАТО ва Европа Иттифоқи нуқтаи назаридан Польша–Украина ҳамкорлигининг сақланиши бутун минтақа хавфсизлиги учун стратегик аҳамиятга эга.
Бироқ узоқ муддатли оқибатлар анча жиддий бўлиши мумкин. Зеро, урушлар фақат қурол билан эмас, балки жамоатчилик қўллови билан ҳам ютилади. Агар тарихий баҳслар янада кучайса, бу Польша жамиятининг Украинага нисбатан муносабатига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Натижада Киевга нисбатан қаттиқроқ сиёсат талаб қиладиган сиёсий кучлар таъсири ошиши эҳтимолдан холи эмас.
Украина учун бу, айниқса, Европа Иттифоқига аъзо бўлиш истиқболи нуқтаи назаридан муҳимдир. Польша Европа институтларида катта таъсирга эга давлат ҳисобланади. Шу сабабли Варшава билан муносабатларнинг ёмонлашиши келажакдаги музокараларни қийинлаштириши мумкин.
Эски Европанинг қайтиши
Бугунги воқеалар Европа сиёсатидаги муҳим қонуниятни яна бир бор намоён қилмоқда.
Тарих ҳеч қачон бутунлай йўқолиб кетмайди. У маълум вақтгача кун тартибидан тушиши мумкин, аммо эртами-кечми яна қайтиб келади.
2022 йилдан кейин кўпчилик Россия–Украина уруши Шарқий Европанинг сиёсий манзарасини бутунлай ўзгартирди, деб ўйлаган эди. Гўё аввалги тарихий баҳслар аҳамиятини йўқотгандек туюлган.
Аммо бугунги инқироз аксини кўрсатмоқда. Европа қитъасидаги ва асримиздаги энг йирик ва узоқ муддатли ҳарбий тўқнашув давом этаётган бир пайтда ҳам саксон йил аввалги воқеалар давлат раҳбарларининг қарорларига таъсир кўрсатишда давом этмоқда.
Шу маънода Оқ Бургут ордени атрофидаги можаро оддий дипломатик келишмовчилик эмас. У давлатлар ўртасидаги иттифоқлар фақат умумий манфаатлар асосида эмас, балки ўтмиш ҳақидаги келишув ва ўзаро тушуниш асосида ҳам қурилишини эслатиб туради.
Польша ва Украина ҳали ҳам умумий таҳдидлар қаршисида табиий иттифоқчилар бўлиб қолмоқда. Аммо бу инқироз стратегик ҳамкорлик оғриқли тарихий масалаларни четлаб ўтиш ҳисобига абадий сақланиб қолмаслигини кўрсатди.
Шу ўринда Варшава ва Киев ҳамкорликни давом эттира оладими ёки йўқми, деган савол ўринсиз. Катта эҳтимол билан ҳамкорлик давом эттирилади.
Польша ва Украина ҳозир ҳам умумий хавфлар қаршисида табиий иттифоқчи бўлиб қолмоқда. Бироқ бу воқеа яна бир ҳақиқатни намоён қилди: тарихни узоқ вақт давомида сиёсий кун тартибидан четда ушлаб туриш мумкин, аммо уни бутунлай бекор қилиб бўлмайди. Волин ҳақидаги баҳслар, УҚА мероси ва ўзаро тарихий даъволар ҳал этилмас экан, улар икки давлат муносабатларида қайта-қайта намоён бўлиб туради. Демак, бугунги орден атрофидаги можаро дипломатик эпизоддан кўра кенгроқ маънога эга — у Шарқий Европада тарих ҳануз сиёсатнинг муҳим иштирокчиси бўлиб қолаётганини кўрсатди.
Абулфайз Сайидасқаров
