Самарқандда 4 киши каналда чўкиб кетди
"Нарпай" каналига тушиб кетган жами 8 фуқародан 4 нафари аҳоли томонидан қутқариб қолинган.

Самарқандда 4 киши каналда чўкиб кетди.
Жорий йилнинг 31 май куни Самарқанд вилояти ФВБга “112” тизими орқали юк ташиш учун мўлжалланган электромопед ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиши натижасида унда бўлган 8 нафар фуқаро билан Пахтачи тумани “Украч” МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи “Нарпай” каналига тушиб кетгани ҳақида хабар келиб тушган.
Хабарга асосан, ФВВ қутқарувчилари воқеа жойига етиб борган вақтда каналга тушиб кетган 8 нафар фуқародан 4 нафари аҳоли томонидан қутқариб қолинганлиги маълум бўлган.
Шундан сўнг зудлик билан сувда кенг кўламли қидирув-қутқарув ишлари олиб борилган. Қутқарувчилар ва аҳоли ёрдамида олиб борилган сувда қидирув ишлари давомида қолган 4 нафар фуқаро ҳалок бўлганлиги аниқланиб, каналдан олиб чиқилган.
Олиб борилган суриштирув ишлари давомида аниқланишича, Пахтачи тумани “Украч” МФЙда яшовчи, 1984-йилда туғилган фуқаро ўз бошқарувидаги электромопедга жами 8 нафар шахсни – турмуш ўртоғи ҳамда ўзи ва қўшни хонадондан 6 нафар вояга етмаган болаларни миндириб, сайр қилаётган бўлган.
Ҳозирда воқеа жойида Пахтачи тумани прокуратураси, ИИБ, ФВБ томонидан ҳодисанинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш ишлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.
