platina.uz
Жамият

Андижонда "Soliq" иловаси орқали 35 млрд сўмдан ошиқ кешбек талон-тарож қилинди

Вилоят солиқ бошқармаси масъуллари ҳам шубҳали операциялар ҳақида департамент органларига хабар бермаган. 

Андижонда "Soliq" иловаси орқали 35 млрд сўмдан ошиқ кешбек талон-тарож қилинди

Андижон вилоятида бир гуруҳ шахслар томонидан “Soliq Mobile” иловаси орқали 35,1 млрд сўм маблағлар кешбек сифатида талон-торож қилинганлиги фош этилди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Андижон вилояти бошқармаси томонидан терговга қадар текширув ўтказилган. Унда 6 нафар фуқаро ва бошқалар ўзаро тил бириктириб, фуқаро Ў.Қ.нинг номига 3 та, фуқаро Н.Ю.нинг номига 5 та ва Р.Х.нинг номига 1 та МЧЖ ташкил этиб, ушбу МЧЖлар ўртасида ҳеч қандай молиявий алоқалар амалга оширилмаган бўлса-да, компьютер техникаси воситаларидан фойдаланган ҳолда 2026 йилнинг март-апрель ойларида жами 1,1 трлн сўмлик маҳсулотлар етказиб берилганлиги ҳақида сохта электрон ҳисоб-фактураларини расмийлаштирган. Сўнгра гўёки савдодан тушган пул маблағларини онлайн назорат касса машиналари орқали кирим қилиб, фуқароларга сотилганлиги ҳақида харид чекларини чиқаришган.

Натижада жами 100 458 нафар фуқарога “Soliq Mobile” иловаси орқали “Keshbek” сифатида тўлаб берилганлиги оқибатида, 35,1 млрд сўм бюджет маблағлари ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилинганлиги аниқланган.

Ўз навбатида, Андижон вилояти солиқ бошқармаси масъул шахслари ва бошқалар юқоридаги МЧЖлар томонидан жами 1,1 трлн сўмлик ҳисобварақ-фактуралар расмийлаштирилганлиги ҳолатлари бўйича корхоналарнинг ҚҚС гувоҳномаларини бекор қилиш чораларини кўрмаганлиги, шунингдек шубҳали операциялар ҳақида департамент органларига хабар бермаганликлари маълум бўлган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, терговга тегишлилиги бўйича прокуратурага юборилган.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid