Барча фаолият турлари экологияга таъсирига кўра учта асосий тоифага ажратилади
Эндиликда атроф-муҳитга таъсир кўрсатадиган барча лойиҳалар учун давлат экологик экспертизасидан ўтиш мажбурий этиб белгиланди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 11 майдаги 234-сон қарори билан атроф-муҳитга таъсирни баҳолашнинг мутлақо янги механизмлари жорий этилди.
Эндиликда атроф-муҳитга таъсир кўрсатадиган барча лойиҳалар учун давлат экологик экспертизасидан ўтиш мажбурий этиб белгиланди. Энг муҳим янгиликлардан бири — давлат экологик экспертизасининг ижобий хулосаси бўлмаган лойиҳаларни банклар ва бошқа кредит ташкилотлари томонидан молиялаштириш қатъиян тақиқланди.
Барча фаолият турлари атроф-муҳитга таъсирига кўра учта асосий тоифага ажратилади:
I тоифа (Юқори даражада хавфли): Атом станциялари, йирик иссиқлик электр станциялари (300 МВтдан юқори), магистрал нефт ва газ қувурлари, кимёвий мажмуалар, цемент ва заҳарли моддалар ишлаб чиқарувчи корхоналар. Бундай объектлар учун экспертиза ўтказиш муддати 25 иш куни этиб белгиланган.
II тоифа (Ўртача даражада хавфли): Асфалт-бетон заводлари, мебел ишлаб чиқариш, суткалик қуввати 50 минг м³ дан 280 минг м³ гача бўлган оқова сув тозалаш иншоотлари ва бошқалар.
Маҳаллий аҳамиятдаги йўллар, кичик автотранспорт корхоналари ва бошқа кам хавфли объектлар. Бу тоифадаги объектлар учун экспертиза муддати 15 иш кунини ташкил этади.
Эколог-экспертларга қуйидаги талаблар қўйилади:
Эколог-эксперт фаолиятига ҳар қандай шаклда аралашиш тақиқланади.
Эколог-эксперт бўлиб фақат махсус аттестациядан ўтган ходимлар ишлаши мумкин.
Лойиҳани ишлаб чиқувчи ташкилот штатида тегишли малака сертификатига эга бўлган камида икки нафар ходим бўлиши шарт.
Янги тартибга кўра, мўлжалланаётган хўжалик фаолиятининг атроф-муҳитга таъсири бўйича мажбурий жамоатчилик эшитувлари ўтказилади. Шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролар ташаббуси билан жамоат экологик экспертизаси ташкил этилиши мумкин.
Мазкур қарор эълон қилингандан уч ой ўтиб кучга киради.
