Тадбиркорлар, йирик компанияларнинг адабиёт, маданият ва санъатга ажратган маблағлари солиққа тортилмайди
Давлат ва хусусий театрлари спектакл учун сотилган ҳар бир чиптага бюджетдан қўшимча 10 минг сўмдан гонорар олади. Яъни мингта билет сотса, театрга қўшимча 10 миллион сўм берилади.

Ҳар йили 100 нафар ёшнинг давлат ҳисобидан хорижий маданият-санъат даргоҳларида таълим олиши йўлга қўйилади.
– Юртимиздаги ёш истеъдодларни аниқлаб, юзага чиқарадиган, продюсерларни қўллаб-қувватлайдиган бизнес лойиҳаларини кўпайтириш мақсадида “Ижодга инвестиция” жамғармаси ташкил этилади ва йилига 200 миллиард сўм берилади.
– Шоир ва ёзувчиларга йилига камида 50 та энг сара асар учун ижодий буюртма бериш йўлга қўйилади.
– Ҳар йили ўзбек адабиётининг энг яхши 10 та асари хорижий тилларга таржима қилинади ва муаллифлар иштирокида чет элларда тақдимотлар ўтказилади.
– Ёзувчилар уюшмаси тавсияси асосида чоп этиладиган китобларнинг қоғоз билан боғлиқ харажати давлат томонидан қопланади.
– ёш истеъдодларнинг шеърият билан санъатни уйғунлаштирган шеърий концертлар ташкил этиш ташаббуслари қўллаб-қувватланди. Ушбу йўналишда тақдим этиладиган энг сара 100 та лойиҳа давлат ҳисобидан молиялаштирилади.
Ҳар йили 500 минг ўқитувчи, шифокор, давлат хизматчиси, фаол ўқувчи ва талабаларга, 100 минг эҳтиёжманд оила ва ногиронлиги бор болаларга театр, кино ва концертга бепул ваучер тақдим этилади.
Бундан ташқари, 1 июлдан ҳар бир туман ва маҳаллада концерт-томоша ўтказиш харажатининг 20 фоизгача қисми бюджетдан қоплаб берилади.
Тадбиркорлар, йирик компанияларнинг адабиёт, маданият ва санъатни ривожлантириш мақсадида йўналтирган ҳомийлик маблағлари ҳам солиққа тортилмайди.
– Энди вилоят ҳокимликлари ҳузурида алоҳида дирекция фаолияти йўлга қўйилади. Дирекциялар концерт, театр, маданият саройлари залларини тўлиқ ишлатиш, ҳар куни маданий тадбирлар ташкил қилишга масъул бўлади.
1 сентябрдан бошлаб хусусий театрлар ва театр-студияларига ҳар йили 50 та саҳна асари яратиш харажати давлат томонидан қоплаб берилади, давлат маданият объектлари бепул фойдаланиш учун ажратилади, хусусий бинони ижарага олса, ойига 20 миллион сўмгача харажати бюджетдан қопланади.
Давлат ва хусусий театрлари спектакл учун сотилган ҳар бир чиптага бюджетдан қўшимча 10 минг сўмдан гонорар олади. Яъни мингта билет сотса, театрга қўшимча 10 миллион сўм берилади. Агар ижодкорлар саҳна асарини ҳудудларга чиқиб намойиш қилса, гонорар миқдори 20 минг сўмдан бўлади.
Янги ўқув йилидан бошлаб, 326 та мусиқа ва санъат мактабидаги ўқитувчиларнинг ойлиги ҳам умумтаълим мактаблари билан бир хил бўлади.
Умумтаълим ва мусиқа мактаби ўқитувчилари иш ҳақига ўқувчиларининг чолғуларни қай даражада ижро этишига қараб, 20 фоизгача устама тўланади.
Янги ўқув йилида камида 1,5 миллион ўқувчини мусиқа ва санъатга жалб қилиш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди. Бунинг учун 326 та мусиқа ва санъат, 29 та ихтисослашган мактаб билан умумтаълим мактаблари ўртасида ижодий ҳамкорлик йўлга қўйилади.
