Шавкат Мирзиёев Никол Пашинянни сайловдаги ғалаба билан табриклади
7 июнда бўлиб ўтган сайловларда Пашинян партияси 49 фоиздан ошиқ овоз олди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Арманистон Бош вазири Никол Пашинянга "Фуқаролик шартномаси" партиясининг парламент сайловларида ғалаба қозонгани муносабати билан табрикнома йўллади.
Armenpress агентлигининг Арманистон Бош вазири девонига таяниб хабар беришича, табрикда шундай дейилган:
"Ҳурматли Никол Воваевич, сизни Арманистон Республикасида бўлиб ўтган навбатдаги парламент сайловларида сиз раҳбарлик қилаётган "Фуқаролик шартномаси" партиясининг ғалабаси билан чин қалбимдан табриклайман.
Сайлов натижалари арман халқининг сизнинг ички ва ташқи сиёсатингизга, жумладан, Жанубий Кавказда тинчлик ва фаровонликни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларингизга бўлган юксак ишончининг амалий тасдиғидир.
Ишончим комилки, биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз орқали келажакда ўзаро манфаатли ҳамкорлигимизни кенгайтира оламиз.
Фурсатдан фойдаланиб, сизга сиҳат-саломатлик, бахт-саодат ва масъулиятли давлат хизматингизда улкан муваффақиятлар, шунингдек, дўст Арманистон халқига тинчлик ва фаровонлик тилайман."
Эслатиб ўтамиз, 7 июнда бўлиб ўтган сайловларда Пашинян партияси 49 фоиздан ошиқ овоз олди.
