platina.uz
Мақола

Очилмаган сирлар: нега элита вакилларининг чап кўзи кўкаради?

Бу қандайдир эпидемиями ёки уларни қийноққа солишганми? Ёки тадбир оқшомида муштлашув юз берганми? Нега ҳаммада ва айнан чап кўзи остида кўкариш пайдо бўлади?

Очилмаган сирлар: нега элита вакилларининг чап кўзи кўкаради?
Фотоколлаж: Platina.uz

Сиёсий интригалар, ёпиқ элитар клублар ва яширин таъсир назариялари дунёсида бир ғалати ҳолат борки, у кўп йиллардан буён интернет жамоатчилиги ва конспирология тадқиқотчиларини ҳайратга солиб келмоқда. Гап Black Eye Club деб аталувчи феномен ҳақида кетяпти.

Сирли тамға

Тасаввур қилинг, Давос, Лондон ёки Вашингтондаги ҳашаматли меҳмонхоналардан бирининг ёпиқ залида одамлар йиғилган. Машҳур сиёсатчилар, миллиардерлар, қироллик оиласи аъзолари, актёрлар ва мусиқачилар қандайдир ёпиқ тадбир ўтказишади. Бу тадбир ҳақида ОАВда эълон берилмаган. Тадбир ҳақида кичик хабарча ҳам эълон қилинмайди. Унга фақат танланган ва хос одамлар таклиф этилган.

Тадбир ниҳоясига етгач, унинг қатнашчилари турли автомобилларда ўз маконларига жўнаб кетишади. Аммо уларнинг қиёфасида бир ўхшашлик кузатилади: уларнинг барчасида чап кўзининг остида кўкариш пайдо бўлади.

Бундай кўзи кўкарганлар қаторида машҳур шахслар – Рим Папаси, АҚШ президентлари Жо Байден, Жорж Буш, давлат котиби Жон Керри, Ҳолливуд актёрларини кўриш мумкин.

Бу нима – қандайдир эпидемиями ёки уларни қийноққа солишганми? Ёки тадбир оқшомида муштлашув юз берганми? Нега ҳаммада ва айнан чап кўзи остида кўкариш пайдо бўлади?

Ғалати жиҳати шундаки, мазкур элита вакиллари бу кўз кўкаришидан уялишмайди. Шу ҳолларида турли очиқ сиёсий тадбирларда бемалол кўриниш беришади. Президентлар ва бошқа давлат раҳбарлари юқори минбарларда туриб баёнотлар қилишади. Бунга гувоҳ бўлган жамиятда ва журналистларда эса саволлар туғилади, табиийки.

Масалан, шу йил январ ойида Франция президенти халқаро йиғилишда кўзига қора кўзойнак таққан ҳолда кўринди.

Ёки миллиардер Илон Маск Трамп билан учрашув пайтида кўз ости кўкаришини яширмади.

Аммо улар кўз кўкариши учун турли баҳона ва изоҳларни келтиришади. Кимдир кўзини эшикка уриб олган, кимдир кеча спорт залида рақибидан тасодифий зарба еган. Кимдир эса тунда халқ қайғусида тўйиб ухламаганини, яна баъзилар бироз соғлиги ёмонлашганини баҳона қилади.

Шу билан оломон қизиқиши ва шов-шувлар тўлқини бироз пасаяди. Кўз кўкаришлари ҳам кетади. Лекин қизиқувчан одамлар кейинчалик яна бир қонуниятни пайқашади. Бу кўз ости кўкаришлари билан оммага кўриниш берган олигархлар, сиёсий ва маънавий етакчилар, спорт ва маданият юлдузларининг шу воқеадан кейин тўсатдан обрўси ва бойлиги ошиб кетади.

Улар катта омад ва муваққиятга дуч келади, ишлари янада юришади. Кўз кўкариши ва бу кутилмаган омад ўртасида қандай боғлиқлик бор? Нега оддий одамларда бу ҳодиса шунчаки кулги ёки ачиниш уйғотади, лекин “катта” одамларга омад келтиради?

“Танланган шахслар клуби” назарияси

Айрим тадқиқотчиларнинг фикрича, бу ерда гап оддий маиший жароҳатлар ҳақида эмас, балки зодагон қатлам вакиллари аъзо бўладиган ёпиқ муҳит ҳақида кетмоқда. Бу клубга дарров ном ҳам қўйишга улгуришди: Black Eye Club, яъни “Кўкарган кўз клуби”.

Мазкур назария тарафдорларининг уқдиришича, элита вакиллари бу клубга қабул қилинганининг белгиси сифатида чап кўзлари остида кўкариш пайдо бўлади. Бу рамзий тамғани яшириш мумкин эмас. Бу кўз кўкариши – муайян маросимдан ўтганлик белгиси ёки глобал сиёсий ва молиявий жараёнларда иштирок этувчи норасмий элитага мансублик тасдиғидир. Айримлар буни масон анъаналари, оккулт жамиятлар, махфий орденлар ва ҳатто қадимги бағишлов маросимлари билан боғлайди.

Бундай назариялар айниқса интернет фойдаланувчилари жамиятда катта қудрат ва таъсирга эга инсонларнинг ўхшаш жароҳатлар билан тушган суратларини йиғиб, катта тўпламлар тузишни бошлаганидан сўнг кенг тарқала бошлади. Бир қарашда бу ўхшашликлар ғалати, тахминлар эса ишонарли кўринади.

Нега айнан чап кўз?

Бу ерда назария тарафдорлари рамзий талқинларга янада чуқурроқ кириб боради. Турли мистик анъаналарда чап кўз баъзан махфий билим; “ботиний кўз”, қандайдир олий ва самовий кучга бўйсуниш ёхуд мистик ва оккулт амалиётлар билан боғланади. Айрим конспирология тадқиқотчилари буни “ҳамма нарсани кўрувчи кўз”, қадимги Мисрдаги Ра ва Гор илоҳлари кўзи ва масонлар символикаси билан қиёслайди. Миср илоҳиётидаги кўз суратида эса айнан чап кўз тасвирланган.

Ҳамма нарсани кўрувчи кўз тамғаси – гўёки Олий қудрат – Худо кўзини англатади. Бу масонлар ташкилоти логотипида мавжуд. Шунингдек, АҚШнинг 1 долларлик банкнотида ҳам кўриш мумкин.

Кўз кўкариши шу мистик талқин билан боғлиқ дейилади. Яъни бу тамға қўйилган инсон энди шу олий ва сирли доира вакили эканини кўрсатади гўёки.

Ёки бошқа тахминларга кўра, баъзи одамлар шайтон билан шартнома тузади. Улар иймонлари ва руҳларини шайтонга сотиб, эвазига шу дунённиг ўзида катта қудрат, ҳокимият, бойлик ва обрўга эга бўлишади. Яъни бу дунё матоси йўлида охиратларини куйдириб, дўзахни танлашади.

Фактлар нима дейди?

Аммо бир муҳим жиҳатни унутмаслик керак: бундай маросим мавжудлигини тасдиқловчи тўғридан-тўғри далиллар ҳеч қачон тақдим этилмаган. Махфий ташкилотлар бўлса-да, улар шунинг учун ҳам махфийки, ҳеч ким ички сирларидан хабардор бўла олмайди. Сирни очишга уринганлар эса эҳтимол орамизда яшаб қолмайди.

Агар ҳиссиётлар ва интернет мистицизмини реал воқеликдан ажратсак, бир нечта муҳим нуқталар ойдинлашади.

Энг аввало, йиғилган “далил”ларнинг аксарияти – суратлар тўплами холос. Назариянинг асосий базаси ОАВда чиққан тасвирларга қурилган. Масалан, кимдир ростан ҳам йиқилиб тушган. Кимдир кўзида жарроҳлик операциясини ўтказган, кимдир спорт жароҳати олган. Кимдир шунчаки ноқулай ёруғлик манбасида суратга олинган. Шу каби турли вазиятларга қарамасдан, суратлар контекстдан узиб олиниб, ягона “занжир”га айлантирилади.

Шунингдек, психологияга кўра, инсон мияси ҳатто мавжуд бўлмаган жойда ҳам қонуният излашга мойил. Психологияда бу апофения эффекти деб аталади, яъни инсон мияси тасодифий воқеалар ўртасида яширин боғлиқликни, мантиқий алоқани кўришга интилади.

Қолаверса, бу сирли кўз кўкариши ростан махфий ташкилот маросими изи бўлса, уни грим қилишнинг иложи бўларди-ку?! Давлат раҳбарларининг имижмейкерлари бу борада қаттиқ қайғуришади чунки. Агар юқори мансабдор шахс юзида бирор ўзгариш билан омма олдига чиқса, албатта бунга расман изоҳ беради.

Масалан, АҚШ давлат котиби Марко ўтган йилнинг 5 март куни Fox News телеканали эфирида пешонасига кулдан чизилган катта хоч тамғаси билан кўринди.

Насроний руҳонийлари кейинчалик изоҳ беришича, Рим-католик черковида Буюк пост, яъни рўза даврининг биринчи куни – “Кул чоршанбаси” деб аталувчи кунда махсус маросим доирасида насронийларнинг пешонасига кулдан хоч чизиб қўйилади.

Марко Рубио ҳам черковга алоқадорлиги ва диндорлигини таъкидлаш учун гарчи АҚШ дипломатиясининг раҳбари бўлса-да, пешонасида хоч тамғаси билан интервю бершидан уялмаган.

Шу ўринда савол туғилади. Балки кўз ости кўкарганлар ҳам қандайдир махфий оқимга, яъни “Кўкарган кўз клуби”га мансублигини таъкидлашдан уялмас ва ҳатто фахрланишар эҳтимол. Шунинг учун буни яширишга уринмаётган бўлса-чи?

Ёш билан боғлиқ аломатми?

Яна бир қатлам фикрича, бу кўз кўкариши билан кўринган элита вакилларининг кўпчилиги – ёши улуғ инсонлар. Маълумки, инсон қариши билан қон томирлари мўртлашади ва ҳатто кичик зарба ҳам сезиларли гематомага, яъни кўкаришга олиб келиши мумкин.

Бундан ташқари, турли пластик операциялар, косметологик муолажалар, тиббий инъекциялар, мансаб билан боғлиқ стресс ва сурункали уйқусизлик ҳам кўз атрофида ўхшаш излар қолдириши мумкин. Аммо ёш ва соғлом машҳурларнинг кўзи кўкаришини қандай изоҳлаш керак?

ОАВ можароларга ўч бўлади

Агар оддий одамнинг кўзи остида кўкариш пайдо бўлса, буни ҳеч ким пайқамайди. Аммо бундай жароҳат президент, миллиардер ёки машҳур инсонда пайдо бўлса, сурат бир зумда бутун дунё бўйлаб тарқалади. Шундан кейин интернет ўзаро боғлиқ бўлмаган ҳолатларни ягона назарияга бирлаштира бошлайди. ОАВ эса бу тахминлар гулханига бензин сепиб баттар аланга олишига хизмат қилади.

Хўш, нега бу назария ҳамон машҳурлигича қолмоқда? Чунки у замонавий элитага нисбатан ишончсизлик кайфиятига жуда мос келади.

Одамлар тобора кўпроқ шундай тахминларга ишонмоқда. Масалан, аввал оммавий маданиятда, турли кинофилм ва журналистик суриштирувларда элита вакилларининг махфий жойларда йиғилиб, турли маросимлар ва оммавий жинсий бузуқликлар ва зўравонлик билан шуғуланиши ҳақида гап сўзлар юрарди. Аммо дарров бу тахминлар кулги остига олинар ва конспирологик алаҳсираш сифатида рад этиларди. Аммо яқинда Жефри Эпштейн, унинг шахсий ороли ва у ерда турли элита қатламлари вакилларининг жинсий бузуқлик ва зўравонлик, ҳатто қотиллик билан шуғулланиб тургани ҳақидаги фактлар ошкор бўлиб, бу тахминлар ўз исботини топди. Бу воқелардан кейин “Кўкарган кўз клуби” ҳақидаги тахминлар ҳам ростмикан, деган фикр туғилиши табиий.

Шу боис бошқа тахминлар яна ОАВда кўтарилмоқда. Яъни биз жаҳонда кузатаётган сиёсий ва иқтисодий воқеалар шунчаки айсбергнинг учи. Аслида улар остида биз билмайдиган ва кўра олмайдиган ҳодисалар юз бермоқда, балки?

Расман олганда, махфий элита клублари мавжудми?

Тарих шуни кўрсатадики, ёпиқ жамоалар ҳақиқатдан бўлган ва ҳозир ҳам мавжуд.

Масалан, XVIII-XIX асрлардаги масон ложалари, элитар университет клублари, ёпиқ сиёсий уюшмалар, жаҳон элитасининг норасмий учрашувлари, Билдерберг клуби каби халқаро форумлар шулар жумласидандир.

Бироқ ёпиқ учрашувларнинг ўзи мистик маросимлар ёки махфий “бағишлов белгилари” мавжудлигини исботламайди.

Оммага таъсир қила оладиган қудратли инсонлар ҳақиқатдан тор доирада мулоқот қилади – бу факт. Аммо ҳар қандай кўз кўкариши ёки бошқа тасодий доғларни жаҳон миқёсидаги фитна тасдиғига айлантириш – жиддий тахмин бўлиб, жиддий далил ва исбот талаб қилади.

Афсонами, тасодифми ёки элиталар ўйини?

Агар феноменга холисона ёндашилса, Black Eye Club мавжудлигининг тўғридан-тўғри далиллари йўқ. Иштирокчилар гувоҳлиги йўқ. Ҳужжатлаштирилган маросимлар йўқ. Бундай тузилма борлигини исботлаган ишончли суриштирувлар йўқ.

Далилларнинг кўпчилиги шунчаки тахминлар, визуал ўхшашликлар; интернетдаги суратлар тўпламлари ҳамда рамзий талқинлар устига қурилган. Аммо жамиятнинг бундай назарияларга қизиқишини ҳам бутунлай рад этиб бўлмайди. Бу феномен жамият ва жаҳон элитаси ўртасидаги ишонч инқирози чуқурлашганини кўрсатади.

Балки Black Eye Club – интернет даврининг чиройли конспирологик афсонасидир. Эҳтимол асосий сир кўз кўкаришида эмасдир. Балки бу тамға ҳам, бу тамға атрофидаги шов-шувлар ҳам сизу бизни улкан фитналар ва режалардан чалғитиш учун атайлаб ўйлаб топилиб, бу шов-шув худди итга отилган суяк каби олдимизга ташлангандир?..

Абулфайз Сайидасқаров

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid