КХДР сунъий интеллект ёрдамида ишловчи ракета тизимини синовдан ўтказди
Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин синовларни шахсан назорат қилди.

КХДР янги кўп мақсадли енгил ракета учириш тизимини ва сунъий интеллект ёрдамида тактик кўп марта учириш ракета тизимини синовдан ўтказди. Бу ҳақда Корея Марказий ахборот агентлиги хабар берди.
Агентлик маълумотларига кўра, янги ракета СИ асосидаги терминал бошқарув тизими, юқори аниқликдаги автоном навигация ва топографик хариталаш тизими билан жиҳозланган.
Ракета сирпаниш ва ҳаракатлантириш тизимининг комбинациясидан фойдаланган ҳолда 100 километргача масофадаги нишонларга аниқ зарбалар беришга қодир.
Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин синовларни шахсан назорат қилди. У янги ишланманинг ҳарбий аҳамиятини юқори баҳолади ва янгиланган ўт очишни бошқариш ва учириш автоматлаштириш тизимлари замонавий жанговар шароитларга мослаштирилганлигини айтди.
Корея ахборот агентлиги маълумотларига кўра, янги қуроллар КХДРнинг жанубий чегара минтақасидаги узоқ масофали артиллерия бўлинмаларига етказиб берилиши режалаштирилган.
