Шакарнинг ҳам ози ширин экан...
Бўстонлиқдаги сел-сув тошқини шундан далолат берадики, “авариядан кейин муаммони ҳал қилиб қутулиш ва кейинги мавсумгача унутиш” даври ўтди. Энди тизимли ёндашув зарур бўлади.

Яқин йилларгача Ўзбекистон учун асосий ташвишлардан бири қурғоқчилик ҳисобланарди. Мутахассислар дарёлар сатҳининг пасайиши, музликларнинг эриши ва Марказий Осиёда келажакда сув танқислиги кучайиши ҳақида огоҳлантираётган эди.
Бироқ бугун минтақа янги парадоксга дуч келмоқда: сув бир вақтнинг ўзида ҳам етишмаяпти, ҳам ортиқча бўлиб қоляпти. Лекин бу ортиқча сув одамлар ва экинлар учун барака эмас, балки фалокат келтирмоқда.
Жумладан, Ўзбекистонда узоқ давом этган кучли ёмғирлар оқибатида йирик сел оқимлари юзага келиб, автомобил йўлларини сув босиши, инфратузилманинг вайрон бўлиши ва аҳолининг эвакуация қилинишига сабаб бўлди. Минглаб гектар ерлар деҳқончилик учун вақтинча яроқсиз ҳолга келди. Ҳудудлардаги вазият ҳануз ўта таранг бўлиб қоляпти.
Фалокат кўлами каттароқ
Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги вазият – шу янги воқеликнинг яққол намунасидир. Яқинда “Хўжаобод” МФЙда каналдан сув тошиб кетиши оқибатида кўча сув остида қолди, сув уйларга кирди, ҳаракат қийинлашди, сув босган трансформатор эса аҳолини электр таъминотисиз қолдирди.
Шунингдек, сув ва лой оқими Тошкент-Чорвоқ автомобил йўлига етиб бориб, Ғазалкент ҳудудидаги ерости ўтиш йўлагини босди. Қашқадарё вилоятида эса сел оқимлари М-39 Тошкент-Термиз автомобил йўлининг бир қисмини ёпиб қўйди.
Бундай табиий офатлар нафақат Тошкент, балки Қашқадарё, Жиззах, Навоий ва Самарқанд вилоятларида ҳам кузатилмоқда. Афсуски, табиий офат аҳоли орасида ўлимга-да сабаб бўляпти. 22 май куни Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида 25 ёшли йигитни сел оқизиб кетиши оқибатида фожиали ўлим топгани хабар қилинди.
Марказий Осиё сув контрастлари даврига кирди
Жаҳон метереология ташкилоти (ЖМТ) маълумотларига кўра, иқлим ўзгариши жаҳон сув айланиш тизимини тобора беқарорлаштирмоқда. Дунё бир вақтнинг ўзида қурғоқчилик, кучли ёғингарчилик ва вайронкор тошқинларга дуч келмоқда.
ЖМТ мутахассислари атмосфера исиши ҳавода намликнинг кўпроқ тўпланишига олиб келишини, бу эса кучли ёмғирлар ва сув тошқинларини кўпайтиришини таъкидлаган.
Бу Марказий Осиё учун айниқса хавфли. Зеро, минтақа Тян-Шан ва Помир музликларига боғлиқ. Аммо улар аста-секин қисқармоқда. Шу билан бирга иқлим кескинлашяпти. Масалан, қиш ва баҳорда сел ва тошқин хавфи ортиб бормоқда, ёзда иссиқ ва сув танқислиги кучаймоқда, ёғингарчиликнинг барқарорлиги йўқолмоқда.
Нега сел катта муаммога айланди?
Муаммо фақат сув миқдори кўплиги эмас, балки инфратузилма ҳолати билан ҳам боғлиқ. Кўплаб каналлар, ариқлар ва дренаж тизимлари ўнлаб йиллар аввал – мутлақо бошқа иқлим шароити ва аҳоли зичлиги учун мўлжаллаб қурилган. Ундан бери аҳоли каррасига кўпайди, саноатлашув ва деҳқончилик ҳудудлари кенгайди.
Сув ресурслари бўйича машҳур америкалик эксперт Упману Лаъл замонавий сув инқирози фақат сув етишмаслиги билан эмас, балки сув инфратузилмасини самарасиз бошқариш билан ҳам боғлиқлигини таъкидлаган.
Ортиқча сувни чиқариб ташлаш тизими етарли ишламаса, ҳатто кичик канал тошиши ҳам занжирли муаммоларни келтириб чиқаради. Натижада уйлар сув остида қолади, электр таъминоти издан чиқади, йўллар шикастланади, санитария ва эпидемия хавфлари кучаяди, бизнес ва ижтимоий объектлар фаолияти ёмонлашади.
Шунингдек, ўтган йилда “Ўзгидромет”нинг етакчи мутахассиси Юлия Плотницкая берган маълумотларга кўра, зарар кўламининг ортиши, аввало, тоғ ва тоғолди ҳудудларининг фаол ўзлаштирилиши билан боғлиқ. Тоғли ҳудудларда қишлоқ хўжалиги, энергетика ва тоғ-кон саноати ривожланмоқда, йўллар, ирригация иншоотлари ҳамда туристик мажмуалар қурилмоқда. Бу эса тобора кўпроқ объектларни – аҳоли пунктлари, дам олиш масканлари, кўприклар ва автомобил йўллари, фермер хўжаликлари, каналлар ва саноат корхоналарини сел хавфи ҳудудига олиб кирмоқда. Бундай ҳолатларнинг 61 фоизида селлар моддий ва ижтимоий зарар етказади. Яна 17 фоиз ҳолатларда эса инсонлар ҳалок бўлиши билан кузатилади.
Селлар ва иқлим ўзгариши ўртасида боғлиқлик борми?
Мутахассис сўзларига кўра, бу боғлиқлик тобора яққол намоён бўлмоқда. Илгари сел фаоллигининг энг юқори нуқтаси асосан апрел ойига тўғри келган бўлса, сўнгги йилларда у май ойига қараб силжияпти. Бу май ойида ҳам тоғолди, ҳам баланд тоғли ҳудудларда ёғингарчилик миқдорининг ортиши билан изоҳланади.
Экспертлар таъкидлашича, ушбу хавф юқори ҳарорат, кучли ёғингарчилик, қор ва музликларнинг тез эриши каби омилларнинг бир вақтда уйғунлашиши билан янада кучаймоқда. Бундай уйғунлик вайронкор сел оқимларини келтириб чиқариши мумкин.
Шунингдек, йиллар давомида қурғоқчилик зўрайган Эрон ва унга ёндош ҳудудларда тўсатдан ёғингарчилик кучайгани ҳам биздаги ўзгаришларга сабаб бўляпти.
Чунки Эрон ва Ўзбекистон ўртасида иқлимий ҳамда атмосферавий боғлиқлик мавжуд: ҳар икки ҳудудга Ўрта ер денгизи, Эрон ва Афғонистон орқали Марказий Осиёга нам ҳаво массаларини олиб келувчи умумий ғарбий ва жануби-ғарбий ҳаво оқимлари таъсир кўрсатади. Шу пайтгача бизда қишда совуқ бўлишига Россиядан кириб келадиган совуқ ҳаво оқимлари, ёзда жазирама бўлишига Эрондан кириб келадиган қуруқ қайноқ ҳаво сабабчи дейилар эди. Энди эса Эрон орқали нам ҳаво қоимлари кириб келмоқда.
Иқлим ўзгариши туфайли минтақада экстремал ёғингарчиликлар, кескин об-ҳаво ўзгаришлари, қор ва музликларнинг тез эриши кучаймоқда, бу эса ҳам Эронда, ҳам Ўзбекистоннинг тоғли ҳудудларида тошқин ва сел хавфини оширмоқда. Олимлар таъкидлашича, гап тўғридан-тўғри боғлиқлик ҳақида эмас, балки Ғарбий ва Марказий Осиёни қамраб олган ягона иқлим тизимининг таъсири ҳақида бормоқда.
Нега эрта огоҳлантириш тизими муҳим?
Сўнгги йилларда халқаро ташкилотлар Марказий Осиёда сел ва тошқинларни эрта прогноз қилиш тизимларини кучайтирмоқда.
Минтақада CARFFGS (Central Asia Region Flash Flood Guidance System – Марказий Осиё минтақасида тошқинларни прогноз қилиш тизими) деб номланган тезкор сел прогноз тизими ривожлантирилмоқда. CARFFGS – бу Марказий Осиёнинг беш давлати метеорология хизматларини (жумладан, “Ўзгидромет”ни) бирлаштирувчи минтақавий тизим бўлиб, селлар ва тўсатдан юзага келадиган тошқинлар хавфини баҳолаш ҳамда уларни олдиндан прогноз қилишга ёрдам беради.
Мутахассислар таъкидлашича, замонавий тизим фақат офатга жавоб бериш эмас, балки хавфни олдиндан кўра билиши керак. Чунки иқлим беқарорлиги шароитида вақт энг муҳим ресурсга айланмоқда.
Ўзбекистон нима қилиши керак?
Бўстонлиқдаги ҳолат шундан далолат берадики, “авариядан кейин муаммони ҳал қилиб қутулиш ва кейинги мавсумгача унутиш” даври ўтди. Энди тизимли ёндашув зарур бўлади.
Аввало канал ва дренаж тизимларини модернизация этиш лозим. Шунингдек, сув сатҳини рақамли мониторинг қилиш, энергетика объектларини сув босишидан ҳимоялаш, ариқ ва сув чиқариш йўлларини мунтазам тозалаш, фавқулодда техник захиралар яратиш, эрта огоҳлантириш тизимларини ривожлантириш каби тадбирлар устувор бўлиши керак. Янги турар жойлар ва йўллар қурилишида ҳам иқлим хавфларини ҳисобга олиш муҳим.
Жаҳон банки экспертлари кўплаб мамлакатлар ҳануз сув босиш хавфи юқори бўлган ҳудудларда қурилишни давом эттираётганини ва бу келажакдаги йўқотишларни оширишини таъкидламоқда.
Ҳозирги пайтда сел хавфига қарши курашиш мақсадида Ўзбекистон ҳукумати “Ўзгидромет” ва ФВВ билан ҳамкорликда ҳар йили сел хавфи юқори бўлган ҳудудлар ва объектлар мониторингини амалга ошириб келади. Айниқса, хавфли ҳудудлардаги ноқонуний қурилишларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Масалан, Андижон вилоятида тўртта турар жой сел омбори “коса”сининг айнан ичида қурилган эди. Ўтган йили “Ўзгидромет” мутахассислари томонидан сув босиши эҳтимоли бўйича ҳисоб-китоблар қилиниб, эҳтимолий сценарийлар намойиш этилганидан сўнг аҳоли хавфсиз ҳудудларга кўчирилган.
Шунингдек, айрим тоғолди ҳудудларда назорат сустлиги боис, аҳоли “сел йўли” – адирликлар оралиғидаги табиий-мавсумий сел тушиш йўлларига турар жойлар қуриб олишган. Авваллари баҳордаги селлар кучсиз бўлса-да, бундан буён мазкур ҳудуддаги аҳоли хавф остида қолиши мумкин.
Айрим ҳолатларда сел хавфи юқори бўлган даврда аҳолини вақтинча кўчиришга ҳам тўғри келади. Чунки сел оқимларининг айнан қачон ва қаерда юзага келишини аниқ прогноз қилиш деярли имконсиз.
Экспертлар сел талафотининг олдини олиш учун бир қатор тавсиялар беришган.
Масалан, селдан ҳимоя қилувчи иншоотлар қуриш, дарё ўзанларини тозалаш ва сувнинг эркин оқишини таъминлаш, аҳолини сел хавфи вақтида тўғри ҳаракат қилишга ўргатиш, эрта огоҳлантириш тизимларини ривожлантириш ҳамда аҳолининг экологик ва иқлим бўйича саводхонлигини ошириш зарур.
Афсуски, мутахассислар таъкидлашича, сел хавфини тўлиқ бартараф этишнинг имкони йўқ. Бироқ замонавий мониторинг, прогнозлаш ва иқлим хавфларини тўғри бошқариш орқали зарарни сезиларли даражада камайтириш ҳамда инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш мумкин.
Иқтиқболда бизни нима кутяпти?
Жаҳон банки тадқиқотларига кўра, Марказий Осиёда аср охирига бориб ҳарорат 4°C дан ортиққа кўтарилиши мумкин. Бу эса эклогик талафотларнинг янада кучайишига олиб келади. Энг хавфлиси – “иқлим тебраниши” эффектидир. Яъни кучли ёғингарчиликдан кейин минтақа тезда яна қурғоқчиликка қайтиши мумкин.
Шунинг учун замонавий сув муаммоси энди шунчаки “сув кам” деган тушунча билан чекланмайди. Энди вазият анча мураккаб – бирдаврда сув жуда кам бўлиши мумкин, бошқа бир пайтда эса ҳаддан ташқари кўпайиб, “эплаб бўлмай” қолади.
“Ўзгидромет” прогнозларига кўра, 2030-2050 йилларга бориб, Ўзбекистонда сел ҳодисалари сони ҳозирги ҳолатга нисбатан 19-24 фоизга ошиши мумкин.
Бунга асосий сабаб сифатида иқлим ўзгариши кўрсатилмоқда. Экстремал ёғингарчиликларнинг кучайиши, ҳароратнинг ошиши, музликлар эришининг тезлашуви, об-ҳаво жараёнларининг беқарорлашуви шулар жумласидандир.
Абулфайз Сайидасқаров
