platina.uz
Жамият

“Тошкент – Самарқанд” муқобил автомобил йўли қурилади

Ушбу йўлнинг узунлиги 282 километр бўлиб, Тошкент, Сирдарё, Жиззах ва Самарқанд вилоятларини боғлайди. 

“Тошкент – Самарқанд” муқобил автомобил йўли қурилади

Президент Шавкат Мирзиёев транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бўйича тақдимот билан танишди.

Транспорт инфратузилмаси иқтисодиёт тармоқларини ўзаро боғлаш, ҳудудлар салоҳиятини тўлиқ ишга солиш, аҳоли ва бизнес учун қулайлик яратишда муҳим ўрин тутади. Шу боис, мамлакатимизда автомобил йўллари, авиация, логистика ва халқаро транспорт йўлакларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Тақдимотда, аввало, “Тошкент – Самарқанд” муқобил автомобил йўлини қуриш лойиҳаси кўриб чиқилди. Ушбу йўлнинг узунлиги 282 километр бўлиб, Тошкент, Сирдарё, Жиззах ва Самарқанд вилоятларини боғлайди. Йўл I-а тоифада, цемент-бетон қопламали, ҳар икки йўналишда учтадан ҳаракат тасмаси билан қурилади. Лойиҳавий тезлик соатига 150 километрни ташкил этади.

Лойиҳа доирасида 12 та транспорт ечими, 60 та туннелли ўтиш жойи, 91 та кўприк, 16 та йўл ўтказгич, 258 та дренаж иншооти ва интеллектуал транспорт тизимини жорий этиш кўзда тутилган. Шунингдек, 12 та терминал, йўл бўйи инфратузилмаси ва вазн ўлчаш тизими ташкил қилинади.

Салоҳиятли инвесторлар билан музокаралар жараёнини жадаллаштириш ва қурилиш ишларини қисқа муддатларда бошлаш топширилди.

Мамлакатимизда авиация соҳасида янги экотизимни шакллантириш бўйича кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, ҳудудлардаги 7 та халқаро аэропорт замон талаблари асосида реконструкция қилиняпти. Мўйноқ, Қўқон, Зомин, Шаҳрисабз, Сариосиё, Сўх туманларида янги аэропортлар барпо этилиб, уларнинг сони 18 тага етказилди.

Хусусан, Навоий халқаро аэропорти фаолиятини лойиҳавий бошқарув тамойиллари асосида ташкил этиш, унинг тижорат мустақиллигини ошириш ишлари олиб борилмоқда. Унга маҳаллий ва хорижий авиакомпаниялар билан йўловчи ва юк ташиш, транзит ҳамда техник қўнишлар бўйича мустақил музокаралар олиб бориш ва шартномалар тузиш ҳуқуқи берилган.

2030 йилга бориб, аэропортда парвозлар сонини 2,3 баробарга ошириб, йилига 7 мингтага, йўловчи ташиш ҳажмини 150 минг нафарга, юк ташишни эса 45 минг тоннага етказиш кўзда тутилган. Шунингдек, аэропорт ҳудудида ҳаво кемаларига техник ва тижорат хизматлари кўрсатишга ихтисослашган “порто-франко” эркин зонаси ташкил этилади.

Тақдимотда Янги Тошкент халқаро аэропортини қуриш лойиҳаси кўриб чиқилди.

Аэропорт йилига 20 миллион йўловчига хизмат кўрсатиш қувватига эга бўлади. Йўловчи терминали майдони 208,4 минг квадрат метрни ташкил этиб, 169 та ҳаво кемаси тураргоҳи, ҳар бири 4 километрдан бўлган 2 та учиш-қўниш йўлаги барпо этилади.

Ҳозирга қадар халқаро молия институтлари талаблари асосида экологик ва ижтимоий таъсирни баҳолаш ишлари ўтказилди. Лойиҳа ҳудудида канал, коллектор ва электр тармоқларини кўчириш ишлари бошланган. Айни пайтда лойиҳа ва пудрат ташкилотлари билан музокаралар олиб борилмоқда.

Фуқаро авиацияси корхоналарини авиаёқилғи билан таъминлаш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

Аэропортлардаги ёқилғи қуйиш мажмуаларининг умумий сиғими 49 минг тоннани ташкил этади. 2030 йилга қадар маҳаллий авиаёқилғи ишлаб чиқариш ҳажмини йилига 600 минг тоннага, авиаёқилғи сақлаш қувватларини эса 80 минг тоннага етказиш режалаштирилган. Бу мақсадда Навоий, Андижон, Бухоро, Урганч ва Янги Тошкент халқаро аэропортларида янги сақлаш қувватлари барпо этилади.

Ёқилғини сақлаш ва қуйиш жараёнларини халқаро стандартларга босқичма-босқич ўтказиш зарурлиги қайд этилди. Ёқилғи қуйиш мажмуаларини бошқариш жараёнлари жорий йилда тўлиқ рақамлаштирилиши, аэропортлар ёқилғи қуйиш мажмуалари фаолиятида технологик жараёнлар талабларига риоя этилиши устидан тизимли давлат назорати ўрнатилиши белгиланди.

Давлатимиз раҳбари транспорт инфратузилмасини ривожлантиришда лойиҳаларнинг иқтисодий самарадорлиги, қурилиш сифати, хавфсизлик талаблари ва аҳоли учун қулайлик асосий мезон бўлиши зарурлигини таъкидлади ҳамда тегишли кўрсатмалар берди.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid