platina.uz
Мақола

Ҳаж ибодати: кеча ва бугун

Макка ва Мадина ғайримусулмонлар учун ёпиқ шаҳарлар бўлгани сабабли, Россия ҳукумати у ерга мусулмон зобитлар ва амалдорларни зиёратчи қиёфасида юборишга мажбур эди.

Ҳаж ибодати: кеча ва бугун
Фотоколлаж: Platina.uz

Шу кунларда бутун дунёдан миллионлаб мусулмонлар Саудия Арабистонида Ислом дини 5 арконидан бири – Ҳаж ибодатини адо этиш учун йиғилишган. Ҳозир мазкур жараён унчалик қийинчилик туғдирмаса-да, атиги 100 йил олдин бу ибодатни адо этиш учун одамлар моли ва жонини хатарга қўйиб йўлга чиқишган.

Ўта қиммат ва хатарли сафар

XIX асрда ҳаж нафақат диний зиёрат, балки катта геосиёсатнинг бир қисми ҳам эди. Миллионлаб мусулмонлар учун Маккага бориш муқаддас бурч бўлиб қолган эса-да, ўша даврнинг энг йирик империялари – Усмонийлар ва Россия империяси – ҳажни таъсир ўтказиш, назорат ва сиёсий восита сифатида ҳам кўрар эди.

Оддий зиёратчи учун сафар ниҳоятда оғир кечарди. Туркистон, Волгабўйи, Кавказ ва қозоқ даштларидан чиққан одамлар тахминан 5 минг километр йўл босишарди. Сафар ойлаб, баъзан эса бир йилдан ортиқ вақт давом этарди. Айримлар Самарқанд, Бухоро, Афғонистон ва Ҳиндистон орқали юрса, бошқалар Кавказ, Тбилиси ва Истанбул орқали Маккага йўл оларди. Йўлнинг бир қисми туя ва отларда, кейин эса тиқилинч поездлар ва эски пароходларда босиб ўтиларди.

Темир йўллар пайдо бўлганидан кейин ҳам аҳвол енгиллашмади. Тошкентдан Одессагача бўлган поезд йўли тахминан 20 кун вақтни олган. Учинчи тоифали вагонлар ҳаддан ташқари тўлиб кетарди: 40 кишилик вагонга кўпинча 60 нафар одам жойлаштириларди. Одамлар йўлакларда ва ўриндиқлар остида ухлашга мажбур бўлишган. Ҳалол озиқ-овқат топиш қийин бўлгани учун зиёратчилар ўзлари билан бир ярим ойлик қуруқ нон, тузланган гўшт ва чой олиб юришарди.

Марказий Осиёлик ҳожилар поездда.

Ҳаж жуда қиммат сафар ҳисобланарди. Россия армияси штабс-капитани Абдулазиз Давлетшин маълумотларига кўра, XIX аср охирида сафарнинг энг арзон варианти тахминан 300 рубл турган – бу ўша давр учун улкан маблағ эди. Мадинага боришни ҳам ўз ичига олган қулайроқ ҳаж эса 1000 рублгача етарди. (Ҳозирги пулда 30000 доллардан юқори.) Шунинг учун ҳаж узоқ вақт давомида асосан бойлар, савдогарлар ва зодагонлар учунгина мумкин бўлган.

Аммо энг оғири – ҳажнинг ўлим хавфи билан боғлиқ экани эди. XIX аср вабо ва ханноқ (холера) эпидемиялари асрига айланган. 1893 йилда Ҳижозда йирик эпидемия бошланиб, фақат Жидда атрофида ўн минглаб одам ҳалок бўлган. Франциянинг Жидда шаҳридаги консули бир неча кун ичида 35 минг ҳожилар касалликдан ўлганини хабар қилган. Касалликлар ҳаж йўллари орқали тез тарқаларди. Ҳисоботлардан бирида Қустанайдан ҳажга кетган 60 кишидан фақат 18 нафари қайтиб келгани қайд этилган.

XIX асрда Ҳарам масжиди.

Ҳокимият рамзи сифатида

Бироқ ҳаж фақат диндорлар учун муҳим эмас эди. Усмонлилар империяси уни ислом оламидаги ҳокимиятини мустаҳкамлаш воситаси сифатида қўллаган. Бунинг асосий рамзи Дамашқ ва Қоҳира карвонлари эди.

Энг нуфузлиси Дамашқ карвони ҳисобланган. У Усмонли султони ҳомийлиги остида йўлга чиқарди. Энг яхши йилларда бу карвон таркибида 50 минггача одам қатнашган. Карвон билан бирга маҳмал – ипак билан безатилган рамзий тахт ҳам олиб юрилган. Бу султоннинг муқаддас йўллар устидан ҳокимиятини намоён этарди.

Усмонли султон маҳмали.

Карвонни қуролли қўриқчилар кузатиб борган, султон эса Макка ва Мадина аҳолисига, шунингдек, йўлдаги бадавий қабилаларига катта маблағ ва совғалар юборган. Амалда Усмонлилар бадавийларга йўл хавфсизлиги учун ҳақ тўлаб, Ҳижоз устидан назоратни сақлаб турган.

Ҳаж орқали султон ўзини ислом ҳимоячиси ва мусулмон оламининг етакчиси сифатида кўрсатган. Усмонлилар империяси учун бу Арабистондан анча ташқарида ҳам таъсир ўтказиш имконини берувчи муҳим сиёсий восита эди.

Макка шаҳридаги ҳожилар. 1889 йил.

Ҳожилар орасидаги жосуслар

Россия империяси ҳам ҳажнинг сиёсий аҳамиятини тез англаб етди. Кавказ, Қрим ва Туркистон қўшиб олингач, империя таркибида миллионлаб мусулмонлар пайдо бўлди. Ҳажни тўлиқ тақиқлашнинг имкони бўлмагани учун ҳукумат уни назорат остига олишга қарор қилди.

Россия ҳажга аралашиш учун бир нечта мақсадни кўрган. Биринчидан – иқтисодий манфаат: зиёратчилар ҳар йили ташувларга миллионлаб рубл сарфлар, бу маблағлар эса хорижий компанияларга кетарди. Иккинчидан – хавфсизлик: рус амалдорлари Усмонлилар империясига борган мусулмонлар панисломистик ғоялар таъсирига тушишидан қўрқарди. Учинчидан эса империя ўзини мусулмон аҳолининг ҳомийси сифатида кўрсатмоқчи бўлган.

Россия империяси ўз мутеларига шундай хорижга сафар паспорти берган.

Аммо Россия ҳаждан айниқса разведка мақсадларида фойдаланган. Макка ва Мадина ғайримусулмонлар учун ёпиқ шаҳарлар бўлгани сабабли, Россия ҳукумати у ерга мусулмон офицерлар ва амалдорларни зиёратчи қиёфасида юборишга мажбур эди.

Энг машҳурларидан бири штабс-капитан Абдулазиз Давлетшин (1861-1920) бўлган. У 1898 йилда Россия империяси бош штаби топшириғи билан ҳажга жўнатилган.

Штабс-капитан Абдулазиз Давлетшин

Унинг вазифаси разведка ишлари эди. Сафар якунлари бўйича Давлетшин 145 бетлик махфий ҳисобот тайёрлаган. У йўллар, нархлар, зиёратчилар кайфияти, Усмонлилар таъсирини ўрганган ва ҳатто Макка ҳамда Мадинанинг батафсил хариталарини тузган.

Давлетшин ҳисоботи.

Россия консуллари Жидда, Бағдод, Константинопол ва Бомбейда ҳам фаолият юритган. Улар орқали Туркистон ва Кавказдан келган зиёратчилар кузатиб борилган. Амалдорлар мусулмонларнинг алоқалари ҳақида маълумот тўплар, сиёсий кайфиятларни кузатар ва подшоҳ ҳокимиятига қарши ғоялар тарқалишидан хавотир оларди.

Шу тариқа, XIX асрдаги ҳаж нафақат қиммат ва хавфли диний сафар, балки катта сиёсат майдони ҳам бўлган. Усмонлилар империяси ҳаж орқали ислом оламидаги нуфузини мустаҳкамлаган бўлса, Россия империяси уни назорат, кузатув ва разведка воситаси сифатида қўллаган.

XIX асрда Ҳаж қилишнинг 3 та ассосий йуналиши.

Ҳозирги замонда Ҳаж ибодати

Бугун вазият тубдан ўзгарган. Ўзбекистон фуқаролари учун ҳаж анча тартибли, хавфсиз ва сезиларли даражада оммавийлашган. Расмий квотага кўра, 2025 йилда ҳаж сафарига 15 мингдан ортиқ ўзбекистонлик жўнаб кетди. Бу 2018 йилга нисбатан уч баробар кўпдир – ўша пайтда квота атиги 5 минг кишини ташкил этган эди.

Фақат 2025 йилнинг ўзидаёқ Макка ва Мадина шаҳарларига Ўзбекистондан 15 мингдан зиёд зиёратчи етиб борди.

Бугун зиёратчилар мамлакатнинг тўққизта шаҳридан, жумладан, Тошкент, Самарқанд ва Наманган шаҳарларидан тўғридан-тўғри авиақатновлар орқали учиб бормоқда. Фақат Тошкентнинг ўзидан 2025 йилги ҳаж мавсумида 5,6 мингдан ортиқ зиёратчи учун 22 та авиарейс амалга оширилди.

Зиёратчилар учун замонавий меҳмонхоналар, тиббий хизмат, овқатланиш, автобуслар ва малакали ҳамроҳлар хизмати ташкил этилмоқда. 2025 йилда Ўзбекистон фуқаролари учун Арафот водийсида ҳатто совитиш тизимига эга махсус ёпиқ чодирлар ҳам ўрнатилди.

Бундан ташқари, мамлакатда ҳажни ташкил этишнинг рақамли тизими жорий қилинмоқда. Ўзбекистонда Ҳаж ва Умра ягона портал ишга туширилди. Бу тизим навбат ва сафарни расмийлаштириш жараёнини янада шаффоф ва қулай қилди.

Агар XIX асрда ҳаж кўпчилик қайтиб келмайдиган хавфли сафар бўлган бўлса, бугун замонавий технологиялар, авиация ва давлат қўллаб-қувватлаши туфайли зиёрат анча хавфсиз ва қулай тус олди. Бу эса сўнгги йилларда мўмин-мусулмонлар учун муносиб ва замонавий шароитлар яратиб берган Ўзбекистон давлатининг катта хизмати ва эътибори самарасидир.

Абулфайз Сайидасқаров

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid