Ер участкасига нисбатан уч баравар солиқ бўйича янгилик эълон қилинди
Ушбу қоида 2020 йил 1 январдан 2024 йил 1 июнга қадар бўлган даврда жисмоний шахсларга нисбатан қўлланилмайди.

Ер участкалари эгалари учун янгилик эълон қилинди.
Президент Халқ қабулхонасига солиқ тўловлари, хусусан, ер солиғидан норозилик бўйича аҳолидан доимий равишда кўплаб мурожаатлар келиб тушаётган эди. Жумладан, 2025 йилда 2965 та, 2026 йилда 2796 та мурожаат йўлланган.
Эндиликда, янги тартибга кўра, кўплаб фуқароларнинг муаммосига ечим топилиб, илгари қўлланилган солиқ ставкалари қайта ҳисобланадиган бўлди.
Гап нимада?
Солиқ кодексининг 437-моддаси 10-қисмига асосан, ер участкаларидан ҳужжатларсиз ёхуд ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларда кўрсатилганидан каттароқ ҳажмда фойдаланилганда, солиқ ставкаси белгиланган солиқ ставкаларининг уч баравари миқдорида ҳисобланар эди.
2026 йил 15 июн куни Президент томонидан имзоланган ва Солиқ кодексига киритилган ўзгартиришга мувофиқ, энди 437-модданинг 10-қисмида назарда тутилган юқоридаги қоида 2020 йил 1 январдан 2024 йил 1 июнга қадар бўлган даврда жисмоний шахсларга нисбатан қўлланилмайди, яъни янги тартиб ушбу даврда юзага келган муносабатларга нисбатан татбиқ этилади.
