platina.uz
Мақола

Ёзувчи-жосуслар ва жосус-ёзувчилар

Жосус ҳисобот ёзади, ёзувчи – роман. Фарқи – ким учун ёзилиши ва ким томонидан қачон ўқилишида.

Ёзувчи-жосуслар ва жосус-ёзувчилар
Фотоколлаж: Platina.uz

Разведка тарихи билан адабиёт тарихи ғалати тарзда чатишиб кетган. Иккала касб ҳам уйдирма ва ҳақиқат, ниқоб ва афсона, тинглаш, эслаб қолиш ва сукут сақлаш санъатига таянади. Ёзувчи ҳам, жосус ҳам реалликни доимо икки қатламда кўради: воқеани қандай тушуниш керак ва уни қандай изоҳлаш мумкин.

Шу боис ёзувчиларнинг жосусга айланиши, жосусларнинг эса қаламга мурожаат қилиши ҳайратланарли эмас – кимдир давлат учун, кимдир ўз виждони учун, кимдир эса тарих билан ҳисоб-китоб қилиш учун қоғоз қоралаган.

I. Жосусга айланган ёзувчилар

1. Сомерсет Моэм (1874-1965) (Буюк Британия)

Инглиз насрининг энг нозик услубчиларидан бири Сомерсет Моэм биринчи жаҳон уруши пайтида Британия разведкасида хизмат қилган. У Швейцария ва Россияда сиёсий таъсир ва дезинформация билан боғлиқ топшириқларни бажарган.

Кейинчалик у “Эшенден” ҳикоялар тўпламини ёзади – унда разведка қаҳрамонлик эмас, балки маънавий жиҳатдан шубҳали ишлар билан шуғулланишдан чарчаган одамлар касби сифатида кўрсатилади. Моэм жосусликни биринчи бўлиб романтика пардасидан халос қилди. “Разведкада қаҳрамонликдан кўра зерикиш, шуҳратдан кўра ифлослик кўпроқ”, деган Моэм.

2. Грэм Грин (1904-1991) (Буюк Британия)

“Сокин америкалик” ва “Гаванадаги одамимиз” асарлари муаллифи Грэм Грин иккинчи жаҳон уруши йилларида MI6’га хизмат қилган. Унинг бевосита раҳбари кейинчалик совет жосуси сифатида фош этилган сотқин – Ким Филби бўлган.

Грин махфий хизмат тизимини ичидан билгани учун унинг асарларида шубҳа, паранойя ва маънавий чарчоқлик устун. Унинг асарларида “тўғри томон” йўқ – фақат танлов ва унинг баҳоси бор холос.

3. Роалд Дал (1916-1990) (Буюк Британия)

Ҳа, худди ўша машҳур “Чарли ва шоколад фабрикаси” муаллифи Роалд Дал ҳам жосуслик қилган. Уруш йилларида Дал АҚШда Британия разведкаси агенти бўлган. Унинг вазифаси Америка элиталари, журналистлар ва сиёсатчилар орасида Буюк Британия манфаатларини илгари суриш эди.

У қурол билан эмас, жозиба ва ҳикоялар билан жосуслик қилган – маданий фронт учун мукаммал агент ҳисобланган.

4. Эрнест Хемингуэй (1899-1961) (АҚШ)

Эрнест Хемингуэй расман – журналист ва ёзувчи. “Алвидо қурол”, “Чол ва денгиз” каби асарларни ёзган. Амалда эса Кариб ҳавзасида ва Европада разведка билан “ўйинлар” ўтказган одам. У совет разведкаси билан (“Арго” тахаллуси остида) ҳам, америкалик махсус хизматлар билан ҳам алоқада бўлган.

Хемингуэй ҳаёт билан адабиёт ўртасидаги чегарани деярли йўқ қилган. Унинг ҳаёти романга, романлари эса фронтдан юборилган ҳисоботларга ўхшарди.

5. Артур Кёстлер (1905-1983) (Венгрия / Буюк Британия)

Миллати яҳудий бўлган Артур Кёстлер “Қоронғуликдаги туш” асари муаллифидир. 1930-йилларда совет разведкаси билан ҳамкорлик қилган, кейин эса ундан қаттиқ кўнгли қолган.

Унинг таржимаи ҳолини – коммунизм ғоясига ишонган, кейин унинг асл башараси – ишлаш механизмини кўриб, ёлғоннинг нархини англаган интеллектуал фожиаси дейиш мумкин.

