platina.uz
Мақола

Сиёсат ва спорт: тенглик ҳамда икки хил стандартлар ўртасидаги нозик чегара

1936 йилги Берлин Олимпиадасини нацистлар Германияси халқаро тарғибот воситасига айлантирган эди. Совуқ уруш йилларида эса Олимпия ҳаракати бир неча бор СССР ва АҚШ ўртасидаги геосиёсий рақобат қурбонига айланган. 

Сиёсат ва спорт: тенглик ҳамда икки хил стандартлар ўртасидаги нозик чегара

Ирландияда Исроил терма жамоаси билан бўладиган ўйинни бекор қилиш талаб қилишмоқда. Ирландия ва Исроил терма жамоалари ўртасидаги учрашувга ҳали тўрт ойдан ортиқ вақт бор бўлса-да, ўйин атрофида сиёсий можаро аллақачон авж олди. Бир қатор ирландиялик сиёсатчилар ўйинни бекор қилишни талаб қилишди.

Дерри шаҳар кенгаши аъзоларидан бири эса, ўзининг таъкидлашича, «геноцидда иштирок этган» исроиллик футболчиларнинг исмларини ошкор қилиш ниятида эканини билдирди.

Учрашув 4 октябр куни УЕФА Миллатлар лигаси доирасида ўтказилиши режалаштирилган. Бироқ Ирландияда бу баҳс тобора спорт тадбири сифатида эмас, балки сиёсий масала сифатида муҳокама қилинмоқда.

Сўнгги кунларда бир нечта ирландиялик сиёсатчилар Ирландия – Исроил учрашувига бормасликларини маълум қилишди. Уларнинг барчаси бу қарорни Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳаракатларига қарши норозилик сифатида изоҳлаган.

Шу билан бирга, мамлакатда учрашувни ўтказишдан воз кечиш чақириқлари давом этмоқда. Ирландия ОАВлари хабар беришича, аввалроқ Исроилга қарши умуман майдонга тушмаслик эҳтимоли ҳам муҳокама қилинган.

Аммо УЕФА томонидан санкциялар қўлланилиши хавфи туфайли бу ғоядан воз кечилган. Ирландия футбол ассоциацияси аъзоларининг қарийб 93 фоизи Исроилни УЕФАнинг расмий мусобақаларидан четлатиш ташаббусини қўллаб-қувватлаган.

Хўш, нима учун сиёсат спортга таъсир қилмоқда? Бетарафлик билан икки томонлама стандартлар ўртасидаги чегара қаерда?

Футбол майдони жаҳон сиёсати аренасига айланганда

Спорт узоқ йиллар давомида миллат, дин, тил ва сиёсий қарашлардан қатъи назар одамларни бирлаштирувчи кам сонли соҳалардан бири ҳисобланган. Олимпиада ҳалқалари, жаҳон чемпионатлари ва халқаро турнирлар ўнлаб йиллар мобайнида адолатли рақобат ғоясининг рамзи бўлиб келди. Бу ерда ғалабани дипломатик иттифоқлар ёки давлатларнинг ҳарбий қудрати эмас, балки истеъдод, меҳнат ва маҳорат ҳал қилиши керак эди. Бироқ XXI аср спортнинг сиёсатдан мустақил бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тасаввурларни тобора кўпроқ синовдан ўтказмоқда.

Бугунги кунда халқаро мусобақалар нафақат спорт кураши майдони, балки глобал сиёсий қарама-қаршиликлар саҳнасига ҳам айланяпти. Спорт федерацияларининг қарорлари парламентларда муҳокама қилинмоқда, президентларнинг баёнотлари турнирлар тақдирига таъсир кўрсатмоқда, жамоаларни мусобақаларга қўйиш ёки четлатиш масаласи эса баъзан ҳарбий ва дипломатик инқирозлардан кам баҳс уйғотмаяпти.

Шу фонда бир савол тобора кўпроқ янграмоқда: ахлоқий тамойилларни ҳимоя қилиш билан сиёсий икки хил стандартлар ўртасидаги нозик чегара қаердан ўтади?

Спорт сиёсатдан ташқарими ёки бу афсонами?

«Спорт сиёсатдан ташқари» деган ибора жаҳон спортидаги энг машҳур шиорлардан бирига айланган. Аммо тарихга назар ташласак, спорт ҳеч қачон сиёсий жараёнлардан тўлиқ ажралиб қолмаганига амин бўламиз.

Биргина 1936 йилги Берлин Олимпиадасини эслашнинг ўзи кифоя. Нацистлар Германияси ушбу мусобақани халқаро тарғибот воситасига айлантирган эди. Совуқ уруш йилларида эса Олимпия ҳаракати бир неча бор СССР ва АҚШ ўртасидаги геосиёсий рақобат қурбонига айланган.

1980 йилда Москва Олимпиадаси совет қўшинларининг Афғонистонга киритилиши ортидан Ғарб давлатлари томонидан бойкот қилинди. Бунга жавобан эса Совет Иттифоқи ва унинг иттифоқчилари 1984 йилда Лос-Анжелесда ўтказилган Олимпия ўйинларида қатнашишдан бош тортдилар.

Спорт ҳар доим халқаро тизимнинг ҳолатини акс эттириб келган. Давлатлар ўртасида тинч муносабатлар ҳукм сурган пайтларда у ҳамкорлик воситаси бўлган. Дунё рақиб лагерларга бўлинган даврларда эса спорт ареналари сиёсий курашнинг давомига айланган.

Яқинда эса - 23 апрел куни АҚШ президенти Доналд Трампнинг махсус вакили Паоло Замполли ФИФАдан келаси жаҳон чемпионатида Эрон терма жамоаси ўрнини Италия билан алмаштиришни сўради. Унинг фикрича, Эроннинг мусобақада иштирок этиши қайта кўриб чиқилиши керак, шу муносабат билан у ФИФАга мурожаат йўллаган. Лекин бу таклиф халқаро ташкилот томонидан рад этилди.

Шунинг учун бугунги асосий савол спорт ва сиёсат ўртасида алоқа борми ёки йўқми, деган масала эмас. Бу алоқа борлиги аниқ. Муҳими, сиёсий қарорлар спорт соҳасида қанчалик адолатли ва изчил қўлланилаётганидир.

Россия прецеденти

2022 йил феврал ойида Россия ва Украина ўртасидаги қуролли можаро бошланганидан кейин халқаро спорт мисли кўрилмаган тезликда реакция билдирди.

Бир неча кун ичида Россия терма жамоалари ва клублари кўплаб халқаро мусобақалардан четлатилди. Россия футбол терма жамоаси ФИФА ва УЕФА мусобақаларида иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум бўлди, жаҳон чемпионати саралаш баҳсларидан чиқарилди, клублар эса Европа кубокларида қатнашиш имкониятини йўқотди.

Бундай кўламдаги спорт санкциялари дунёда ўнлаб йиллар давомида кузатилмаган эди. Бу қарорларни қўллаб-қувватлаганлар халқаро спорт йирик ҳарбий можаролар қаршисида бетараф қолиши мумкин эмаслигини таъкидладилар. Уларнинг фикрича, спорт ташкилотлари гуманитар қадриятлар ва халқаро ҳуқуқга содиқлигини намоён қилиши шарт.

Кўплаб спортчилар, мураббийлар ва расмийлар ҳам ушбу позицияни маъқуллади. Ғарб мамлакатларида Россияни четлатиш ахлоқий жиҳатдан асосли қарор сифатида қабул қилинди. Бироқ айнан шу прецедент янги муаммони ҳам келтириб чиқарди. Агар халқаро спорт сиёсий ва ахлоқий баҳо бериш ҳуқуқини ўз зиммасига олар экан, бу ҳуқуқ барча ҳолатларда бир хил қўлланилиши керак эмасми?

Исроил масаласи

Ғазо секторидаги уруш бошланганидан кейин спорт ва сиёсат муносабатлари ҳақидаги баҳслар янада кучайди. Фаластин вакиллари, ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар ҳамда айрим сиёсий арбоблар бир неча бор халқаро спорт ташкилотларини Исроилга қарши санкциялар масаласини кўриб чиқишга чақирдилар. Уларнинг баъзилари Россияга нисбатан қабул қилинган қарорларни мисол қилиб келтириб, Исроилга ҳам худди шундай чоралар қўлланилишини талаб қилди.

Бироқ Исроил халқаро мусобақаларда иштирок этишда давом этмоқда. Бу ҳолат айримлар учун ҳар бир вазиятнинг ўзига хослиги ва уларни механик тарзда таққослаб бўлмаслигининг далили бўлса, бошқалар учун сиёсий танлаб муносабат билдириш ва икки хил стандартларнинг намунаси бўлиб кўринди.

Аслида бугунги спорт сиёсатидаги энг муҳим савол ҳам шу ерда пайдо бўлади. Агар спорт ҳақиқатан ҳам умумий ахлоқий тамойилларга таянса, нега ўхшаш талаблар турли натижаларга олиб келмоқда? Бу саволга жавоб бериш биринчи қарашда кўринганидан анча мураккаб.

Спорт ташкилотлари қандай изоҳ беради?

Халқаро федерациялар бу фарқни бир неча омиллар билан тушунтиради.

Биринчидан, улар ҳар бир можаро ўзига хос ҳуқуқий хусусиятлар ва сиёсий шароитларга эга эканини таъкидлайди.

Иккинчидан, Россия ҳолатида ўнлаб миллий федерациялар Россия жамоаларига қарши майдонга тушишдан бош тортган ва бу турнирларнинг ўтказилишига таҳдид солган эди. Учинчидан, спорт ташкилотлари ўзларини халқаро суд сифатида кўрмасликка ҳаракат қилиб, асосий вазифаси мусобақаларни ташкил этишдан иборатлигини таъкидлайди.

Расмий нуқтаи назардан бу аргументлар мантиқий кўринади. Бироқ танқидчилар муаммо ҳуқуқий тафсилотларда эмас, балки адолат ҳақидаги тасаввурда эканини айтишмоқда.

Ҳар қандай қоидалар тизими фақат барчага бир хил қўлланилган тақдирдагина ўз нуфузини сақлаб қолади. Агар бир хил ахлоқий мезонлар турли қарорларга олиб келса, тизимнинг ўзига бўлган ишонч ҳам сусайиши мумкин.

Тарих қандай сабоқ беради?

Бундай баҳслар илк бор юзага келаётгани йўқ. Энг машҳур мисоллардан бири — апартеид давридаги Жанубий Африка Республикасининг халқаро спортдан изоляция қилиниши. Ўнлаб йиллар давомида спорт санкциялари ирқий ажратиш сиёсатига қарши босим ўтказиш воситаси сифатида қаралди.

Спорт чекловларини қўллаб-қувватловчилар бу мисолни спорт халқаро сиёсатда ахлоқий роль ўйнаши мумкинлигининг исботи сифатида келтиради.

Бироқ тарих бошқа мисолларни ҳам билади. Турли давлатларнинг ҳарбий амалиётлари ва қуролли можаролари ҳар доим ҳам кенг кўламли спорт санкцияларига сабаб бўлмаган. Баъзи ҳолларда эса чекловларни қўллаш мезонлари сиёсий вазият, жамоатчилик босими ёки йирик давлатларнинг позициясига қараб ўзгариб турган. Шу сабабли ҳар бир йирик халқаро инқироздан кейин икки хил стандартлар ҳақидаги баҳслар яна авж олади.

Спортчилар давлат қарорлари учун жавобгарми?

Бутун баҳснинг марказида муҳим ахлоқий дилемма ётади. Ҳукумат қарорлари учун спортчини жазолаш адолатлими?

Санкциялар тарафдорлари бу саволга ижобий жавоб беради. Уларнинг фикрича, миллий терма жамоалар давлатнинг халқаро намоён бўлиш шаклларидан бири ҳисобланади ва шу сабабли сиёсий юкдан бутунлай холи бўла олмайди.

Мухолифлар эса бошқача фикрда. Уларга кўра, спортчи уруш бошлаш ҳақида қарор қабул қилмайди, ташқи сиёсатни шакллантирмайди ва дипломатик қарорларда иштирок этмайди. Демак, жамоавий жавобгарлик спорт руҳига зид ҳисобланади.

Ҳар икки позиция ҳам маълум даражада асосли. Шунинг учун бу саволга ҳозирча мутлақ ва ҳамма тан оладиган жавоб мавжуд эмас.

Янги геосиёсий даврда спорт

Энди дунё тобора кучайиб бораётган халқаро рақобат даврига кирмоқда. Йирик давлатлар ўртасидаги рақобат ортмоқда, янги куч марказлари пайдо бўлмоқда, сиёсий иттифоқлар ўзгармоқда. Бундай шароитда спортни сиёсатдан тўлиқ ажратиш ҳақида гапириш тобора қийинлашиб бормоқда.

Ҳозирги даврда спорт федерациялари мураккаб танлов қаршисида қолмоқда. Агар улар сиёсий можароларга аралашса, бир томонлама ёндашувда айбланади. Агар бетарафликни сақласа, бефарқликда айбланади. Ҳар қандай қарор танқидларга сабаб бўлади. Шунинг учун халқаро спортнинг асосий вазифаси мутлақ бетарафликка эришиш эмас, балки барча иштирокчилар учун тушунарли ва изчил қоидаларни сақлаб қолиш бўлиб бормоқда.

Хулоса ўрнида

Ҳеч шубҳасиз, спорт ҳар доим оддий мусобақадан кўра кенгроқ маънога эга бўлиб келган. У жамият қадриятларини акс эттиради, халқаро муносабатларнинг ҳолатини кўрсатади ва кўп ҳолларда жаҳон тартибининг кўзгусига айланади. Шунинг учун унга нисбатан талаблар ҳам юқори.

Албатта, қоидалар барча учун бир хил бўлганда, спорт адолатли рақобат рамзи бўлиб қолади. Аммо кимгадир бир хил, бошқасига бошқача муносабат билдирилганда, майдонга спортчилар эмас, балки сиёсий манфаатлар чиққандек таассурот пайдо бўлади.

Балки муаммо спортда эмасдир? Балки спорт шунчаки жамиятнинг ўзига хос кўзгусидир? Агар халқаро муносабатларда икки хил мезонлар пайдо бўлса, улар бир куни албатта стадионларга ҳам етиб келади. Агар адолат сиёсий манфаатларга қараб ўзгарса, унинг акс-садоси спорт майдонларида ҳам эшитилади.

Шу боис бугун баҳс фақат бир ўйин, бир терма жамоа ёки бир мамлакат ҳақида эмас. Баҳс инсоният қандай қоидалар асосида яшашни истаётгани ҳақида. Чунки қоидалар ҳамма учун бир хил бўлгандагина ҳақиқий адолат вужудга келади. Акс ҳолда, ҳар қандай мусобақа рақобат эмас, куч ва таъсир имкониятларининг навбатдаги намойишига айланиб қолиши мумкин.

Абулфайз Сайидасқаров

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid