Саида Мирзиёева: "Қўғирчоқ театри анъаналарини асраб қолиш мен учун алоҳида аҳамиятга эга"
Президент Администрацияси раҳбари Ўзбек Миллий қўғирчоқ театрига борди.

Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева қўғирчоқ театридаги таасуротлари билан бўлишди.

"Биз Ўзбек Миллий қўғирчоқ театрига бориб, олам-олам завқ олдик. Вилгельм Гауф эртаги асосида саҳналаштирилган “Халифа Лайлак” спектаклини томоша қилдик. Бу — инсон иродаси ва ўзликни англаш йўли ҳақидаги биз учун ҳам қадрдон, севимли асардир", дея ёзади Саида Мирзиёева.
Реконструкциянинг биринчи босқичи якунланиши билан театр ҳаёти яна жонланди: бу ерда спектакллар намойиш этиляпти, болаларнинг қувноқ овозлари янграяпти, ота-оналар фарзандлари билан жам бўляпти. Ушбу масканнинг тарихий қиёфаси, ўзига хос руҳи авайлаб сақлаб қолинган: “Эртаклар шаҳарчаси”, залнинг чўян эшиклари, карнай чалаётган созандалар сиймоси, ноёб шиша плафонлар, пештоқ композициялари ва мозаикалар қайта тикланди.

"Қўғирчоқ театри санъати анъаналарини асраб қолиш мен учун алоҳида аҳамиятга эга. Зеро, қўғирчоқ болалар билан мулоқотда ҳамиша энг яхши воситачи бўлиб қолади ва улар тушунадиган тилда эркинлик, масъулият, матонат, дўстлик каби муҳим тушунчалар ҳақида сўзлашишга ёрдам беради", дея таъкидлайди ПА раҳбари.
