Тошкент вилоятида маҳалла раиси ва кадастр муҳандиси ушланди
Улар давлат захирасидаги 10 сотих ер майдонини харидорга 20 минг АҚШ долларига сотишга келишган.

Давлат захирасидаги ерни ноқонуний сотмоқчи бўлганлар ушланди.
Тошкент вилояти Паркент туманидаги маҳалла фуқаролар йиғинларидан бирининг раиси ва 1970 й.т. шахс давлат захирасидаги 10 сотих ер майдонини харидорга 20 минг АҚШ долларига сотишга келишган. Улар Давлат кадастрлари палатасининг туман филиали муҳандисига 2-3 минг доллар бериш орқали ернинг тегишли ҳужжатларини расмийлаштириб беришни айтишади.
Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда маҳалла раиси, кадастр муҳандиси ҳамда 1970 й.т. фуқаро 17 минг АҚШ доллари ва 37 млн сўм олган вақтларида ушланди.
Ҳозирда уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
