platina.uz
Спорт

1 июндан футболда янги қоидалар кучга кирди

Захирага олинаётган футболчи майдонни исталган энг яқин чизиқ (ён ёки юз чизиғи) орқали роппа-роса 10 сония ичида тарк этиши шарт. Агар улгурмаса, ҳакам унга сариқ карточка кўрсатади. 

1 июндан футболда янги қоидалар кучга кирди

1 июндан бошлаб янги қоидалар кучга кирди.

ИФАБ ва ФИФА томонидан жорий қилинган ҳамда вақтни чўзиш ва сунъий айёрликларга чек қўядиган янги қоидалар кучга кирди:

Захирага олиниш учун 10 сония: Ўзгараётган футболчи майдонни исталган энг яқин чизиқ (ён ёки юз чизиғи) орқали роппа-роса 10 сония ичида тарк этиши шарт. Агар улгурмаса, ҳакам унга сариқ карточка кўрсатади. Энг муҳими, захирадан янги ўйинчи дарҳол майдонга туша олмайди, жамоа кейинги тўхталишгача (камида 1 дақиқа) 10 киши бўлиб ўйнашга мажбур бўлади.

Тиббиёт ходимлари ёрдами – 1 дақиқа дам: Агар футболчига майдонда тиббий ёрдам кўрсатилса, ўйин қайта бошлангач, у камида 1 дақиқа давомида майдон ташқарисида кутиб туриши керак. Фақат дарвозабонлар, қўполлик сабабли рақибга сариқ ёки қизил карточка кўрсатилган вазиятлар ва мия чайқалиши гумон қилинган ҳолатлар бундан мустасно. Шунингдек, шифокорлар майдонда эканлигида жамоанинг захира ўриндиғи олдида кўрсатма олиш учун тўпланиши қатъиян тақиқланади.

Тўпни ўйинга киритиш учун 5 сония: Ҳакам аут ёки дарвозадан тўп киритишни атайлаб чўзаётганини кўрса, қўлини кўтариб 5 сониялик саноқни бошлайди. Агар аут қоидаси бузилса, тўп рақиб жамоага олиб берилади. Агар дарвозадан тўп киритиш чўзилса, жазоловчи чора сифатида рақиб фойдасига бурчак тўпи белгиланади. Дарвозабон тўпни қўлида 8 сониядан ортиқ ушлаб турса ҳам бурчак тўпи белгиланади.

Жанжал вақтида оғизни ёпиш — қизил карточка: Зиддиятли вазиятларда (рақиб ёки ҳакам билан тортишув пайтида) ниманидир яшириш мақсадида оғзини қўли ёки либоси билан ёпган исталган футболчига тўғридан-тўғри қизил карточка кўрсатилади. Агар бутун жамоа норозилик белгиси сифатида майдонни тарк этса, ўйин техник мағлубият билан якунланади.

ВАР ваколатлари кенгайтирилди:

ВАР эндиликда хато кўрсатилган иккинчи сариқ карточкани ва хато белгиланган бурчак тўпини бекор қила олади.

ВАР бурчак ёки жарима тўплари ўйинга киритилишидан аввал ҳужумкор жамоа томонидан қилинган қоидабузарликларни (масалан, рақиб ҳимоячисини атайлаб тўсиб қўйиш) текшириш ва киритилган голни бекор қилиш ҳуқуқига эга бўлди.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid