platina.uz
Мақола

Телефон ўйинлари мутлақ зарар эмас!

Бола ўйин пайти таҳлил қилади, стратегия тузади, эслаб қолади, босим остида қарор қабул қилади, муаммоларни ҳал этади, бошқалар билан ҳамкорликни ўрганади.

Телефон ўйинлари мутлақ зарар эмас!
Фотоколлаж: Platina.uz

Кечқурун деярли ҳар бир хонадонда бир хил манзарани кўриш мумкин.

Ота-оналар ишдан чарчаб қайтади. Боласи планшет ёки телефонга тикилиб ўтирган бўлади. Экранда ёрқин ранглар чарақлайди, қаҳрамонлар югуради, отишади, дунёлар қуради, совринлар йиғади. Бир неча дақиқадан сўнг эса таниш гап янграйди: "Йиғиштир телефонда ўйнашни! Дарсингни қил/овқатлан/ухла!”

Ана шу асаби чарчаган катталар ва “яна озгина ўйнай” деб ялинаётган болалар ўртасида замонамизнинг энг муҳим саволларидан бири туғилади: “мобил ва компютер ўйинлари болаларни ривожлантирадими ёки аксинча, зарар етказадими?”

Бу баҳс ўйинлар пайдо бўлганидан бери давом этмоқда. Ўйинларни тажовузкорлик, ақлий таназзул, қарамлик, “рақамли аутизм” ва ҳатто мияни “бузиш”да айблашган. Шу билан бирга, нейропсихологлар, педагоглар ва олимлар тобора кўпроқ бир фикрга келмоқда: муаммо анча мураккаб, бир томонлама ёндашиб бўлмайди.

Олимлар нима дейди?

Замонавий илм-фан кутилмаган хулосага яқинлашмоқда: ўйнаш хавфли эмас, меъёрни йўқотиш хавфли!

Энди болалик ўзгарди. Ва буни энди орқага қайтариб бўлмайди. Катталар давридаги болалар ва муҳит бошқача бўлганини унутмаслигимиз лозим.

Бугунги болалар ҳарф ёзишни ўрганишдан олдин экранни бармоқ билан суришни ўрганади. Мактаб ўқувчиси катталар билан эркин мулоқот қилишдан аввал чатларда ёзишади. Ўсмир эса бир вақтнинг ўзида икки оламда – ҳақиқий ва рақамли дунёда яшайди.

Кўплаб ота-оналар буни деярли фожеа сифатида қабул қилади. “Гаджетларнинг зарари” қабилида сарлавҳа қўйилган мақолалар роса ўқилади. Катталарга гўё болаларнинг ҳақиқий болалиги – ҳовли, сайр, жонли мулоқот, кўча ўйинлар – гўё тортиб олингандек туюлади.

Аммо бир ноқулай ҳақиқат бор: рақамли дунё энди “келгинди” эмас, у янги авлод учун табиий яшаш муҳитига айланган.

2026 йилда эълон қилинган халқаро таҳлил шуни кўрсатдики: пандемиядан кейин болаларнинг экран олдида ўтказадиган вақти дунё бўйлаб кескин ошган ва бу ҳолат вақтинчалик эмас, балки узоқ муддатли тенденцияга айланган.

Шунинг учун масала энди болани технологиялардан тўлиқ ҳимоя қилишда эмас. Бу деярли имконсиз. Масала бошқача: болани шу дунёда ўзини йўқотмасдан яшашга қандай ўргатиш мумкин?

Нега ўйинлар катталарни қўрқитади?

Чунки ота-оналар аввало жараён оқибатини кўради, сабабни эмас.

Кўп ўйнаган бола ёмон ухлайди, жаҳлдор бўлиб қолади. Телефонни қўлидан туширмайди. Ўқишга қизиқиши пасаяди. Кўчага чиқмай қўяди. Жонли мулоқотда ўзини ўнғайсиз ҳис қилади. Ва катталар дарров ўйлайди: ҳаммасига айбдор – ўйинлар.

Аслида эса сўнгги йиллардаги тадқиқотлар анча мураккаб манзарани кўрсатмоқда. Ҳа, экран олдида ҳаддан ташқари кўп вақт ўтказиш ҳақиқатан ҳам болада руҳий хавотирни кучайтиради. Уйқу бузилиши, диққат пасайиши, ҳиссий беқарорлик ва реал дунёдан узилиб қолишга олиб келади.

2025 йилда АҚШда 50 мингдан ортиқ бола ва ўсмир иштирок этган тадқиқот шуни аниқлади: кунига 4 соатдан ортиқ экран вақти хавотир ва тушкунлик хавфини сезиларли оширади.

Айниқса, қисқа видеоларни чексиз кўриш, диққатни доимий алмаштириш ва тартибсиз контент жуда хавфли. Боланинг мияси тез ва узлуксиз рағбатлантиришга – осон дофаминга ўрганиб қолади. Диққатни жамлай олмаслик синдроми пайдо бўлади.

2026 йилги илмий шарҳда олимлар шундай хулосага келди: экран вақти ва диққат муаммолари ўртасида икки томонлама боғлиқлик мавжуд – экранлар диққатни ёмонлаштириши мумкин, диққат муаммоси бор болалар эса экранга янада кўпроқ боғланиб қолади.

Уйқу – биринчи қурбон

Шифокорлар бугун болалар психикаси учун энг хавфли омиллардан бири сифатида айнан уйқу етишмаслигини кўрсатмоқда.

2026 йилда чоп этилган илмий шарҳ 32 та тадқиқотни таҳлил қилиб, кечқурун экрандан фойдаланиш – уйқуга кетишни секинлаштириши уйқу сифатини бузиши, кундузги чарчоқни кучайтиришини тасдиқлади.

Австралияда ўтказилган катта тадқиқот эса янада таъсирли рақамларни кўрсатди: икки ёшли бола ҳар бир қўшимча соат экран қаршисида ўтирса, унинг уйқуга кетиши ўртача 30 дақиқага кечиккан.

Шунинг учун кўплаб педиатрлар бугун битта оддий қоидани такрорламоқда: ухлашдан камида бир соат олдин экранларни ўчириш керак.

Ачинарли ҳақиқат: қарамлик ҳақиқатан ҳам мавжуд

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ўйин қарамлигини расмий ташхис, яъни касаллик сифатида тан олганида, кўплаб ота-оналар ўз қўрқувларига тасдиқ топгандек бўлишди: “Мана! Биз нима дегандик! Ўйин – бу наркотик!”

Аммо илм-фан яна бир бор оддий шов-шувдан мураккаброқ эканини кўрсатди – ўйин қарамлиги ҳақиқатан мавжуд. Лекин у барча болаларда эмас, маълум хавф гуруҳида ривожланади.

Австралияда 2000 га яқин мактаб ўқувчилари иштирок этган тадқиқот шуни кўрсатдики, тахминан 4% болаларда клиник ёки субклиник ўйин қарамлиги белгилари аниқланган. Яна юз минглаб болалар смартфон қарамлиги хавфи остида бўлган.

Тадқиқотларга кўра, одатда ёлғиз, хавотирчан, ҳиссий жиҳатдан заиф, оила ёки мактабда муаммоси бор болалар хатар гуруҳига киради. Бу шароитда ўйин муаммонинг сабаби эмас, балки муаммодан қочиш воситасига айланади.

Чунки виртуал дунёда бола ҳақиқий ҳаётда етишмаётган нарсаларни топади: эътироф, назорат ҳисси, муваффақият, хавфсизлик, аниқ қоидаларга асосланган ҳаётни кўради. Психологлар буни “рақамли бошпана” деб аташмоқда.

Аммо масаланинг кам гапириладиган бошқа томони ҳам бор. Қизиғи шундаки, айнан видеоўйинлар бугун мияни ривожлантирувчи восита сифатида ҳам ўрганилмоқда. NIH ва ABCD лойиҳаларининг тадқиқотлари кутилмаган натижани кўрсатди: мунтазам видеоўйин ўйнайдиган болалар кўпинча тез реакция, мустаҳкам ишчи хотира, фазовий фикрлаш, тез қарор қабул қилиш қобилияти бўйича яхшироқ натижа кўрсатади. Бу ҳақда нейропсихологлар сўнгги йилларда тобора кўпроқ ёзмоқда. Айрим тадқиқотчилар ҳатто стратегия ва мантиқий ўйинларни “когнитив тренажёрлар” деб аташмоқда.

Чунки яхши ўйинлар – бу шунчаки пассив томоша эмас. Бу – миянинг доимий ишидир. Бола ўйин пайти таҳлил қилади, стратегия тузади, эслаб қолади, босим остида қарор қабул қилади, муаммоларни ҳал этади, бошқалар билан ҳамкорликни ўрганади.

Minecraft, шахмат ва TikTok мияга турлича таъсир қилади

Катталар учун бу ўйинларнинг барчаси бир хилдек кўриниши мумкин: бола шунчаки “телефонда ўтирибди”. Аммо нейропсихология нуқтаи назаридан фарқ жуда катта. 2026 йилда чоп этилган тадқиқотда олимлар пассив контент ва интерактив фаолият ўртасида катта фарқ борлигини таъкидлади.

Қисқа видеоларни чексиз томоша қилиш – бир нарса.

Minecraft’da мураккаб механизмлар қуриш – бошқа нарса.

Жамоавий стратегия ўйинида ролларни тақсимлаб, тез қарор қабул қилиш – мутлақо бошқа нарса.

Замонавий тадқиқотлар тобора кўпроқ икки тушунчани ажратиб ўрганмоқда:

  • контентни пассив истеъмол қилиш;
  • фаол интеллектуал иштирок.

Агар биринчиси ҳақиқатан ҳам диққатни сусайтириши мумкин бўлса, иккинчиси аксинча, когнитив қобилиятларни ривожлантиради.

Тажовузкорлик ҳақидаги хавотирлар-чи?

Эҳтимол, ота-оналарнинг энг кучли қўрқуви – “шафқатсиз ўйинлар болани шафқатсиз қилади”. Аммо бу ерда ҳам илм-фан оддий жавоб бермайди.

Олимларнинг 87 та тадқиқотини ўз ичига олган мета-таҳлилда экран вақти билан тажовузкорлик ва хавотир ўртасида боғлиқлик борлиги топилган, аммо бу боғлиқлик кучли эмаслиги таъкидланган.

Яъни ўйинлар баъзи болаларда ҳиссий қўзғалишни ошириши мумкин, аммо узоқ муддатли тажовуз одатда анча чуқур омиллар – оила муҳити, стресс, руҳий жароҳатлар, ижтимоий босим билан боғлиқ. Ўйинлар эса кўпинча фақат қўшимча омилга, триггер-турткига айланади.

“XXI асрнинг асосий муаммоси – ўйин эмас, меъёрни йўқотишдир”. Замонавий психология тобора шу хулосага келмоқда. Асосий таҳдид бола телефон ўйнаганида эмас, балки ўйин унинг ҳаётидаги қолган барча нарсаларни – уйқу, дўстлар, спорт, ўқиш, жонли мулоқот ва реал – ҳақиқий ҳаётни сиқиб чиқарганида бошланади.

АҚШ соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2026 йилги ҳисоботида ҳам айнан шу фикр таъкидланди: экран вақти ортиши болаларнинг жисмоний фаоллиги, ўқиши ва ижтимоий муносабатларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Агар ўсмир кечқурун дўстлари билан бир соат ўйнаса – бу бир ҳолат. Агар у фақат виртуал дунёда яшаса – бу бутунлай бошқа ҳолат. Шунинг учун ота-оналар учун асосий савол “болам қанча вақт телефон ўйнаяпти?” эмас, балки “боланинг ҳаётида бошқа нарсалар учун ҳам жой қолдими?” шаклида бўлиши керак.

Ўйинларни тўлиқ тақиқлаш энди мумкин эмас. Ва керак ҳам эмас. Дунё жуда кучли ўзгарди. Бугун рақамли саводхонлик ўқиш ва ёзиш каби муҳим кўникмага айланмоқда. Технологиялардан бутунлай ажратилган бола ҳимояланган эмас, балки ҳаётга тайёрланмаган бўлиб қолиши мумкин.

Шунинг учун мутахассислар тобора кўпроқ шундай демоқда: тақиқлаш эмас, ҳамроҳлик керак. Қўрқув асосидаги назорат эмас – иштирок талаб этилади.

Технологияларга қарши жанг қилиш эмас, болани улардан онгли фойдаланишга ўргатиш керак.

Хўш, ўйинлар зарарлими?

Агар оддий жавоб кутилса, бундай жавоб йўқ. Зеро, ўйинлар ривожлантириши, ўргатиши, ижтимоийлаштириши, фикрлашни машқ қилдириши мумкин.

Ва шу билан бирга – қарамлик чақириши ё уйқу режимига зарар етказиши, хавотирни кучайтириши, ҳақиқий ҳаёт ўрнини эгаллаши ҳам мумкин.

Буромадини айтганда, технологиянинг ўзи яхши ҳам эмас, ёмон ҳам эмас. У худди пичоққа ўхшайди – зарар бериши ҳам мумкин, фойда келтириши ҳам мумкин. У фақат инсонда аллақачон мавжуд бўлган нарсани кучайтиради.

Шунинг учун бугунги катталар “Болага ўйинни қандай тақиқлаш мумкин?” деган савол устида эмас, “Болани рақамли дунёда ўзини йўқотмасдан яшашга қандай ўргатиш мумкин?”, деган савол устида бош қотиришлари лозим бўлади.

Абулфайз Сайидасқаров

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid