Қўпол йўл қоидабузарликлари учун жазо кучайтирилади
Транспорт бошқариш ҳуқуқига эга бўлмаган ёки бу ҳуқуқдан маҳрум қилинган шахс томонидан содир этилган йўл безорлиги учун автомашинани мусодара қилиш ёки вақтинча олиб қўйиш таклиф этилди.

Ўзбекистонда йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузган ҳайдовчиларга нисбатан жавобгарликни кучайтирилади. Бу ҳақда ЙҲХХ бошлиғи Шерзод Ибрагимов маълум қилди.
Айтилишича, идоралараро ишчи гуруҳ томонидан тайёрланган таклифлар давлат раҳбарига тақдим этилган.
Таклифларга кўра, беш турдаги қўпол қоидабузарлик учун транспорт воситасини вақтинча олиб қўйиш, вояга етмаганларга автомобил бошқаришни топширганлик учун алоҳида маъмурий жавобгарлик жорий этиш, ноқонуний пойгалар учун жазони кучайтириш режалаштирилмоқда.
Шунингдек, транспорт бошқариш ҳуқуқига эга бўлмаган ёки бу ҳуқуқдан маҳрум қилинган шахс томонидан содир этилган йўл безорлиги учун автомашинани мусодара қилиш ёки вақтинча олиб қўйиш таклиф қилинмоқда.
Маст ҳолда транспорт бошқарган шахсларга нисбатан 15 суткагача маъмурий қамоқ жазосини қўллаш, қўпол қоидабузарлик содир этган ҳайдовчиларни эса бир йил давомида жаримани чегирма билан тўлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, вояга етмаган шахсга автомобил бошқаришни топшириш оқибатида одамлар жароҳатланса ёки ҳалок бўлса, бу ҳолатлар учун тўғридан-тўғри жиноий жавобгарлик белгилаш таклиф этилмоқда.
Мазкур таклифлар қабул қилинса, йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги жазо чоралари сезиларли даражада кучайтирилади.