6. Ян Флеминг (1911-1964) (Буюк Британия)

Афсонавий жосус – 007, Жеймс Бонд образи муаллифининг асл касби жосуслик бўлмаган. Аммо у иккинчи жаҳон уруши даврида ҳарбий-денгиз разведкасида хизмат қилиб, реал махсус операцияларни режалаштиришда қатнашган.

Флеминг разведканинг зерикарли бюрократиясини гўзал қизлар, казино, коктейл ва ўлимбахш жозибага эга афсона билан чулғаб кўрсатди. У жосус образини ХХ аср поп-маданияти қаҳрамонига айлантира олди.

7. Антуан де Сент-Экзюпери (1900-1944) (Франция)

Иккинчи жаҳон урушида разведкачи-учувчи бўлиб хизмат қилган. Унинг парвозлари сиёсий ўйиндан кўра ҳаёт ва ўлим ўртасидаги санъатга ўхшарди.

“Кичкина шаҳзода”– жосуслик ҳақида эмас, аммо дунёни баландликдан кўриб, кўринмас тарзда қолиш ва ёлғизлик, муҳаббат ва хиёнат нима эканини тушуниб етган одам томонидан аллегорик асар сифатида ёзилган. “Кичкина шаҳзода” – болалар учун ёзилган бўлса-да, катталарнинг муаммолари ниқоблар остида берилган асар.

8. Редярд Киплинг (1865-1936) (Буюк Британия)

“Чангалзор китоби”, машҳур Маугли образи муаллифи Редярд Киплинг фақатгина империя шоири эмасди. У Ҳиндистонда Британия маъмурияти билан яқин алоқада бўлиб, маҳаллий элиталар, диний етакчилар ва сиёсий кайфият ҳақида маълумот тўплашда иштирок этган.

Киплингнинг “Катта ўйин” ҳақидаги тасаввури – Марказий ва Жанубий Осиёдаги разведка рақобатининг адабий ифодаси эди.

9. Даниел Дефо (1660-1731) (Буюк Британия)

Даниел Дефо – машҳур “Робинзон Крузо” асарининг муаллифи. У Буюк Британияда романчилик жанрини оммалаштиришга ёрдам берди. Баъзилар уни инглиз романининг асосчиларидан бири деб ҳисоблайди. Дефо сермаҳсул ва кўп қиррали ёзувчи бўлиб, турли мавзуларда (сиёсат, иқтисодиёт, жиноят, дин, никоҳ, психология, ғайриоддий воқеалар ва ҳоказо) 500дан ортиқ китоб, памфлет ва журналлар ёзган. Шунингдек, у иқтисодий журналистиканинг асосчиларидан бири бўлган. Дефо публицистикада оқилона бўлишни тарғиб қилиб, динлараро бағрикенглик ва сўз эркинлигини ҳимоя қилган.

Дефо нафақат ёзувчи, балки ХVIII аср бошларида Aнглия ҳукумати (хусусан, Роберт Харли) учун фаолият юритган махфий агент ва контрразведкачи бўлган. Дефо Шотландияда сиёсий кайфиятни ўрганиш, маълумот тўплаш ва жосуслик тармоғини яратиш билан шуғулланган.

Дефо 1700-йилларнинг бошларида, айниқса, 1707 йилдаги Aнглия ва Шотландия иттифоқи арафасида ҳукуматнинг ишончли агенти сифатида ишлаган. У халқ орасидаги кайфиятни ўрганган, мухолифат вакиллари ҳақида маълумот тўплаган ва компромат (обрўсизлантирувчи материаллар) йиғиш билан шуғулланган. У фақат юқори доиралар билан чекланмай, ўрта синф ва оддий халқ орасидаги маълумотларни ҳам тўплаган, бу ўша давр учун янгича жосуслик услуби эди. Унинг мақсади Aнглия манфаатларини ҳимоя қилиш ва мамлакат ичидаги барқарорликни таъминлаш эди.

II. Ёзувчига айланган жосуслар

1. Ким Филби (1912-1988) (Буюк Британия / СССР)

Ким Филби – британиялик разведкачи, машҳур “Кембриж бешлиги” аъзоларидан бири. У “Ким” лақабини Редярд Киплингнинг “Ким” романидаги бола-жосус шарафига олган.

Иккинчи жаҳон урушидан сўнг Филби Истанбулда британия агентларига раҳбарлик қилган, Вашингтонда MI6 миссиясини бошқарган ҳамда МРБ ва ФТБ раҳбарлари билан шахсий алоқалар ўрнатган. Филби туфайли Сталин, кейинчалик эса Хрушчёв ўта махфий маълумотларни олиб турган.

1963 йилда Филби Москвага қочиб келиб, яширин агентларни бошқариш ва тайёрлаш учун масъул бўлган КГБ СССР биринчи бош бошқармасининг ташқи маслаҳатчисига айланган.

Кўрсатган хизматлари учун совет иттифоқи коммунистик партияси марказий қўмитаси сиёсий бюроси томонидан Ким Филби Ленин ордени ва Қизил юлдуз ордени билан тақдирланган.

У 1988 йилда, Михаил Горбачёв бошлаган қайта қуриш жараёнлари авжига чиққанида, ўзи ишонган коммунизм идеалари аслида бузуқ ғоялар эканини англаб етгани боис, узоқ давом этган депрессиядан сўнг вафот этган. Айрим маълумотларга кўра, у ўз жонига қасд қилган.

Ким Филби – ХХасрнинг энг машҳур икки томонлама агентларидан бири. СССРга қочгандан кейин “Менинг махфий урушим” номли хотираларини ёзган. Бу китоб – разведкачи ўз ҳаётини адабий қаҳрамонга айлантиришга уриниши дея баҳоланган.

2. Маркус Волф (1923-2006) (ГДР)

Маркус Волф ГДР разведкаси генерал-полковниги, 34 йил давомида Штазида иккинчи шахс бўлиб келган. Унинг раҳбарлиги “Совуқ уруш” даврини деярли қамраб олган.

Маълумот учун, Гитлер армияси мавҳ этилгач, Германия ерлари иккига бўлиниб, АҚШ бошқарадиган ГФР (Германия Федератив Республикаси) ва СССР бошқарадиган ГДР (Германия Демократик Республикаси) ташкил этилди. ГФР тез орада оёққа турди, гуллаб-яшнади, иқтисоди ва технологик жиҳатдан Европада пешқадам ва қудратли давлатга айланди.

Коммунистлар оёғи етган ерда эса албатта қашшоқлик, ҳуқуқсизлик ва сотқинлик ҳукмронлик қилди. Одамлар ҳукуматдан норози бўла бошлади. Уларни бостириб туриш учун эса чегаралар ёпилди (“Берлин девори” каби), инсон ҳуқуқлари, сўз ҳамда виждон эркинликлари чекланди. Шу боис ГДРда ҳам Штази махсус хизмати тузилиб, (КГБ) коммунистлардан норози одамларни аниқлаш, қийнаш, қамаш ва ўлдириш билан шуғулланди. Штази ГДР аҳолисининг деярли ярмини “қулоқ” қилишга эришиб, уларни ҳамкасблари, қариндошлари ва ҳатто танимаган одамлари ҳақида маълумот бериб, жосуслик қилишга мажбурлаган.

Узоқ вақт давомида Ғарбда Волфни “юзсиз одам” деб аташган, чунки 1950-йиллардан бошлаб Ғарб разведка хизматлари ГДР разведкаси раҳбарининг фотосуратини қўлга кирита олмаган. Шу сабабли Волф Европада нисбатан эркин ҳаракатланиш имкониятига эга бўлган.

1986 йилда у истеъфога чиққан. Берлин девори қулаганидан сўнг СССРга қочиб кетган. ССССРда “Август тўнтариши”дан кейин Австриядан сиёсий бошпана сўраган, аммо 1991 йил сентябрида Германияга қайтишга қарор қилган.

1993 йилда Волф олти йилга озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилинган. Бироқ 1995 йилда Германия федерал конституциявий суди ушбу ҳукмни бекор қилган. Шунга қарамай, 1997 йилда Дюсселдорф суди уни яна уч йилга шартли равишда жазолаган.

1989-2002 йиллар оралиғида Маркус Волф олтита китоб ёзган, жумладан, “Рус ошхонасининг сирлари” деб номланган кулинария китоби ҳам унинг қаламига мансуб.

Маркус Волф 2006 йилда Берлиндаги ўз уйида уйқусида вафот этган.

Волф Берлин девори қулаганидан кейин эсдаликлар ёзиб, ГДР разведкасини оқлашга уринган. Бу асарлар – тарих судига қарши ёзилган совуқ ҳимоя адабиёти дея баҳоланган.

3. Виктор Суворов (1947) (СССР)

Виктор Суворов – собиқ ҳарбий ва Британия разведкасига сотилган хоин шахс – Владимир Резуннинг адабий тахаллуси. ГРУнинг собиқ офицери, Буюк Британияга қочиб кетган. “Музёрар”, “Аквариум” асарларида хотира, публицистика ва провокацион тарихни аралаштирган. СССРда сиртдан ўлим жазосига ҳукм қилинган.

Суворов ўзининг тарихий-публицистик асарларида иккинчи жаҳон уруши сабаблари ва унинг дастлабки босқичи ҳолатларига доир СССРда умумқабул қилинган қарашларни кескин қайта кўриб чиққан ва қаттиқ танқид қилган.

Суворов танқидчилари уни маълумотларни сохталаштиришда ва сохта илмий ёндашувда айблайдилар. Россия мудофаа вазирлиги эса Суворов асарларида келтирилган хулосаларни қатъий рад этади. Аммо тажрибадан маълумки, Путин ва унинг режими вакиллари айтган сўзлар ва маълумотларнинг тескарисини тушуниш керак: улар ёлғон деса, демак рост, рост деса – демак ёлғон.

4. Жон ле Карре (1931-2020) (Дэвид Корнуэлл, Буюк Британия)

MI5 ва MI6да ишлаб, кейин ёзувчига айланган. Унинг романлари – Бондга қарши, гламурга қарши, мифга қарши адабиёт. Ле Карре фақат ва фақат детектив ҳамда жосуслар ҳақида асарлар ёзган. У ёшлигида ўғирлик боис қамалиб чиққан ва шундан сўнг детективликка қизиқиб қолган.

Ле Карре жосуслик мавзусидаги асарларида суперқаҳрамонлар йўқ. У махфий агент касбини романтик ва ранг-баранг бўёқларсиз тасвирлайди. У махсус хизматлар ишининг таранг, бироқ зерикарли кундалик дунёсини, разведкалар ўртасидаги қудратли қарама-қаршиликни кўрсатади, аммо отишмалар ва узоққа чўзилган таъқибларсиз намойиш қилади. Унинг қаҳрамонлари – гўё “анти-Жеймс Бонд”лардир. Ле Карре Ян Флеминг ижодига салбий муносабатда бўлган ва 007-агентни “сохта” деб атаган.

5. Питер Райт (1916-1995) (Буюк Британия)

MI5’нинг собиқ ходими Питер Райт ўзининг Spycatcher: The Candid Autobiography of a Senior Intelligence Officer китобида 50-70 йилларда Британиянинг MI5 махсус хизматида ишлаган даврларини ёритган

Китобнинг бош қисми муаллиф ва унинг ҳамкасблари MI5’да илмий ходим сифатида ишлаган вақтда ўйлаб топилган қизиқ ва нозик техник усуллар тавсифи билан тўлдирилган. Жентлменлар батафсил ва ранг-баранг тасвирларда совет элчихонасининг радиоқабул қилгичларини пеленгация қиладилар, улар эса инглиз разведкачилари радиостанцияларини пеленгация қилиб, совет резидентлари ҳаракатларини кузатадилар. Бу асар хотиранинг сиёсий қуролга айланган намунасидир.

6. Олег Калугин (1974) (СССР)

Олег Калугин – КГБгенерали, хорижий давлатларда бир неча йил разведкачи бўлиб хизмат қилган. АҚШга кетганидан кейин совет разведкасини фош этувчи китоблар ёзган. Унинг услуби қуруқ ва протокол форматида – айнан шу билан кучли реалликни акс эттиради.

Унинг “Лубянкадан назар”, “Алвидо, Лубянка”, Spymaster: My Thirty-two Years in Intelligence and Espionage Against the West каби китоблари СССР разведкасига оид кўплаб тафсилотлар ва тизимдаги аблаҳликларни фош қилган.

Нима учун разведка ва адабиёт яқин?

Чунки иккала касб ҳам тарих ва афсона билан ишлайди. Кузатувчанлик ва хотира талаб қилади. Ҳамма нарсани айтмасликни ўргатади. Ҳодисаларнинг асл сабаб ва оқибатларини, коса тагидаги нимкосани англаб олишга уринади. Ва доимо ҳақиқат билан зарур ёлғон орасидаги мувозанатни сақлашга уринади. Жосус ҳисобот ёзади, ёзувчи – роман. Фарқи – ким учун ёзилиши ва ким томонидан қачон ўқилишида.

Ёзувчи жосусга айланса, адабиёт бегуноҳлигини йўқотади. Жосус ёзувчига айланса, тарих ҳақиқатга бўлган якка ҳуқуқини йўқотади. ХХ асрнинг энг ростгўй китоблари айнан сукутнинг нархини жуда яхши билган одамлар томонидан ёзилган бўлса, ажаб эмас.

Абулфайз Сайидасқаров

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid