Тошкент инвестиция форуми: глобал майдондан маҳаллий ривожланиш сари
Форум ҳудудлардаги иқтисодий эҳтиёжлар ва имкониятларни ҳам халқаро инвесторларга танитиш майдонига айланди. Масалан, Деҳқонобод тумани инвесторлар учун энг қизиқарли йўналишлардан бири бўлган тоғ-кон ва геология соҳасида катта салоҳиятга эга.

Пойтахтимизда 16–18 июнь кунлари V Халқаро инвестиция форуми (TIIF-2026) бўлиб ўтди. Форумда дунёнинг қарийб 100 та давлатидан 8000 дан ортиқ иштирокчилар, йирик инвесторлар, халқаро молия институтлари ва бизнес доиралари вакиллари қатнашди.
Бу йилги тадбирда энергетика, рақамли иқтисодиёт, логистика, саноат, қишлоқ хўжалиги ва юқори технологиялар соҳаларида ўнлаб миллиард долларлик лойиҳалар тақдим этилди.
Форумнинг асосий мақсади – Ўзбекистон иқтисодиётига хорижий инвестицияларни жалб қилиш, халқаро бизнес билан ҳамкорликни кенгайтириш ва мамлакат ҳудудларининг инвестиция салоҳиятини намойиш этишдан иборат бўлди.
Бу йилги форумнинг асосий воқеаларидан бири Президент Шавкат Мирзиёевнинг чиқиши бўлди. Давлат раҳбари мамлакатда иқтисодий ислоҳотлар изчил давом эттирилаётганини таъкидлаб, Тошкент халқаро молия марказини ташкил этиш режасини маълум қилди. Ушбу марказ халқаро инвесторлар учун алоҳида ҳуқуқий ва солиқ режимлари асосида фаолият юритиши кўзда тутилмоқда.
Форумда яна бир муҳим янгилик сифатида Amazon Leo спутник интернет тармоғи билан ҳамкорлик масаласи эълон қилинди. Лойиҳа амалга оширилса, мамлакатнинг олис ва чекка ҳудудларини юқори тезликдаги интернет билан таъминлаш имкониятлари кенгаяди. Бу рақамли иқтисодиёт ва замонавий хизматларнинг ҳудудларга кириб боришида муҳим аҳамият касб этади.
Шунингдек, форумда умумий қиймати 75 миллиард еврога тенг бўлган инвестиция лойиҳалари халқаро инвесторларга тақдим этилди. Улар энергетика объектлари қурилиши, қайта тикланувчи энергия манбалари, саноат корхоналари, транспорт инфратузилмаси, критик минералларни қайта ишлаш ва рақамли технологияларни ривожлантириш каби йўналишларни қамраб олди.
Бу ерда энг муҳим жиҳат шундаки, форум нафақат республика даражасидаги йирик лойиҳалар, балки ҳудудлардаги аниқ иқтисодий эҳтиёжлар ва имкониятларни ҳам халқаро инвесторларга танитиш майдонига айланди.
Шундай ҳудудлардан бири Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод тумани бўлди. Форумда иштирок этган туман ҳокими ўринбосари-инвестициялар, саноат ва савдо бўлими бошлиғи Темур Абдураҳмоновнинг таъкидлашича, туман вакиллари Тошкентга аниқ мақсадлар билан келган.
«Мазкур форумга Деҳқонобод туманидаги салоҳиятли ва истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш учун инвесторлар топиш, шунингдек, замонавий техникалар харид қилиш бўйича тегишли хорижий компаниялар билан ҳамкорлик ўрнатишни мақсадида келдик. Туман иқтисодиёти учун муҳим бўлган лойиҳаларни ишга тушириш ва кўпроқ инвестиция жалб қилиш ниятидамиз», — дейди у.

Деҳқонобод бугун инвесторлар учун энг қизиқарли йўналишлардан бири бўлган тоғ-кон ва геология соҳасида катта салоҳиятга эга. Туманда доломит, бентонит ва калий хомашёси захиралари мавжуд. Шу билан бирга, экспорт салоҳияти юқори бўлган доривор ва зиравор ўсимлик - каврак етиштириш ва қайта ишлаш соҳасига ҳам инвестициялар жалб этиш режалаштирилган.
Темур Абдураҳмоновнинг айтишича, айниқса калий ўғитлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш долзарб вазифалардан бири ҳисобланади.
«Ҳозир туманда битта калий заводи фаолият кўрсатмоқда. Аммо жаҳон бозорида калий ўғитларига талаб юқори бўлгани учун яна икки-учта шундай корхона ташкил этишни режалаштирганмиз. Мавжуд қувватлар экспорт талабини тўлиқ қондиришга улгурмаяпти», — дейди Абдураҳмонов.
Деҳқонобод туманида саноатнинг яна бир истиқболли йўналиши тўқимачилик соҳаси ҳисобланади. Ҳозирда фаолият кўрсатаётган фабрика тайёр кийим-кечак ишлаб чиқаради. Келгусида бундай корхоналар сонини кўпайтириш орқали янги иш ўринлари яратиш ва экспорт ҳажмини ошириш мақсад қилинган.

Инвесторлар учун яратилган шароитлар ҳам Деҳқонободнинг муҳим устунликларидан бири саналади.
«Деҳқонобод туманида потенциал инвесторлар учун ер, даромад ва мол-мулк солиқлари бўйича катта имтиёзлар берилади. Хусусан, ижтимоий солиқ - 1%, инвесторлар учун фойда солиғи – 1%, айланмадан олинадиган солиқ – 1 % миқдорида белгиланган.
Лойиҳаларни амалга ошириш учун ер майдонлари ва конлар ажратилади, ҳокимият эса лойиҳа тўлиқ йўлга қўйилгунча ҳар томонлама кўмак беради», — дейди суҳбатдошимиз.
Форумнинг энг муҳим натижаларидан бири эса инвесторлар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш имконияти бўлди. Деҳқонобод делегацияси қисқа вақт ичида бир қатор мамлакатлар бизнес вакиллари билан музокаралар ўтказишга муваффақ бўлган.
«Бу платформа 99 та давлатдан 8000 дан ортиқ иштирокчиларни бирлаштиргани билан аҳамиятли. Биз учун ҳам катта имкониятлар эшиги очилди. Натижада Ҳиндистонлик тадбиркорлар билан 20 миллион долларлик, ўмонлик инвесторлар билан 10 миллион долларлик, Украина вакиллари билан 15 миллион долларлик ва Польша тадбиркорлари билан яна 15 миллион долларлик меморандумлар имзоланди», — дея маълум қилди ҳоким ўринбосари.
Албатта, меморандумлар ҳали инвестиция дегани эмас. Аммо айнан шундай келишувлар келажакда янги заводлар, ишлаб чиқариш қувватлари ва иш ўринларига асос бўлади.
V Тошкент халқаро инвестиция форуми яна бир бор шуни кўрсатдики, инвестиция сиёсати фақат пойтахт ёки йирик шаҳарлар манфаати учун эмас. Форумда муҳокама қилинган глобал ташаббуслар, халқаро келишувлар ва инвестиция лойиҳалари мамлакатнинг энг чекка ҳудудларигача етиб бориши мумкин. Деҳқонобод тумани мисоли эса бу жараённинг амалдаги ифодаси бўлиб хизмат қилмоқда.
Абулфайз Сайидасқаров
