platina.uz
Маданият

​"Олтин Ҳумо" миллий кино тақдимотига ҳар йили 5 млрд сўм ажратилади

​"Ўзбекфилм" киноконцернига "миллий" мақоми берилиб, у маҳаллий ва халқаро студияларга хизмат кўрсатувчи марказга айлантирилади. Филмлар намойишидан тушган маблағнинг 50 фоизи продюсер ва ижодий гуруҳга қўшимча рағбат сифатида берилади.

​"Олтин Ҳумо" миллий кино тақдимотига ҳар йили 5 млрд сўм ажратилади

​Ўзбекистонда киноиндустрияни ривожлантириш, ҳудудларда китобхонликни кенгайтириш ҳамда маданият ва санъат таълимини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган муҳим чора-тадбирлар белгиланди.

Янги ҳужжат билан соҳада маъмурий тўсиқлар қисқартирилиб, молиявий мустақиллик ва рағбатлантириш тизими жорий этилмоқда.

​Хусусий киностудиялар учун эркин рақобат муҳитини яратиш мақсадида бир қатор кенгашлар ва ҳар бир фильмга маслаҳатчи бириктириш амалиёти тугатилмоқда. Бундан буён давлат буюртмаси асосидаги фильмлар учун соҳа мутахассисларидан иборат ҳақ тўланадиган эксперт гуруҳлари тузилади.

​Шунингдек, кино соҳасида қуйидаги янгиликлар жорий этилмоқда:

​"Ўзбекфилм" киноконцернига "миллий" мақоми берилиб, у маҳаллий ва халқаро студияларга хизмат кўрсатувчи марказга айлантирилади.

​"Олтин Ҳумо" миллий кино тақдимоти нуфузини ошириш учун 2027 йилдан бошлаб ҳар йили 5 миллиард сўм ажратилади.

​Давлат буюртмаси ва Болалар контентини ривожлантириш маркази лойиҳалари учун филм бюджетининг 30 фоизигача маблағ маркетинг ва рекламага йўналтирилишига рухсат берилади.

​Филмлар намойишидан тушган маблағнинг 50 фоизи продюсер ва ижодий гуруҳга қўшимча рағбат сифатида берилади. Харид шартномаларини экспертизадан ўтказиш талаби эса бекор қилинади.

2026 йил 1 июлдан бошлаб Тошкент шаҳри, Самарқанд ва Наманган вилоятлари ҳокимликлари ҳузурида Маданий тадбирларни ташкил этиш дирекциялари (МЧЖ шаклида) тузилади. Улар давлат маданият объектлари (театр, концерт заллари ва ҳ.к.) билан шартнома тузиб, уларнинг бўш вақтидан унумли фойдаланган ҳолда оммавий тадбирлар ташкил этади.

​Шу билан бирга, 2026 йил якунига қадар чекка ва олис ҳудудлардаги маҳаллаларда 50 тадан 100 тагача намунали маҳалла кутубхонаси ва китоб дўконлари ташкил этилади. Ушбу кутубхоналар тўлиқ рақамлаштирилади ва 2027 йил 1 январдан бошлаб уларда “Мутолаа” платформасидан фойдаланиш учун шароит яратилади.

​Муқимий номидаги, Бердақ номидаги мусиқали театрлар ва Ўзбек Миллий қўғирчоқ театрига молиявий, ижодий ҳамда ташкилий масалаларни мустақил ҳал қилиш ваколати берилмоқда.

2026/2027 ўқув йилидан бошлаб умумтаълим мактабларида мусиқа, тасвирий санъат ва технология дарслари хориж тажрибаси асосида “Art” ўқув дастури бўйича ўқитилади (тажриба тариқасида ҳар бир ҳудудда 10 тадан мактабда). Ҳар бир мактабда мусиқа ва санъат йўналишида камида 4 тадан тўгарак ташкил этилади.

​Педагогларни қўллаб-қувватлаш бўйича муҳим қадамлар:

​Болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўқитувчиларининг иш ҳақи оддий мактаб ўқитувчилариникига тенглаштирилади.

​Ўқувчиларининг чолғу ижро этиш даражасига қараб ўқитувчиларга ҳар ой 20 фоизгача устама тўланади.

​Ёш ижодкорларнинг стартап лойиҳалари учун 10 та олий таълим муассасасига жами 50 миллиард сўм ажратилади.

​Республика мусиқа ва санъат техникуми ҳамда Карим Зарипов номидаги Республика эстрада ва цирк техникуми "Олий мактаб" сифатида қайта номланиб, Маданият вазирлиги тизимига ўтказилади.

​Ушбу олий мактабларнинг иқтидорли битирувчилари ўз ўқишини тегишли бакалавриат йўналишлари бўйича олийгоҳларнинг 2-босқичидан давом эттириш имкониятига эга бўлишади. Шунингдек, Маданият вазирлиги ҳузурида янги Маданият ва санъат ходимлари малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти ташкил этилади.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid