Музработ тумани ҳокимига "ҳайфсан" берилди
Абдулла Маматқуловнинг фермерларни ҳақорат қилгани акс этган аудиоси тарқалиб, кенг муҳокамаларга сабаб бўлган эди.

Музработ тумани ҳокимига "ҳайфсан" берилди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги хабар берди.
Ижтимоий тармоқларда Музработ тумани ҳокими Абдулла Маматқуловнинг фермерларни ҳақорат қилгани акс этган аудиоси тарқалиб, кенг муҳокамаларга сабаб бўлган эди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ушбу ҳолат юзасидан Сурхондарё вилояти ҳокимлигига хизмат текшируви ўтказиш бўйича тақдимнома киритди.
Ўрганишлар давомида мазкур ҳолатда давлат хизматчисининг одоб-ахлоқ қоидалари талабларига зид хатти-ҳаракатларга йўл қўйилгани аниқланди.
Қонунчиликка мувофиқ, давлат фуқаролик хизматчилари хизмат вазифаларини виждонан бажариши, давлат органлари ва ташкилотларининг обрў-эътиборига путур етказиши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлардан тийилиши, шунингдек, фуқаролар билан муносабатларда хушмуомалалик, ҳурмат ва профессионаллик тамойилларига қатъий риоя қилиши шарт.
Давлат хизматчисининг одоб-ахлоқ қоидаларини бузгани учун Музработ тумани ҳокими Абдулла Маматқуловга нисбатан "ҳайфсан" интизомий жазоси қўлланилди.
Агентлик давлат хизматида ахлоқий стандартлар бузилишига қарши чораларни давом эттиришини маълум қилди.
