Ўта йирик миқдордаги фирибгарлик учун қидирувда бўлган шахслар Ўзбекистонга экстрадиция қилинди
Ҳозирги вақтда қўлга олинганлар зарур процессуал ҳаракатларни амалга ошириш учун тергов органларига топширилган.

Интерпол томонидан ўта йирик миқдордаги фирибгарлик учун қидирувда бўлган шахслар Ўзбекистонга экстрадиция қилинди.
Интерполнинг Тошкент ва Абу Даби шаҳарларидаги Миллий марказий бюроларининг ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлари билан халқаро миқёсда Интерпол каналлари орқали қидирувда бўлган жиноятчиларни топшириш масаласи ҳал этилди.
Ушбу шахслар Ўзбекистоннинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига топширилди.
Ушбу фуқаролар ўта йирик миқдордаги фирибгарлик жиноятини содир этганликлари учун Ўзбекистон Республикасининг ваколатли органлари томонидан қидирувга берилган эди.
Хорижий ҳамкорлар ва Ўзбекистон томонининг келишилган саъй-ҳаракатлари туфайли қидирувдаги шахслар Интерпол Миллий марказий бюроси ходимларига топширилиб, Ўзбекистон Республикасига олиб келинди.
Ҳозирги вақтда қўлга олинганлар зарур процессуал ҳаракатларни амалга ошириш учун тергов органларига топширилган. Келгусида улар суд олдида жавоб беради ва уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ жазо белгиланади.
