platina.uz
Жамият

Айрим докторантларнинг стипендияси оширилади

Илмий даражалар беришда 2027 йил 1 январдан чет тили фанидан малакавий имтиҳон топшириш бекор қилинади. 

Айрим докторантларнинг стипендияси оширилади

Айрим докторантларга оширилган стипендия тўланади.

“Янги авлод илмий кадрларини тайёрлаш ва уларни аттестация қилиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ–98-сон, 26.05.2026 й.) қабул қилинди.

Фармонга кўра, 2026 йил 1 сентябрдан Давлат бюджети ҳисобидан таянч докторантура ва докторантура (докторантура)да кадрлар тайёрлашда:

- докторантурага умумий қабул квотасининг камида 60 фоизи илмий кадрлар тайёрлашнинг устувор йўналишларига оид ихтисосликлар (устувор илмий ихтисосликлар)га ажратилади;

- дифференциал стипендия тизими жорий этилиб, устувор илмий ихтисосликларга қабул қилинган докторантларга базавий стипендиянинг 1,7 баравари миқдорида оширилган стипендия тўланади;

- устувор ихтисосликларга қабул қилинганларга тадқиқот ишида зарур асбоб-ускуналар хариди учун ҳар ой базавий стипендиянинг 30 фоизи миқдорида қўшимча маблағ докторант таҳсил олаётган ташкилотга йўналтирилади;

- таянч докторантура босқичининг 1-ўқув йилида соҳавий махсус фанлар, илмий тадқиқот методологияси ва академик ёзиш, статистика ва маълумотлар таҳлили каби фанлар бўйича ўқув машғулотлари ташкил этилади.

Илмий раҳбарга докторантнинг ихтисослигига мос фан тармоғида илмий тадқиқот тажрибасига эга бўлиш талаби жорий этилади.

Олий таълимдан кейинги таълимга қабул қилишда тегишли фан йўналишларида миллий сертификатга эга талабгорни мутахассислик фани бўйича имтиҳондан озод этиб, унга максимал балл бериш тартиби бекор қилинади.

Илмий даражалар беришда 2027 йил 1 январдан қуйидаги тартиблар бекор қилинади:

- чет тили фанидан малакавий имтиҳон топшириш, мустақил изланувчилар бундан мустасно;

- Олий аттестация комиссияси томонидан диссертация мавзуларини рўйхатдан ўтказиш ва диссертация ҳимояси тўғрисида эълон бериш;

- диссертацияни етакчи ташкилотда муҳокамадан ўтказиш;

- ижтимоий-гуманитар фанлар соҳалари бўйича фан доктори (DSc) илмий даражаси учун тайёрланган диссертация натижалари юзасидан монография эълон қилиш;

- диссертация авторефератини чоп этиш;

- диссертация илмий натижаси амалиётга жорий этилганлиги тўғрисида хулоса олиш;

- Олий аттестация комиссиясининг фан тармоқлари бўйича эксперт кенгаши томонидан диссертацияни илмий экспертизадан ўтказиш;

- ҳимоя қилинган диссертация бўйича илмий кенгаш қарорини Олий аттестация комиссияси томонидан тасдиқлаш;

- таълим ва илмий-тадқиқот фаолияти учун жалб қилинган чет эллик фуқаронинг хорижда олган илмий даражаси тўғрисидаги ҳужжатларини нострификация қилиш.

2027 йил 1 январдан илмий даража берувчи илмий кенгашлар фаолияти самарадорлигини баҳолаш бўйича рейтинг тизими жорий этилади.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid