Орзудаги ЖСТ: аслида эркин бозор муҳитига кафолат йўқ
Бозоримиз жаҳонга очилганда биринчи бўлиб кучлилар эмас, давлат ҳимоясидаги соҳалар зарар кўради. Жумладан, паст самарадор енгил саноат, маҳаллий йиғувчи-ишлаб чиқарувчилар, қишлоқ хўжалигининг айрим сегментлари, импорт чекловига боғлиқ компаниялар, маъмурий устунликка асосланган бизнес моделлар “биринчи зарбадаёқ” қулашининг эҳтимоли катта.

Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлишни стратегик иқтисодий мақсад сифатида белгилаган. Дастлаб мамлакат расмий равишда барча музокара жараёнларини 2026 йилда якунлаши кутилган эди. Бироқ 2026 йил март ойида музокаралар гуруҳи вакиллари таъкидлаганидек, айрим аъзо давлатлар томонидан Ўзбекистоннинг товар ва хизматлар бозорига кириш шартлари, тариф мажбуриятлари ҳамда ички қонунчиликка оид ҳужжатларни кўриб чиқиш жараёни чўзилиб кетгани сабабли, якунловчи босқичнинг муддатлари ўзгариши эҳтимоли мавжуд.
Кимлар нимадан норози?
ЖСТга аъзо бўлиш йўлидаги музокараларда асосий эътибор импорт тарифларининг босқичма-босқич либераллашуви, давлат субсидиялари шаффофлигини ошириш, давлат корхоналарининг бозордаги улушини қайта кўриб чиқиш, шунингдек, интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини халқаро стандартларга мослаштириш каби йўналишларга қаратилмоқда.
Шу билан бирга, айрим соҳаларда – хусусан саноат маҳсулотлари, қишлоқ хўжалиги ва хизматлар бозорида – бозорга кириш шартлари бўйича қўшимча келишувлар талаб этилмоқда.
Аниқ қўшилиш санаси ҳали расман белгиланмаган бўлса-да, Ўзбекистон ҳукумати ЖСТ талабларига мослашиш бўйича кенг кўламли институционал ислоҳотларни амалга ошириб келяпти.
Бу жараён доирасида божхона тартиб-таомиллари рақамлаштирилмоқда, техник регламентлар қайта кўриб чиқилмоқда, лицензиялаш тизими соддалаштирилмоқда ҳамда ташқи савдо операцияларида давлат аралашуви босқичма-босқич қисқартирилмоқда.
Шунингдек, иқтисодий сиёсатда рақобат муҳитини кучайтириш, давлат корхоналарининг самарадорлигини ошириш ва хусусий сектор улушини кенгайтириш каби вазифалар устувор йўналишлар сифатида белгиланган. Ҳукуматнинг баёнотларига кўра, ушбу ислоҳотлар нафақат ЖСТга аъзо бўлиш талабларини бажариш, балки мамлакат иқтисодиётини узоқ муддатли барқарор ўсиш траекториясига олиб чиқиш мақсадини ҳам кўзлайди.
ЖСТга аъзолик нима беради?
ЖСТ – бу давлатлар ўртасидаги савдо учун “ўйин қоидалари” тизимидир. Содда қилиб айтганда, бу давлатлар ўртасида савдо қилиш учун ягона қоидалар тўплами бўлиб, савдо тартибсиз бўлиб кетмаслиги ҳамда давлатлар бир-бирини истаганича божхона тарифлари билан “жазолай” олмаслиги учун, савдо олдиндан башорат қилинадиган бўлиши учун татбиқ этилади.
ЖСТнинг асосий тамойиллари қуйидагилардан иборат:
1. Тенг шароит (MFN)
Агар давлат бир шерикка имтиёз берса, уни ЖСТнинг барча аъзоларига ҳам бериши керак.
Маълумот учун - MFN (Most Favored Nation) бу – савдода энг қулай шароит тартибидир. Бу ЖСТнинг асосий тамойили ҳисобланади. Унинг маъноси шундан иборатки, агар бир давлат бошқа бир давлат учун муайян савдо имтиёзлари, тарифлар ёки афзалликлар белгиласа, у бу имтиёзларни автоматик равишда ЖСТнинг барча аъзоларига ҳам татбиқ этиши шарт. Яъни, Ўзбекистон ЖСТга аъзо давлатларга нисбатан савдо шартларини турлича қўллай олмайди. ЖСТнинг барча аъзолари учун бир хил шарт-шароитлар таъминланиши керак.
2. Бозорни исталганча ёпиш мумкин эмас
Бож тарифларини фақат келишилган чегаралар доирасида ўзгартириш мумкин.
3. Шаффофлик
Давлатлар ўз савдо қоидаларини очиқ тушунтириши шарт.
Яъни ЖСТга аъзолик – бошқа давлат бозорларига тенг шароитда кириш ва савдода камситилишдан ҳимояланиш, халқаро арбитраж орқали низоларни ҳал қилиш имкониятини беради ва савдо муносабатларининг барқарорлигини таъминлайди. ЖСТ – жаҳон савдосини барқарор ва олдиндан ҳаммага очиқ ва маълум қиладиган тизимдир.
ЖСТ қоидалари мутлақми?
Шу ўринда савол туғилади, баъзан ЖСТ аъзолари, масалан, АҚШнинг бошқа давлатларга нисбатан жазао тариқасида тарифларни кескин оширганига гувоҳ бўламиз, бу ЖСТ тамойилларига ва эришилган келишувларга зид келмайдими?
Гап шундаки, ЖСТ тарифларни умуман тақиқламайди. ЖСТ тарифлар белгиланган “чегара” (мажбуриятлар) доирасида бўлиши мумкин, деган қоидага таянади.
АҚШ президенти Доналд Трамп бошқа давлатларга нисбатан бож тарифларини оширганида бир неча механизмлардан фойдаланган. Зеро, баъзи ҳолатларда қонуний истиснолар бор, ҳамма ҳолат ҳам автоматик равишда “қоида бузилиши” ҳисобланмайди:
1. Миллий хавфсизлик – агар мамлакат буни хавф деб ҳисобласа, тарифни ўзгартириш мумкин(масалан, пўлат ва алюминий савдосига);
2. Антидемпинг – агар бир давлат товарни жуда арзон сотса – қўшимча бож қўйилади;
3. Савдо низолари – масалан, Хитойнинг “адолатсиз савдо сиёсати” бўйича даъволар тарифни оширишга сабаб қилиб кўрсатилади;
4. Сиёсий босим – тарифлар дастаги музокараларда сиёсий ва иқтисодий босим воситаси сифатида қўлланилади.
Бу ЖСТ қоидасини бузадими?
Ҳар доим ҳам бузмайди. Хусусан, АҚШ ўз ҳаракатларини ЖСТ қоидаларига мос деб ҳисоблайди. Бошқа давлатлар эса баъзи қарорларни қонунга зид дейди. Бундай низолар ЖСТ судларида кўриб чиқилади
Хулоса қилиб айтганда, ЖСТ – мутлақ қатъий қонун эмас, балки умумий қоидалар тизимидир. Давлатлар баъзан бу қоидаларни турлича талқин қилиши ва баҳслашиши амалиётда кўп учрайди.
Финишга яқин давлат
Яна Ўзбекистонга қайтадиган бўлсак, 2026 йилда мамлакатимиз шундай чегарага яқинлашмоқдаки, ундан кейин иқтисодиёт “тартибга солинадиган тизим” бўлишдан чиқиб, глобал савдо майдонининг бир қисмига айланади.
Мамлакат ЖСТга қўшилиш бўйича музокараларни деярли якунламоқда – бу ташкилот жаҳон савдо қоидаларини белгилаб беради. Лекин дипломатик иборалар ортида оддий формула яширин: ЖСТга аъзолик – нафақат катта бозорларга кириш, балки ўз бозорини ҳаддан зиёд ҳимоя қилишдан воз кечишни ҳам англатади!
ЖСТ ва музокара манбаларига кўра, ҳозир Ўзбекистон ташкилотга қўшилишнинг якуний босқичида турибди: 40 дан ортиқ музокара раунди ўтказилган, 30дан зиёд давлат билан икки томонлама келишувлар мувофиқлаштирилган, ўнлаб қонунлар қайта кўриб чиқилган, юзлаб тариф ва савдо позициялари муҳокама қилинган.
Бу оддий расмиятчилик эмас. Демакки, мамлакатимиз аллақачон тариф ҳимоясини камайтирмоқда, божхона тизимини ислоҳ қилмоқда, хизматлар бозорини очмоқда, субсидия тизимини шаффофликка тайёрламоқда.
Бозоримиз қанчалик ҳимояланган?
Қуйидаги расмий маълумотлар иқтисодиётнинг ҳимоя даражасини кўрсатади:
- ўртача божхона тариф ставкаси (MFN – халқаро мажбуриятлар бўйича импорт божининг ўртача даражаси, мамлакатга товар олиб кириш учун тўланадиган шу товар нархидан ўртача фоиз): ~4.7%;
- оддий ўртача ставка: ~7.3% (Бу эса бозорнинг амалдаги реал ўртача ҳимоя даражасидир. Нега у юқорироқ? Чунки барча товарларга бир хил бож қўлланилмайди, баъзи товарларга эса юқорироқ бож ставкалари белгиланган. Содда қилиб айтганда, амалда бозорни ҳимоя қилиш даражаси “расмий ўртача минимал кўрсаткич”дан бироз кучлироқ бўлади.);
- саноат товарлари учун тариф: ~4.7-6% (Бу – техника, ускуналар ва саноат товарларидир. Бу ерда ҳимоя даражаси нисбатан паст. Бу шуни англатадики, хорижий саноат товарлари бозорга нисбатан осон кириб келиши мумкин.);
- бирламчи маҳсулотлар (хомашё, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари) учун: ~5.2% гача (Бу шуни англатадики, қишлоқ хўжалиги товарлари бозори ҳам импорт учун етарлича очиқ ҳисобланади).
Лекин умуман олганда, Ўзбекистон ўз бозорини тарифлар орқали жуда кучли ҳимоя қилмайди (бож ставкалари ўртача паст – тахминан 5-7%). Таққослаш учун, қаттиқ протекционизмга эга давлатларда тарифлар одатда 2-4 баравар юқори, ЖСТ даражасидаги очиқ иқтисодиётларда эса шунга мос ёки пастроқ бўлади.
Бироқ шуни инобатга олиш керакки, ички бозор фақат тарифлар орқали эмас, балки лицензиялар, қоидалар, стандартлар ва маъмурий чекловлар орқали ҳам ҳимоя қилинади. Шу сабабли, ҳатто тарифлар паст бўлса-да, бозор тўлиқ “эркин” бўлмаслиги мумкин. Расман Ўзбекистонда импорт божлари ўртача паст даражада бўлса-да, амалда маъмурий қоидалар ҳисобига бозор ҳимояси юқорироқ бўлиши мумкин.
Шу ўринда яна бир бор таъкидлаш керак, ЖСТ тарифларнинг қатъий белгиланган “ягона даражасини” ўрнатмайди. Айрим аъзо давлатларда, масалан Японияда қишлоқ хўжалиги учун юқори тарифлар мавжуд. Ҳиндистонда бозор жуда кучли ҳимоя қилинган. Европа Иттифоқида эса тарифлар ўртача даражада бўлиб, лекин қўшимча равишда субсидиялар тизими мавжуд.
Шу сабабли ЖСТ универсал равишда паст тарифларни белгиламайди – ҳимоя даражаси ҳар бир давлатнинг ўзи ва унинг олган мажбуриятларига боғлиқ бўлади.
Ҳимоя иқтисодиётининг яширин тизими
Экспертларнинг айтишича, Ўзбекистонда тарифлар нисбатан пастлигига қарамасдан, амалда ички бозор бир неча дастаклар орқали бошқарилади. Лицензиялаш, давлат иштирокидаги секторлар, субсидиялар, стандартлар орқали импорт назорати ва турли маъмурий чекловлар шулар жумласидандир.
Яъни Ўзбекистон бозорни қисман очган. Лекин асосий тўсиқлар – тарифлар эмас, маъмурий характерга эгалигини таъкидлаш жоиз.
Тарифга боғлиқ бўлмаган тўсиқлар ҳақиқатан ҳам муҳим рол ўйнайди, лекин уларнинг мавжудлиги шаффофлик ва камситмаслик (дискриминация қилмаслик, барча аъзо давлатлар учун бир хил шарт-шароит белгилаш) шартига амал қилинса, ЖСТ тамойилларига зид келмайди.
Бу ўзига хос парадокс маназарани шакллантиради – Ўзбекистонда бозор, бир қарашда, очиқдек кўринади, лекин ярим ҳимояланган тизим сифатида ишлайди. ЖСТга киришдан кейин айнан шу тизим бузилиши кутилмоқда.
Постсовет маконидан сабоқлар
Қирғизистон – ҳимоясиз эрта очилиш намунаси
Қирғизистон 1998 йилдаёқ ЖСТга кириб олган эди. Иқтисодиётнинг кучлилиги эмас, “демократия оролчаси” деган ижобий тамға ва халқаро обрўга эга Чингиз Айтматов ҳамда музокараларда “инжиқлик” қилинмагани бу жараёнда муҳим рол ўйнади, албатта.
Нима бўлганда ҳам, Қирғизистоннинг ЖСТга кириши натижасида, импорт кўлами тез ўсиб кетди, миллий саноат ҳимояси заифлашди, иқтисодиёт тарозисининг посангиси савдо ва реэкспорт томонга босиб кетди, саноатлашув жараёни чекланди. Қисқа қилиб айтганда, Қирғизистонда миллий бозор саноатдан кўра тезроқ очилди.
Кези келганда, реэкспортнинг ошишишга (айниқса, 2000 йилларда Хитой орқали) унинг географий жойлашуви – денгизга чиқа олмаслиги, собиқ СССРдан қолган кучсиз саноат базаси ҳам рол ўйнаган. Шу боис, Қирғизистонда ЖСТ таъсири бевосита эмас, балки билвосита бўлиб, иқтисодиётда аввалдан мавжуд бўлган тузилмавий заифликларни кучайтирган.
Қозоғистон – назоратли либераллашув
Қозоғистон 2015 йилда ЖСТга кирган. Бунинг оқибатлари – мамлакатга инвестициялар оқимининг тез ўсиши, жаҳон бозорларига чиқиш осонлашуви, рақобат кучайиши ҳамда қишлоқ хўжалиги ва айрим соҳалар босим остида қолишида намоён бўлди.
Мамлакат стратегик назоратни сақлади, лекин заиф соҳаларга структуравий босим юзага келишига дуч келди барибир.
Лекин айрим экспертларнинг айтишича, Қозоғистоннинг ЖСТга аъзолиги бундан ҳам кўпроқ ижорбий натижа бериши мумкин эди, аммо Россия етакчилик қиладиган ва фақат Россия манфаатлари кўзланган турли божхона ва иқтисодий тузилмаларга аъзолик ҳамда бу давлат билан чегарадошлик ҳам салбий босим кўрсатмоқда.
Бошқа экспертларнинг фикрича, ЖСТ ва ЕОИИ (Евроосиё иқтисодий иттифоқи) ҳуқуқий жиҳатдан ўзаро мос келади, Россияга “бўйсуниш” каби тўғридан-тўғри иқтисодий қарамлик таъсири мавжуд эмас. ЕОИИ таъсири тариф сиёсатининг бир қисмини чеклаши мумкин холос.
Россия мисоли– миллий бозор ҳимояси учун 18 йиллик музокара
Россия ЖСТга киришдан аввал қарийб 20 йил музокара олиб борди ва 2012 йилда ушбу ташкилот аъзосига айланди. Чунки Москва саноат рақобатидан жиддий хавотир олди. Ўз қишлоқ хўжалигини ҳимоя қилиш, субсидияларни сақлаб қолишга бўлган уринишлар, саноатдаги сиёсат, энергетик тарифлар ва муаллифлиқ ҳуқуқи масалалари бўйича музокаралар жуда чўзилиб кетди.
Россия мисолида шуни кўриш мумкинки, ҳатто йирик иқтисодиётлар ҳам тўла очиқликдан қўрқади. Глобаллашувга хавотир билан қарайди.
Ўзбекистон – минтақадаги энг мураккаб модел
Дарҳол таъкидлаш лозим – Ўзбекистон бошқалардан фарқ қилади. Бу эски маъмурият давридаги “ўз мустақил ривожланиш йўлимиз бор” деган популистик шиор билан боғлиқ эмас.
Ўзига хослигимиз – 38 миллиондан ошган аҳолимиз, 115-180 млрд долларлик номинал ЯИМ, шунингдек, иқтисодиёт таркибида хизматлар – 45-50%, саноат – 30-34%, қишлоқ хўжалиги – 25% эканлигида кўринади. Энг асосий фарқ эса назорат структурасида.
Миллий иқтисодиётда давлат ҳамон катта рол ўйнайди, давлатга тегишли йирик компаниялар мавжуд, айрим соҳаларда рақобат чекланган, аксарият тарифлар давлат томонидан назорат ва ҳимоя қилинади. Яъни иқтисодиётда давлатнинг ролини камайтириш учун ҳали анча иш қилиш керак.
ЖСТ босими остида биринчи зарба оладиган соҳалар
Эҳтимол ғалати туюлиши мумкин, аммо бозоримиз жаҳонга очилганда биринчи бўлиб кучлилар эмас, давлат ҳимоясидаги соҳалар зарар кўради.
Жумладан, паст самарадор енгил саноат, маҳаллий йиғувчи-ишлаб чиқарувчилар, қишлоқ хўжалигининг айрим сегментлари, импорт чекловига боғлиқ компаниялар, маъмурий устунликка асосланган бизнес моделлар “биринчи зарбадаёқ” қулашининг эҳтимоли катта.
Аллақачон мавжуд ташқи фактор: Хитой
“ЖСТга аъзо бўлсак, ташқи ўйинчилар миллий бизнесни синдиради”, дея ваҳимага тушаётганлар бир “янгилик” бор – Ўзбекистон импорт структурасига кўра, Хитой – Ўзбекистоннинг энг йирик савдо ҳамкори (бутун импортнинг тахминан 29 фоизи) ҳисобланади. Россия улуши – қарийб 22%, Европа Иттифоқи эса деярли 12% ни ташкил этади.
Бу шуни англатадики, юртимиз иқтисодиётига рақобат босими аллақачон мавжуд. ЖСТга аъзо бўлсак, у савдодаги қолган тўсиқларни ҳам олиб ташлайди холос.
Монополиялар афсонаси
Экспертларнинг прогнозларига кўра, халқимиз чўнтаги ва бюджетни “эмиб” ётган манфур монополиялар асло автоматик тарзда йўқолмайди. Лекин давлат ҳимояси, рақобатчиларни сунъий чеклаш ва турли яширин импорт тўсиқлари йўқолиши аниқ, дейилмоқда.
Нима бўлганда ҳам, ЖСТга аъзо бўлганимиздан кейин йирик бизнес, давлат иштирокидаги секторлар ҳамда табиий монополиялар барибир сақланиб қолиши мумкин.
Бошқача айтганда, ЖСТ монополияларни йўқ қилмайди – улардаги давлат берган кучли иммунитетини олиб ташлайди, холос. Шундай бўлса-да, ЖСТ рақобатга тўсиқларни камайтириш орқали таъсир кўрсатади. Мулкчилик тузилмаси ва монополиялар эса давлатнинг ички сиёсатидан келиб чиқиб фаолият юритади.
Энг катта ўзгариш хизматлар бозорида бўлади
ЖСТга аъзоликдан кейин энг ўзгарувчан ва сезгир секторлар – хизматлар – банклар, суғурта, логистика, IT ва телеком бўлиши кутилмоқда.
Қисқа сценарийга кўра, хорижий компаниялар бозорга кириб келади, кучсиз компаниялар ўзаро уюшади, нархлар пасаяди ва малака талабларининг ўсиши кузатилади.
Ўзбекистон эса қонучиликни ҳозирданоқ ЖСТга мослаштирмоқда. Божхона жараёнлари, техник регламентлар, интеллектуал мулк қоидалари, савдо стандартлари шулар сирасига киради. Лекин асосий ўзгариш шу бўладики, мамлакатимиз “иқтисодиётни қўл бошқаруви”дан – “тизимли қоидалар”га ўтиши кутилмоқда.
ЖСТ – сеҳрли таёқча эмас, иқтисодий синов
Қисқа қилиб айтадиган бўлсак, ЖСТ – миллий иқтисодиётга таҳдид эмас, лекин унинг гуркираб ривожланиши учун кафолат ҳам эмас. ЖСТга аъзо бўлиш – ўзига хос стресс-тест, иқтисодий “лакмус қоғози”. Бу тест қайси соҳалар самарадорлик ҳисобидан яшашини, қайсилари ҳимоя ҳисобидан жон сақлаётганини аниқлаб беради.
(Лакмус қоғози – эритмаларнинг кислоталилик ёки ишқорийлик даражасини (pH) аниқлаш учун ишлатиладиган махсус индикатор. Унинг ранги ўзгариши ёрдамида сув, косметик воситалар ва озиқ-овқат маҳсулотларининг pH кўрсаткичини тезда билиб олиш мумкин).
Хулоса
Ўзбекистон шундай тизимга киряптики, у рақобат протекциясини ўзгартиради, нархлар реаллашади, заиф бизнес моделлар йўқолади.
Лекин асосий хавф – ташқи хавф эмас. Асосий хавф – миллий иқтисодиётнинг мослашиш тезлигида яширин. Яъни четдан хориж товарларининг бемалол кириб келиши – хавф эмас, балки маҳаллий компанияларнинг кучли рақобтга тез молаша олмаслиги, иқтисодиётдаги тартиб-қоидалар янги вазиятга молаша олмаслиги – катта хавф.
Агар миллий ислоҳотлар бозор очилишига улгурса, ЖСТ ўсиш драйверига айланади. Агар улгурмаса, бозор ўзини давлатсиз қайта тақсимлай бошлайди: кучсиз маҳаллий компаниялар синади, бозорни кучли (асосан хорижий) компаниялар эгаллайди.
Абулфайз Сайидасқаров
