Сирдарё ва Жиззахдаги тиббиёт муассасаларида 350 мингга яқин фуқаролардан асоссиз пул олингани аниқланди
Гулистон тиббиёт кластерида хатолик сабаб 340 млн сўмга яқин асоссиз даромад олинган.

Рақобат қўмитаси томонидан Сирдарё ва Жиззахдаги тиббиёт муассасаларида 350 минга яқин фуқаролардан 440 млн сўмга яқин асоссиз маблағ олингани аниқланиб, қайтарилиши белгиланди.
Рақобат қўмитаси томонидан аҳолига кўрсатилаётган пуллик тиббий хизматлар нархларининг шакллантирилиши бўйича тегишли қонунчилик талабларига риоя этилиши юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
Ҳудудлар кесимида мисоллар:
Сирдарё вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан Гулистон тиббиёт кластерида ўтказилган ўрганишларда муассаса 2024 йил давомида кўрик йўналишдаги хизмат турлари бўйича билвосита харажатларни тақсимлаш коэффициентини ҳисоблашда хатоликка йўл қўйгани аниқланди. Яъни 110 та пуллик тиббий хизмат тури бўйича 100 минг нафарга яқин истеъмолчи билан ҳисоб-китоб қилиниб, 340 млн сўмга яқин асоссиз даромад олинган.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 6 ва 21-моддаларида ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) истеъмолчига ўзи реализация қилаётган товар (иш, хизмат)лар ҳақида ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот бериши шартлиги, шунингдек сотувчи (ижрочи) истеъмолчини ҳақ эвазига қўшимча товарлар сотиб олишга ёки қўшимча хизматлардан фойдаланишга қисташга, шунингдек кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олишга ҳақли эмаслиги белгилаб берилган.
Юқоридагиларга кўра, ҳудудий бошқарма Махсус комиссияси томонидан қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан Гулистон тиббиёт кластерига нисбатан 340 млн сўмга яқин маблағни истеъмолчиларга қайтариш бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.
Рақобат қўмитаси Жиззах вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан Республика Ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Жиззах филиалида ўтказилган ўрганишларда мазкур илмий-амалий тиббиёт маркази Жиззах филиали томонидан 2023-2024 ва 2025-йиллар мобайнида пуллик тиббий хизматларда нотўғри ҳисобланиши оқибатида 40 минг 500 га яқин мижозлардан асоссиз равишда жами 100 млн сўмдан ортиқ маблағ олингани аниқланди.
Юқоридагиларга кўра, ҳудудий бошқарма Махсус комиссияси томонидан қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан Республика Ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Жиззах филиалига нисбатан белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, 100 млн сўмдан ортиқ маблағни истеъмолчиларга қайтариш бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.
