Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасида йўловчилардан пул талаб қилган шахс қўлга олинди
У қўлидаги ашё билан одамларга таҳдид қилган.

Ижтимоий тармоқларда Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги Қоплонбек чегара ўтиш пунктида олинган видео тарқалди.
Унда номаълум шахс фуқароларни отверка билан қўрқитиб, улардан пул талаб қилгани акс этган.
Қозоғистоннинг Туркистон вилояти полиция бошқармаси матбуот хизмати ноқонуний ҳаракат бўйича жиноий иш қўзғатилганини маълум қилди.
Баёнотда айтилишича, Туркистон вилоятида доимий яшаш жойи бўлмаган, ишсиз 43 ёшли фуқаро жиноят содир этганликда гумон қилиниб ҳибсга олинган.
Гумонланувчи Туркистон вилояти Сариагаш туман полиция бошқармасининг вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилди.
Ҳозирда тергов чоралари олиб борилмоқда. Чегара ҳудудида, жумладан, давлат чегарасидан ўтаётган фуқароларнинг жамоат тартибини ва хавфсизлигини таъминлаш алоҳида назорат остида, дейилади хабарда.
