Жиззахда турли харажатлар учун 17 млрд сўмдан ошиқ пул ажратилади
"Сўғдиёна" профессионал футбол клуби фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида вилоят футбол ассоциациясига 1 млрд сўм ўтказиб берилади.

Жиззахда турли харажатлар учун 17 млрд сўмдан ошиқ пул ажратилади.
2026 йил 20 май куни Халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгашининг маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан маблағларни йўналтириш тўғрисидаги қарори қабул қилинди.
Биринчи илова (1,9 млрд сўм)га кўра, 1-чорак якунлари бўйича "Кексалар маслаҳати гуруҳи" раҳбарларини моддий рағбатлантириш учун 304 млн сўм ажратилди.
"Сўғдиёна" профессионал футбол клуби фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида вилоят футбол ассоциациясига 1 млрд сўм ўтказиб берилади.
Иккинчи иловага кўра (15,6 млрд сўм), болаларнинг таътил кунларини тизимли ташкил этиш ва соғломлаштириш ишларини такомиллаштириш мақсадида тегишли жамғармага 3,61 млрд сўм берилади.
Вилоят ҳокимлиги "Расмий қабуллар уйи"га қарашли меҳмонхона биносини таъмирлаш харажатлари учун "Ягона буюртмачи хизмати"га 4 млрд сўм ажратилади. Стратегик турдаги фойдали қазилмалар ер қаъри участкаларини онлайн-аукционда сотишдан тушган маблағлар ҳисобидан Тадбиркорлик инфратузилмасини ривожлантириш жамғармасига 6,28 млрд сўм тақдим этилади.
Қарорда ажратилган маблағларнинг тўғри, мақсадли ва самарали ишлатилиши устидан қатъий назорат ўрнатиш белгиланган. Маблағларнинг мақсадли сарфланишини назорат қилиш Давлат молиявий назорати инспекцияси зиммасига юклатилди.
