platina.uz
Мақола

Эрон–АҚШ келишуви. Кимлар хурсанд ва кимлар норози?

АҚШ-Эрон келишуви Исроил раҳбарияти томонидан совуқ кутиб олинди. Исроил учун Эрон масаласи ташқи сиёсатнинг бир қисми эмас — бу миллий хавфсизлик концепциясининг маркази саналади. 

Эрон–АҚШ келишуви. Кимлар хурсанд ва кимлар норози?
Фотоколлаж: Platina.uz

Бир нарса Яқин Шарқ сиёсатини яхши таърифлайди: бу ерда тинчлик ҳақидаги ҳар бир хабар, кўпинча, янги кескинликнинг бошланиши бўлиб чиқади.

Шу маънода, 2026 йил баҳорида тарқалган АҚШ ва Эрон ўртасидаги “меморандум” ҳақидаги маълумотлар ҳам одатий дипломатик янгилик эмас — бу бутун минтақавий тизимни титратган сигнал сифатида қабул қилинди.

Жумладан, 14 июн куни тунда президент Доналд Трамп АҚШ ва Эрон келишувга эришилганини эълон қилди. Эрон ҳам бу хабарни тасдиқлади. Трамп сулҳни издан чиқариши мумкин бўлган ҳар қандай ҳаракатга, жумладан Исроил позициясига ҳам кескин муносабат билдирди. Келаси 60 кун давомида томонлар энг мураккаб ва баҳсли масалалар юзасидан якуний келишув шаклини ишлаб чиқиши керак. Гап Эроннинг минтақадаги таъсири, қуролли гуруҳлар фаолияти, санкциялар тақдири, Ҳўрмуз бўғозидан эркин ўтиш ва хавфсизлик кафолатлари каби масалалар ҳақида кетмоқда.

Эрон билан муроса: Трамп ва Обама усуллари

Доналд Трамп АҚШнинг 44-президенти Барак Обама даврида 2015 йилда Эрон билан имзоланган ядровий келишувни бир неча бор кескин танқид қилган.

Жумладан, 14 июн куни Трамп ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида Эрон билан эҳтимолий келишувни эълон қилиб, шундай деб ёзган эди:

"Обаманинг Эрон билан келишуви (Қўшма ҳар томонлама ҳаракат режаси) — осон, чиройли ва муаммосиз йўл эди, у Эронни ядровий қуролга олиб борарди; Эрон уни 6 йил олдин қўлга киритган ва анча олдин қўллаган бўлар эди. Менинг Эрон билан келишувим эса бунинг мутлақ тескариси: ядровий қуролга тўлиқ тўсиқ!".

Ўз навбатида Барак Обама Доналд Трампнинг, Обама даврида тузилган “Эрон ядровий келишуви” самарасиз бўлгани ва Эронга ҳам молиялаштириш олиш, ҳам ядровий қурол ишлаб чиқиш имконини бергани ҳақидаги баёнотларига жавоб қайтарди.

"Трамп Эрон билан урушда муваффақият қозона олмади. Биз қўрқитиш ва бомбардимонлар орқали ҳеч қандай натижага эришмадик ва энг яхши ҳолатда биз аввалги келишувга қайтамиз. Охир-оқибат эришиладиган ҳар қандай келишув СВПДга нисбатан яхшиланиш бўлмайди, чунки АҚШ уни аҳмоқона рад этган ва у бир неча йил давомида муваффақиятли ишлаб келган", — деди Обама ABC News интервьюсида.

Исроилнинг совуқ реакцияси: тинчликдан қўрқув ҳисси

АҚШ-Эрон келишуви Исроил раҳбарияти томонидан совуқ кутиб олинди. “Исроил ўз қўшинларини Ливандан олиб чиқмайди ва ўзини Эрон келишувидаги Ливан бандига боғланган деб ҳисобламайди” деган Бинямин Нетаняху.

Шунингдек Исроил Миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвирнинг "Исроил АҚШга бўйсунмайди" деган баёноти ҳам Исроил ўз хавфсизлик манфаатларини Вашингтон дипломатиясидан устун қўяётганини англатади.

Аслида бу можаро Вашингтон ва Тель-Авив ўртасидаги муносабатларнинг янги босқичга кирганидан дарак бериши мумкин. АҚШ ҳозирги пайтда Яқин Шарқдаги кенг кўламли ҳарбий қарама-қаршиликни тугатиш ва ресурсларини бошқа геосиёсий йўналишларга йўналтиришга ҳаракат қилмоқда.

Исроил эса хавфсизлик масалаларида ҳар қандай муросани ўз миллий манфаатларига таҳдид сифатида қабул қилмоқда.

Исроил учун Эрон масаласи ташқи сиёсатнинг бир қисми эмас — бу миллий хавфсизлик концепциясининг маркази. Шунинг учун Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги ҳар қандай юмшаш Исроилда тинчлик эмас, балки стратегик ноаниқлик сифатида қабул қилинади.

Исроилнинг асосий қўрқуви шуки, агар АҚШ Эрон билан прагматик келишувга келса, минтақадаги ўнлаб йиллар давом этган сиёсий архитектура ўзгариши мумкин. Исроил ўзини Эронга қарши “биринчи линия”даги давлат сифатида кўради. Бу рол эса фақат ҳарбий эмас, балки дипломатик капитал ҳам беради.

Эрон билан яқинлашув эса шу капитални пасайтириши эҳтимолини келтиради. Бошқача айтганда, Исроил учун бу келишув тинчлик эмас — геосиёсий яккалик хавфининг кучайишидир.

Ҳизбуллоҳ: иттифоқчи эмас, тизимнинг бир қисми

Эроннинг прокси кучларидан бири – “Ҳизбуллоҳ” масаласи эса янада мураккаб. Ушбу ташкилот раҳбарияти ўзаро келишувга кейинроқ имзхо қўйишини билдирди. Улар Исроилнинг ростан ҳам урушни тўхтатишга иродаси борлигини кўриш учун бу санани ортга суришди. Ҳақиқатан ҳам “Ҳизбуллоҳ” оддий минтақавий гуруҳ эмас — у Ливан сиёсий тизими ичида ҳам, ташқи сиёсий мувозанатда ҳам алоҳида ўринга эга куч ҳисобланади.

Ҳизбуллоҳнинг кучлилиги фақат қуролда эмас, балки Эрон билан боғланган молиявий, сиёсий ва идеологик тузилмада. Шунинг учун Теҳрон–Вашингтон яқинлашуви улар учун икки томонлама сигнал бўлади: бир томондан Эронга тушаётган босим юмшаши мумкин, иккинчи томондан эса ташқи сиёсий назорат кучайиши эҳтимоли пайдо бўлади.

Бу эса Ҳизбуллоҳни ноаниқ ҳолатга олиб киради: у ўзи таянадиган марказнинг дипломатик йўналиши ўзгарса, минтақавий рол ҳам автоматик равишда қайта шаклланади.

ҲАМАСнинг кутилмаган баёноти: сиёсатдаги прагматизм

Энг кўп эътибор тортган жиҳатлардан бири — ҲАМАС томонидан билдирилган ижобий муносабат бўлди. Бу ташқи кўринишда зиддиятли туюлади: уруш шароитида турган ҳаракат нега геосиёсий юмшашни қўллаб-қувватлайди?

Жавоб мафкурада эмас, реал сиёсий ҳисоб-китобда яширинган. Эрон–АҚШ ўртасидаги ҳар қандай юмшаш минтақадаги умумий босимни пасайтиради, гуманитар ва дипломатик каналларни очиши мумкин. Энг муҳими, ҲАМАС учун халқаро босим муҳитининг ўзгариши сиёсий манёвр имкониятларини кенгайтириши эҳтимолини яратади. Шу маънода, уларнинг баёноти “иттифоқчилик” эмас, балки сиёсий реализм намунаси, дейиш мумкин.

Эроннинг асосий ўйини: босим ва музокара ўртасидаги мувозанат

Эрон ташқи сиёсати узоқ йиллар давомида бир парадоксга таянади: бир томондан қаттиқ қаршилик риторикаси, иккинчи томондан эса доимий дипломатик эшикни очиқ қолдириш.

Санкциялар, ядровий дастур ва минтақавий таъсир Эрон учун фақат таҳдид эмас — улар музокарадаги инструментларга айланган. Шунинг учун Вашингтон билан эҳтимолий келишув Теҳрон учун тизимни ўзгартириш эмас, балки уни қайта созлаш воситасидир.

Эрон реал сиёсатида асосий мақсад — ғалаба эмас, барқарорликни сақлаб қолиш.

Вашингтон нуқтаи назари: тўлиқ ғалаба эмас, бошқарув

АҚШнинг Эрон сиёсатида ҳам идеал сценарийдан кўра амалий ёндашув устун. Яқин Шарқда бир вақтнинг ўзида бир неча инқирозлар сақланиб турган шароитда, Вашингтон учун энг муҳим вазифа — конфликтни бошқариладиган даражада ушлаб туриш.

Эрон билан келишув эҳтимоли ҳам шу мантиққа мос: у муаммони ҳал қилиш эмас, уни назорат қилинадиган ҳолатга келтириш имконияти сифатида кўрилади.

Тинчлик эмас, қайта тақсимланиш

Эрон–АҚШ яқинлашуви ҳақидаги ҳозирги муҳокамаларни оддий дипломатик янгилик деб қараш қийин. Бу кўпроқ Яқин Шарқдаги кучлар мувозанатининг қайта шаклланиш жараёнига ўхшайди.

Бу жараёнда ҳеч ким тўлиқ ютқазмайди ёки тўлиқ ютади деб бўлмайди. Исроил стратегик ноаниқликка кириб боради, Ҳизбуллоҳ ўз таянчларини қайта ҳисоблайди, ҲАМАС эса янги дипломатик бўшлиқни синаб кўради. Эрон эса ўзининг энг қадимий стратегиясига қайтади — ташқи босим остида яшашни такомиллаштиришда давом этади. Шу маънода, ҳозирги “яқинлашув” тинчлик эмас. Бу — минтақанинг янги сиёсий геометрияси шаклланаётган даврнинг бошланишидир.

Абулфайз Сайидасқаров

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid