Жанговар спорт турлари бўйича мусобақаларни қонунга хилоф равишда ташкил этганлар жиноий жавобгарликка тортилади
Унда бевосита иштирок этганлар эса маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин.

Жанговар спорт турлари бўйича мусобақаларни қонунга хилоф равишда ташкил этганлар жиноий жавобгарликка тортилади. Мазкур қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасида кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва маҳаллаларда жиноятчиликни барвақт олдини олиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Таҳлиллар жиноят содир этиш мақсадида жиноий уюшмаларни ташкил этиш ва молиялаштириш ҳолатлари жамоат хавфсизлигига жиддий таҳдид солаётганини кўрсатмоқда. Шу билан бирга, амалдаги қонунчиликда бундай уюшмаларни молиялаштирганлик учун алоҳида жавобгарлик белгиланмагани ушбу соҳадаги долзарб муаммолардан бири ҳисобланади.
Шу муносабат билан, Жиноят кодексига жиноий уюшма фаолиятини молиялаштирганлик учун алоҳида жавобгарлик киритиш, бундай шахсларга нисбатан жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилишни қўлламаслик назарда тутилмоқда.
Амалдаги қонунчиликда жиноий уюшма ташкил этиш ёки унга раҳбарлик қилиш учун жавобгарлик мавжуд бўлса-да, мансаб ваколатларини суиистеъмол қилган ҳолда жиноий уюшмаларга ҳомийлик қилганлик учун жавобгарлик назарда тутилмаган эди. Қонун лойиҳаси билан мансаб ваколатларини суиистеъмол қилган ҳолда жиноий уюшмаларга ҳомийлик қилганлик учун ҳам жавобгарлик белгилаш таклиф этилмоқда.
Амалда уюшган гуруҳлар томонидан содир этилган безорилик учун кўп ҳолларда енгил жазо тайинланмоқда. Бу эса жазосизлик муҳити шаклланишига олиб келаётгани таъкидланди. Шу сабабли, қонун лойиҳасида безорилик жинояти учун жазо чоралари ҳам оғирлаштирилмоқда.
Лойиҳада жанговар спорт турлари соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.
Жанговар спорт турлари бўйича спорт мусобақаларини қонунга хилоф равишда ташкил этиш ёки ўтказиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши, унда бевосита иштирок этганлар эса маъмурий жавобгарликка тортилиши белгиланмоқда.
Қонун лойиҳаси мамлакатимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, уюшган жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини оширишга ҳамда жиноятларнинг барвақт олдини олишга қаратилган.
Қонун лойиҳаси қабул қилинди ва Сенатга юборилди.
