10 кг кумушни сотмоқчи бўлган шахс ушланди
У металлни махсус харидорга 20,8 минг АҚШ долларига сотган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

10 кг кумушни ноқонуний сотмоқчи бўлган шахс ушланди.
Давлат хавфсизлик хизмати, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Божхона органлари ҳамкорлигида Тошкент вилоятининг Зангиота туманида ўтказилган тезкор тадбирда қимматбаҳо металлнинг ноқонуний муомалага киритилишига чек қўйилди.
Хусусан, Тошкент шаҳрида яшовчи 1992 й.т. шахс 13 дона қуйма бўлакларда бўлган, жами 10 кг 35 гр кумушни махсус харидорга 20,8 минг АҚШ долларига сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди .
Тегишли баҳолаш хулосасига кўра, ушбу металлнинг умумий қиймати 235 млн 229 минг сўмни ташкил этади.
Терговга қадар текширув давомида, мазкур шахс заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи МЧЖ ходими эканлиги аниқланиб, ушбу МЧЖда олтин ва кумуш маҳсулотларига қайта ишлов берилаётгани, бироқ аффинаж (қазиб олинган руда концентрати ёки иккиламчи хом ашё таркибидаги қимматбаҳо металларни турли кимёвий аралашмалардан тозалаб, юқори даражадаги тоза металлни ажратиб олиш жараёни) фаолияти билан шуғулланишга рухсати йўқлиги маълум бўлди.
Шунингдек, ушбу манзилда умумий қиймати 3 млрд 483 млн сўмлик 58 кг кумуш ва 2,2 кг олтин борлиги аниқланди.
Ҳозирда қонунбузарга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
