Фарғона ва Жиззахда электр корхонаси муҳандислари қўлга олинди
Бир ҳолатда муҳандис қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехига электр тортиш, ҳисоблагич ўрнатиб, улаб бериш, шунингдек, мансабдор танишлари орқали рухсат берувчи ҳужжатларни тайёрлатиб бериш эвазига 100 млн сўм талаб қилган.

Муҳандисларнинг ноқонуний ҳаракатлари фош этилди.
Фарғона тумани электр таъминоти корхонаси муҳандиси хизмат мавқеидан фойдаланиб, фуқаронинг қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехига электр тармоғи тортиш, электр ҳисоблагич ўрнатиб, улаб бериш, шунингдек, мансабдор танишлари орқали рухсат берувчи ҳужжатларни тайёрлатиб бериш эвазига 100 млн сўм талаб қилади.
ДХХ Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ва ИЖҚКД ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда муқаддам судланган муҳандис сўралган пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Бошқа ҳолатда эса Шароф Рашидов тумани электр таъминоти корхонаси муҳандиси ҳам ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, маҳаллий фермер хўжаликнинг электр энергиясидан мавжуд 122 млн сўм қарздорлигини мансабдор танишлари орқали йўқ қилиб бериш эвазига 50 млн сўм талаб қилиб, муқаддам 10 млн сўм олган.
ДХХ ва ИЖҚКД ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда у қолган 40 млн сўмни олган вақтида ушланди.
Ҳозирда ҳар икки ҳолат бўйича муҳандисларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
