Кинематография комиссияси, Миллий ва Бадиий кенгашлар тугатилади
Давлат буюртмаси асосида яратилган фильмлар намойишидан тушган маблағнинг 50 фоизи продюсер ва ижодий гуруҳга қўшимча рағбат сифатида берилади.

Республика кинематография комиссияси, Миллий ва Бадиий кенгашлар тугатилади.
Шу йилнинг 1 сентябридан давлат буюртмаси асосида кино яратишда тарғибот ва реклама харажати учун фильм буджетининг 30 фоизигача маблағ ажратилади, харид шартномаларини экспертизадан ўтказиш талаби бекор қилинади. Шунингдек, хорижий компанияларнинг Ўзбекистон ҳудудида кино маҳсулот яратиш билан боғлиқ фаолияти солиқлардан озод қилинади.
Давлат буюртмаси асосида яратилган фильмлар намойишидан тушган маблағнинг 50 фоизи продюсер ва ижодий гуруҳга қўшимча рағбат сифатида берилади.
Ўзбекистон киноарбоблари ижодий уюшмаси томонидан ўтказиладиган “Олтин ҳумо” миллий кино тақдимотининг нуфузини янги босқичга кўтариш мақсадида ҳар йили 5 миллиард сўмдан ажратилади.
Республика кинематография комиссияси, Миллий ва Бадиий кенгашлар ҳалигача эскича бошқарув ва самарасиз назорат тизимидан воз кеча олмаётгани қайд этилди. Шу боис, соҳада ижодий эркинлик ва соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш мақсадида ушбу комиссия ва кенгашлар фаолияти бутунлай тугатилади.
Энди кинонинг ҳар бир жанри ва мавзусидан келиб чиқиб, ўша соҳа мутахассисларидан иборат ҳақ тўланадиган эксперт гуруҳлари ташкил қилинади.
Бунда Ўзбекистон киноарбоблари ижодий уюшмаси, Ёзувчилар уюшмаси, Бастакорлар уюшмаси томонидан тавсия этилган мутахассислар эксперт гуруҳлари таркибига киритилади. Мутасаддиларга кино соҳасида замонавий ва шаффоф тизимни йўлга қўйиш бўйича таклиф киритиш топширилди.
