Рақобат қўмитаси қурилиш компанияларини огоҳлантирди
Сўнгги вақтларда қурилиш соҳасида шартнома шартларининг бажарилмаслиги, муддатларнинг кечикиши ва рухсат олинмасдан уйлар учун олдиндан тўлов олиш ҳолатлари юзасидан мурожаатлар кўпайган.

Рақобат қўмитаси қурилиш компанияларини огоҳлантирди.
Сўнгги вақтларда Рақобат қўмитасига келиб тушаётган мурожаатлар сони ортиб бормоқда. Жумладан, қурилиш соҳасидаги қонунбузилишлар бўйича 2025 йилда 1 706 та мурожаат келиб тушган бўлса, 2026 йилнинг биринчи чорагидаёқ уларнинг сони қарийб мингтага етган.
Бу, бир томондан, Қўмита фаолиятининг очиқлиги ва аҳоли ҳамда тадбиркорлар билан тўғридан-тўғри мулоқот йўлга қўйилгани, тизимга ишонч ортиб бораётганини кўрсатса, бошқа томондан айрим соҳаларда қонунчилик талабларига тўлиқ амал қилинмаётганини англатади.
Хусусан, сўнгги вақтларда қурилиш соҳасида шартнома шартларининг бажарилмаслиги, муддатларнинг кечикиши ва рухсат олинмасдан уйлар учун олдиндан тўлов олиш ҳолатлари юзасидан мурожаатлар кўпаймоқда.
Ушбу мурожаатларда асосан:
-қурилиш ишларининг сифатсиз бажарилиши;
-кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ ундирилиши;
-шартнома шартларига риоя қилинмаслиги;
-уй-жойларни белгиланган муддатда топширмаслик;
-техник талабларга жавоб бермайдиган материаллардан фойдаланиш ҳамда рекламада ваъда қилинган лойиҳаларнинг амалда бажарилмаслиги каби ҳолатлар қайд этилмоқда.
Юқоридагиларга асосан, Рақобат қўмитаси фуқароларимизга хонадон сотиб олиш жараёнларида қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратишни тавсия этиб, эслатади:
Улуш киритиш асосида уй-жой сотиб олишда (ҳали қурилмаган уй-жой учун пул тўлашда) ёки янги қурилган кўп қаватли уй-жойлардан хонадон сотиб олишда:
-шартнома шартлари билан батафсил танишиб чиқиш, шартноманинг асосий жиҳатларига эътибор қаратиш, хусусан:
-қурувчи ва истеъмолчининг ҳуқуқ ва мажбуриятларига ҳамда уларнинг ўзаро мутаносиблигига;
-қурилиш ва фойдаланишга топшириш муддатларига;
-муддатлар бузилганда жавобгарлик назарда тутилганлигига алоҳида эътибор қаратиш лозим.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-4732 сонли Қарорига мувофиқ, кўп квартирали уйларни улуш асосида қуриш учун аҳоли ёки ташкилотларнинг пул маблағларини жалб қилиш ҳуқуқи фақат юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтган, махсус электрон рўйхатга киритилган қурувчи компанияларга берилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-246-сонли Фармонига мувофиқ, харидор ва сотувчи ўртасида ҳисоб-китобларнинг шаффофлиги ва ишончлилигини таъминлаш, шунингдек, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида тўловлар эскроу ҳисобварағи орқали, шу жумладан банк кассалари ёки нақдсиз ҳисоб-китоб шаклида амалга оширилиши белгиланган.
Қурувчи корхоналарни эса огоҳлантирилди:
“Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, истеъмолчилар товар ва хизматларни эркин танлаш, уларнинг сифатли бўлишини талаб қилиш, шунингдек, етказилган моддий ва маънавий зарарнинг тўлиқ қопланишини талаб қилиш ҳуқуқига эга. Шунингдек, истеъмолчи ҳуқуқларини чеклайдиган ёки қонунчиликка зид шартлар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади ва бундай ҳолларда етказилган зарар ишлаб чиқарувчи ёки хизмат кўрсатувчи томонидан қопланиши лозим.
Конституциянинг 65-моддасига кўра, давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари устуворлигини ҳисобга олган ҳолда тадбиркорлик эркинлигини кафолатлаши белгиланган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг "Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида"ги Қонунининг 9-моддасига кўра тадбиркорлик субъектлари рақобат ва истеъмолчилар ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликка амал қилиши шартлиги қайд этилган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, барча қурувчи корхоналардан қонунчилик нормаларига қатъий амал қилган ҳолда, фуқаролар билан шартнома тузишлари, қурилишни битказиш имкониятларидан келиб чиқиб, оқилона ва аниқ муддатларни белгилашлари ҳамда фуқароларнинг қонунчиликда белгиланган имтиёз ва ҳуқуқларини чекламаслик чораларини кўришлари шартлигини эслатиб ўтилди.
Белгиланган қонунчилик талабаларининг бузилиши, тегишли таъсир чоралари қўлланилишига сабаб бўлади.
